Жамият | 15:53 / 11.04.2022
12953
2 дақиқада ўқилади

Ота-онам бокс билан шуғулланишимга қаршилик қилишган - андижонлик чемпион

15 ёшли Собирахон Шахобиддинова Иордания пойтахтида (Амман) ўтказилган бокс бўйича Осиё чемпионатида ғолибликни қўлга киритган. У 6 ёшидан бокс билан шуғулланиб келади.

Шу давр мобайнида икки карра Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган. Қаҳрамонимиз Андижон туманидаги 33-мактабда таҳсил олади. Унинг бокс билан шуғулланишига оиласи дастлаб қаршилик билдирган.

“Олдин уйдагилар боксга қаршилик билдиришган. Кейин бораман деганим учун рухсат беришган. Боксга тоғам қизиқтирган. Бокс билан 9 ёшимдан бери шуғулланаман. Олдин синфдошларим, устозларимиз ҳам айтган қиз болага бокс тўғри келмайди деган. Лекин шу спортни танлаганимдан афсусланмайман” – дейди боксчи.

Собирахон Шахобиддинова Осиё чемпионати финалида хитойлик рақибини 2-раундда техник нокаутга учратган. У ўз олдига Жаҳон ва Олимпиа чемпиони бўлишни мақсад қилиб қўйган.

Эслатиб ўтамиз, Бокс бўйича ўтказилган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати якунларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси рекорд даражадаги совринлар сони ва аҳамияти бўйича ҳам умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган. Ҳаммаси бўлиб 46 та медал қўлга киритилди, улардан 20 таси энг юқори даражада эди.

Мавзуга оид