Жаҳон | 08:43 / 14.04.2022
11286
2 дақиқада ўқилади

Халқаро жиноий суд бош прокурори бутун Украинани «жиноят содир бўлган жой» деб атади

Халқаро жиноий суд терговчилари Россия қўшинлари томонидан Украинада содир этилган ҳарбий жиноятларга оид далилларни жойида текширишга киришди. Бош прокурорнинг фикрича, бутун мамлакат жиноят жойига айланган.

Карим Хон / Фото: AFP

13 апрель, чоршанба куни Украинадаги уруш пайтида содир этилган бўлиши мумкин бўлган ҳарбий жиноятларни тергов қилаётган Халқаро жиноий суд (ХЖС) терговчилари вазият билан воқеа жойида танишди. ХЖС бош прокурори Карим Хон Бучага ташрифи чоғида бутун Украинани «жиноят жойи» деб атади

«Биз шу ердамиз. Бизда ХЖС юрисдикцияси остидаги жиноятлар бу ерда содир этилмоқда, деб ҳисоблаш учун етарли асослар бор. Ҳақиқатга эришиш учун уруш туманини тарқатишимиз керак», - дея Хоннинг сўзларини келтирган суд матбуот хизмати Twitter’даги саҳифасида. 
 
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) олдинги ҳисоботида Россия қўшинлари Украинага кирганидан сўнг инсон ҳуқуқлари поймол қилинганига оид кўплаб жиддий далилларга ишора қилинган. Бошқа нарсалар қаторида, ЕХҲТ маълумотларига кўра, қийноқлар ва шафқатсиз муносабатда бўлиш, шунингдек, тинч аҳолини ўлдириш ва ўғирлаб кетишлар ҳақида «ишончли далиллар» мавжуд. 

Россия қўшинлари Бучани тарк этгандан сўнг, Киев вилоятининг ушбу шаҳрида, мэр Анатолий Федорукнинг сўзларига кўра, тўрт юз нафардан ортиқ тинч аҳолининг жасади топилган. 

АҚШ президенти Жо Байден, шунингдек, Канада бош вазири Жастин Трюдо гап россиялик ҳарбийлар томонидан содир этилган геноцид ҳақида кетаётганини маълум қилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид