Ўзбекистон | 16:05 / 12.04.2022
19390
2 дақиқада ўқилади

Аттестациялардан ўтолмаган ўқитувчилар қон босими ошиб вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди – Таълим инспекцияси муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда аттестациядан ўтолмаган 2 ўқитувчи қон босими ошиб, вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Kun.uz вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан боғланди.

Инспекция матбуот хизмати раҳбари Шавкат Хўжақуловнинг маълум қилишича, тарқалаётган хабарлар асоссиз.

“Бошқа вилоятлик бўлган ўқитувчи қизнинг суратини фарғоналик ўқитувчи аттестация топшириб ўтолмай, ўша жойнинг ўзида вафот этибди, деб тарқатишяпти. Вафот этган у ёш ўқитувчи аттестация топширувчилар рўйхатида ҳам бўлмаган, унинг қон босими тушиб кетган. Назоратчилар бақиргани учун ҳам ўқитувчи вафот этибди деган хабарлар тарқалди. Биз хабар тарқатаётган ўқитувчини топиб, унга асоссиз хабар тарқатмаслик ҳақида тушунтирдик”, дея муносабат билдирди Шавкат Хўжақулов.

Унинг қайд этишича, аттестация ўтказилаётган ҳар бир ҳудудда тиббий хизмат кўрсатиш пунктлари мавжуд. Лекин тестдан ўта олмаган айрим ўқитувчилар кўпроқ шундай нотўғри хабарларга ишонмоқда.

“Тест натижасидан норози бўлган педагоглар тестни якунлаган заҳоти махсус бланкни тўлдириб, айнан қайси саволларга эътирози борлигини ёзишлари мумкин. Бундан ташқари, веб-сайт орқали мурожаат юборишлари мумкин.

Шунингдек, душанбадан шанба кунига қадар соат 09.00дан 18.00га қадар +998 71 231-07-53 (ички рақам 1038 ёки 1011) рақамига мурожаат қилишлари мумкин. Эътироз билдирган ҳар бир педагогнинг саволлар варақасида тестлар ушбу фан бўйича мустақил экспертлар томонидан ўрганиб чиқиб хулоса берилади ва навбатма-навбат жавоб қайтарилади”, деб маълумот берди инспекция матбуот котиби.

Мавзуга оид