Ўзбекистон | 16:16 / 08.04.2022
33414
5 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар ҳокимлиги 15 кунлик фирма билан 1 млрд сўмлик шартнома тузди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги очилганига 15 кун бўлган компания билан 1 млрд сўмлик, худди шу тадбиркорга тегишли, бироқ аввалроқ ҳокимники бўлган бренд билан эса 756,7 млн сўмлик шартномалар тузди. Бундан ташқари, ҳокимлик салкам 1 млрд сўмлик Artel маиший техникаларини харид қилган.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев (чапда) ҳамда Profi Event ва Autograph Event компаниялари таъсисчиси Абдуборийхўжа Абдувосиқов. / Фото: Abduboriy Abduvosiqov / Facebook

Тошкент шаҳар ҳокимлиги 15 март куни “Profi Event” МЧЖ билан 1 млрд сўмлик тўғридан тўғри шартнома имзолаган. Бу ҳақда давлат харидлари порталига жойланган ахборотга Davletovuz Telegram-канали муаллифи эътибор қаратди.

Битим доирасида компания март ойида “Янги Ўзбекистон” боғида қурилиш, декорация, монтаж ва демонтаж ишларини олиб бориши белгиланган. Шартнома янгиланган давлат харидлари порталида йўқ.

Эътиборлиси, “Profi Event” мазкур шартнома имзоланишидан 15 кун олдин – 28 февралда очилган. Асосий фаолият йўналиши – дам олиш ва кўнгил очишни ташкил этиш.

Компания таъсисчиси – Абдувосиқов Абдуборийхўжа Абдуваҳоб ўғли (100%). У айни пайтда “Autograph Event” МЧЖга ҳам тўла эгалик қилади.

Autograph савдо белгиси эса бирмунча вақт олдин пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг J-United Group компаниясига тегишли бўлган. Ҳозирда бу белгининг расмий эгаси – “Maroon Trade” МЧЖ. Аввалроқ Ортиқхўжаевга тегишли бўлган яна бошқа савдо белгилари – Joseph Joseph, Pearl, Señor & Señorita и Seniorita Home ҳам шу компания эгалигига ўтган.

“Maroon Trade” МЧЖга қарашли брендлар – уларнинг барчаси муқаддам Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг J-United Group компаниясига тегишли бўлган. / Скриншот: Orginfo.uz / Инфо: Интеллектуал мулк агентлиги

“Maroon Trade” Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Қоратош кўчаси 11А-уйда жойлашган, худди шу манзилда Mediapark бренди остида “Mediapark Group” МЧЖ ҳам фаолият юритади. Мазкур бренд ҳам яқин-яқингача Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг J-United Group компаниясига тегишли эди.

1 млрд сўмлик Artel маиший техникалари хариди

Davletovuz'нинг қайд этишича, 2021 йил 1 октябр – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги байрам ўтказган. Уни “Autograph Event” МЧЖ ташкиллаштирган. Эҳтимолки, ўша вақтда ҳисоб-китоб қилинмаган, шу сабабли шаҳар ҳокимининг 2022 йил 24 февралдаги фармойиши билан пойтахт маҳаллий бюджети захира маблағларидан қарийб 861,7 млн сўм ажратиш белгиланган. Шу куни имзоланган шартномага мувофиқ, “Autograph Event” МЧЖга кўрсатилган хизмат учун 756,7 млн сўм ўтказиб берилган. Шартнома иловаси порталга жойлаштирилмаган.

Бундан ташқари, 2022 йил 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг фармойиши (ҳужжат e-qaror'га юкланмаган) билан ҳокимлик аппарати ва тузилмасидаги бошқармаларда меҳнат қилаётган аёлларни тақдирлаш учун захирадан 1,4 млрд сўм ажратилган. Бу маблағдан ҚҚС билан қўшиб ҳисоблаганда қарийб 962,7 млн сўмга 158 та Artel электр сок чиқаргич, Artel брендининг 4 та моделидан иборат 4343 та электр чойнак харид қилинган.

Шаҳар ҳокимлиги қарийб 1 млрд сўмлик Artel маиший техникаларини харид қилган. / Скриншот: Davletovuz

Қонун нима дейди?

“Profi Event” ва “Autograph Event” ягона етказиб берувчилар реестрига киритилмаган, бу эса президент ва Вазирлар Маҳкамасидан ташқари бошқа давлат органлари ва ташкилотлари бу компаниялардан тўғридан тўғри маҳсулот (хизмат) сотиб олиши мумкин эмаслигини билдиради (“Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 71-моддаси).

“Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунга биноан, давлат буюртмачилари тўғридан тўғри шартномалар тузилганлиги тўғрисидаги ахборотни шартнома тузилган пайтдан эътиборан уч иш куни ичида махсус ахборот порталига жойлаштириши шарт.

Агар тўғридан тўғри шартномалар тузилганлиги тўғрисидаги ахборот махсус ахборот порталига жойлаштирилмаган бўлса, ушбу шартномалар бўйича тўловлар амалга оширилмаслиги керак.

Аввалроқ Kun.uz Тошкент ҳокимига алоқадор бўлган “Eco House-Group” қиймати камида 403 млрд сўмлик йирик лойиҳаларни тендерсиз олгани ҳақида хабар берганди.

Мавзуга оид