Жамият | 07:35 / 12.04.2022
26065
1 дақиқада ўқилади

Тошкент – Андижон поездига тош отилиши туфайли бир киши жароҳатланди

Тошкентдан Андижонга ҳаракатланиб кетаётган поездга тош отилишидан 9 ёшли бола жароҳатланди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» ахборот-таҳлилий медиа маркази хабар берди.

Фото: Ўзбекистон темир йўллари

Жорий йилнинг 10 апрель куни Тошкент – Андижон йўналишида ҳаракатланган 62-сонли йўловчи поездига номаълум шахс томонидан тош отилган. Ушбу воқеа соат 22:25 да «Олтиариқ – Марғилон» участкасининг 244-километрида содир бўлган.

Поезднинг 6-вагонидаги ойнасини ёриб ўтган тош 9 ёшли йўловчининг бош қисмига урилган. Зарба бола қошининг устки қисмига тегиши оқибатида қон кетишига сабаб бўлган. 

Қайд этилишича, соат 22:32 да «Марғилон» темирйўл вокзали фельдшери томонидан зудлик билан жабрланган йўловчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.

Ушбу ҳолат юзасидан тегишли идоралар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид