Жаҳон | 16:31 / 13.04.2022
14477
2 дақиқада ўқилади

Макрон россиялик ҳарбийларнинг Украинадаги ҳаракатларини геноцид деб аташни истамади

Reuters / Scanpix / LETA

Франция президенти Эммануэль Макрон россиялик ҳарбийлар томонидан Украинада содир этилган ҳаракатларни ифодалаш учун «геноцид» сўзини ишлатишни тўғри деб ҳисобламаслигини айтди. Бу ҳақда CNN хабар бермоқда.

Аввалроқ россиялик ҳарбийлар томонидан Украинада тинч аҳоли вакиллари ўлдирилишини АҚШ президенти Жо Байден геноцид сифатида баҳолаганди. France 2 телеканалига интервью чоғида Макрондан у Байденга қанчалик қўшилишини сўрашган. «Мен ҳозирда бундай атамаларни қўллашда эҳтиёт бўлган бўлардим, чунки бу икки халқ [руслар ва украинлар] — биродар халқлар», — дея жавоб қайтарган Макрон.

Шу билан бирга Франция президенти Украинада ҳарбий жиноятлар содир этилганини қайд этган. «Россия бир томонлама тартибда фавқулодда бешафқат уруш бошлади, маълум бўлгани шуки, Россия армияси ҳарбий жиноятлар содир этган ва биз айбдорларни топишимиз керак», — дея маълум қилган Макрон.

Аммо, Франция президенти қайд этишича, «риторикани кучайтириш» орқали урушни тўхтатиш ва тинчликни тиклаш даргумон.

  • Эммануэль Макрон Франция президентлигига иккинчи бор сайланиш учун номзодини қўйган. Биринчи турда у Россия президентига хайрихоҳ ҳисобланган номзод Марин Ле Пенни кичик фарқ билан ортда қолдирган. Францияда президентлик сайловларининг иккинчи тури 24 апрел куни бўлиб ўтади.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид