Кеч келган муваффақият: 40 жойда ишлаб, кексайганда жаҳонга машҳур бўлган тадбиркор
Бугун дунёда KFC‘нинг мазали қилиб қовуриладиган товуқ оёқчалари кўпчиликнинг севимли егулигига айланиб улгурган. Мазкур компанияга АҚШлик Дэвид Сандерс 65 ёшида асос солган. Унгача эса у турли ишлар билан шуғулланиб кўрган ва 40 дан ошиқ жойдан ишдан ҳайдалган.

Фото: Kun.uz
Тадбиркорликда ошхона бизнеси аксарият ҳолларда фойда билан ишлайдиган соҳа ҳисобланади. Шу сабабли бу бизнесни йўлга қўйган аксарият одамлар муваффақиятли тарзда ишлашади. Уларнинг айримлари эса бир-икки хил овқат билан дунёга танилиб кетишади. Америкалик Дэвид Сандерс билан ҳам шу ҳолат содир бўлган. У мазали қилиб пиширилган товуқ оёқчалари билан дунёга машҳур бўлган.
Сандерс муваффақиятга анча кеч эришган. У қирқ ёшигача рўзғор ўтказиш ташвиши билан кўплаб соҳаларда меҳнат қилади. Омади чопмагач, ўзини ошхона бизнесига уради ва шу соҳада у катта муваффақиятга эришади. У товуқ оёқчаларини ўзига хос усулда пишириб сотишни йўлга қўйиб, шу бизнес ортидан миллионлаб доллар ишлаб олади. Бутун дунёга машҳур егуликлар тармоғини ташкил этганда Сандерс 65 ёшда бўлган.
«Бетайин» Дэвид Сандерс
Дэвид Сандерс 1890 йилда Индиана штатида ўртаҳол оилада туғилади. 5 ёшида отаси вафот этгач, оила қийин шароитга тушиб қолади. 1902 йилда 7-синфда ўқиётганида уни мактабдан ҳайдаб юборишади. Бироз ўтиб онаси турмушга чиқиб кетгач, Дэвид амакисиникига кўчиб ўтиб яшай бошлайди.
1906 йилда, 16 ёшли Сандерс АҚШ армиясига кўнгилли бўлиб ёзилади ва Кубага жўнаб кетади. Ҳарбий хизматни ўтаб келгач у кўплаб соҳаларда меҳнат қилади, аммо ҳеч бири икки бўлмайди. Фермер, шахтёр, темирйўл ишчиси, суғурта агенти, ўт ёқувчи, пароход хизматчиси ва яна бошқа кўп жойларда ишлайди ва аксарият иш жойидан турли сабаблар билан ҳайдалади.
Бирида ҳамкасблари билан келиша олмай муштлашса, яна бирида ўзига ёқмаган ишни қилишга мажбур бўлгани учун белгиланган режани бажармайди. Яна бирида уқувсизлик қилса, бошқасида касбий маҳорат етишмайди. Шу тариқа 40 ёшигача 40 дан ошиқ жойда ишлашга улгуради.
Қовурилган мазали жўжалар бизнеси
1930 йилда Сандерс 40 ёшга кирганида «Shell» фирмасига қарашли кичик автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасини сотиб олади. АЁҚШ четроқда бўлиб, мижозлар унча кўп эмасди. Шу сабабли Сандерс автомобилларга ёнилғи қуйишдан ташқари овқат сотишни ҳам йўлга қўяди. АЁҚШда ошхона сифатида фойдаланса бўладиган хонада бор-йўғи битта стол қўйишга жой бор эди. Сандерс у ерда ҳайдовчилар ва йўловчиларга стейк пишириб сота бошлайди.
1934 йилда у иккинчи АЁҚШни сотиб олади. Бу ерда олтита стол қўйилган илк ошхонани очади ва қовурилган жўжаларни сота бошлайди. Унинг бу овқати тезда оммалашади ва жой торлик қила бошлайди.
1937 йилда у 142 ўринга эга ресторани бор мотелни сотиб олади ва у ерда ҳам қовурилган жўжа савдосини бошлаб юборади. У мотел ва ресторан номини «Харленд Сандерснинг музейи ва тамаддихонаси» деб ўзгартиради.
Кейинги 9 йил давомида Сандерс товуқ жўжаларини қовуришнинг ўзига хос усулини ўйлаб топади. Шу тариқа Сандерснинг тамаддихонасида тайёрланган овқат билан бирга унинг ўзи ҳам штатда машҳур бўла бошлайди. 1935 ва 1950 йилларда Кентукки штати губернаторлари уни икки марта «Кентукки полковниги» фахрий унвони билан тақдирлашади.
1950 йилда Сандерс бизнесини ривожлантириш учун ўз имижидан фойдаланишга қарор қилади. У мўйлов ва соқол қўйиб, аристократларга хос бўлган оқ костюм-шим кийиб, капалакнусха галстук таққан ҳолда юра бошлайди. Сандерс кейинги 20 йил давомида омма олдида фақат шу кўринишда чиқади. Кейинчалик Сандерснинг ана шу имижи билан тасвирланган сурати у ташкил этган ошхоналар тармоғининг савдо белгисига айланади.
KFC – Kentucky Fried Chicken (Кентуккидан қовурилган жўжа)
Сандерс 65 ёшга кирганида унинг ресторани жойлашган кўчанинг аҳамияти пасаяди ва унга инқироз соя сола бошлайди. Шундан сўнг у компания номини Kentucky Fried Chicken (қисқартмаси KFC) – Кентуккидан қовурилган жўжалар деб ўзгартиради. Сўнг ҳамкорликнинг франчайзинг туридан фойдаланиб бошқалар билан шерикликда ишлай бошлайди.
Сандерс маълум фоиздаги шериклик эвазига ўз савдо белгисидан бошқаларнинг фойдаланишига имконият беради. Франчайзингнинг асосий шарти шу эдики, ҳамкорлар унинг савдо белгисидан фойдаланишгач, фақат унинг таомларини пишириб сотишади. Бошқа овқатларни сотиш мумкин бўлмайди. 1964 йилгача шу йўл билан кўплаб овқатланиш шохобчалари очилади.
1964 йилда Сандерс 74 ёшга кирганида Канададаги шохобчалар устидан ўз назоратини сақлаб қолиш шарти билан KFC‘ни 2 миллион доллар эвазига бошқа тадбиркорларга сотиб юборади.
Келишувга кўра, компаниянинг янги эгалари Сандерсга компания директорлар кенгашидан ўрин ажратишади ва имижидан фойдаланишгани учун унга умрининг охиригача маош тўлаш мажбуриятини олишади.
Сандерснинг қариндошлари унинг компанияни сотишига қарши чиқишади. Аммо у кексайиб қолгани учун барчасини эплай олмаслигини айтади.
Сандерс компанияни сотиб юборганидан сўнг Канададаги тамаддихоналарни бошқара бошлайди ва бу мамлакатда франчайзинг шарти билан янги тамаддихоналар очишда давом этади. Аммо кейинчалик улар ҳам KFC тасарруфига ўтади.
1970-йилларда KFC‘га эгалик қилган Майкл Майлз Сандерсни компанияга қайтаради. У компания раҳбарининг маслаҳатчиси этиб тайинланади ва вафотигача (1980 йил) реклама ишлари билан актив шуғулланади.
KFC тармоғининг дунё бўйлаб оммалашиши
1952 йилгача KFC тамаддихоналари фақат Кентукки штатида бор эди. Ўша йили Юта штатида илк тамаддихона, кейинчалик Канадада ҳам KFC таомларини пишириб сотадиган бир қанча тамаддихоналар очилади.
1967 йилда KFC АҚШдаги энг йирик олтита ошхоналар тармоғидан бири бўлади.
Кейинчалик, Буюк Британияда, Мексикада, Ямайкада KFC тамаддихоналари очилади. 1965 йилдан 1985 йилгача KFC‘нинг эгалари ўн марта ўзгаради. Аммо савдо белгиси ўзгармайди. Менюга эса аввалдан тайёрланиб келган овқатлар билан бирга бир қанча янгилари қўшилади.
KFC‘га эгалик қилганлар компанияни янада ривожлантиришга уринишади. Янги бозорларга кириб боришади. Шу тариқа KFC таомлари дунёнинг кўплаб мамлакатларида сотила бошланади ва одамларнинг севимли егулигига айланади. Жумладан, компания 1960-70-йилларда Европа бозорига келиб муваффақиятли ўрнашади. Кейин эса бошқа қитъаларга ҳам кириб боради.
KFC таомларининг дунё бўйлаб оммалашишига Сандерс томонидан ўйлаб топилган 11 та доривор ўсимликнинг аралашмасидан тайёрланадиган махсус зиравор ҳам муҳим рол ўйнайди. Мазкур зиравор таркиби ва тайёрланиши ҳанузгача сир сақланади.
1993 йилга келиб KFC‘нинг дунё бўйлаб қарийб 10 мингта шохобчаси бор бўлиб, уларнинг қарийб ярми АҚШда жойлашган эди. Ўша пайтда уларда 100 минг нафар ходим ишларди.
KFC дунё бўйлаб ўз шохобчаларини 1965-70 йилларда очишни бошлаган. Европанинг кўплаб мамлакатларида, Австралия ва Янги Зеландияда, Индонезияда, Шимолий Африка мамлакатларида, Кариб ҳавзаси ва Лотин Америкасида KFC тамаддихона ва ресторанлари айнан ўша даврда очилган. Компания кейинчалик фаолиятини кенгайтира борди ва бошқа мамлакатларда ҳам ўз шохобчаларини оча бошлади.
Жумладан, 1987 йилда KFC дунёдаги энг кўп аҳоли яшайдиган Хитойда ҳам ўзининг илк тамаддихонасини очади. Бугун бу мамлакатда унинг қарийб 5 мингдан ошиқ тамаддихона ва ресторанлари бор.
Аҳоли сони бўйича дунёда иккинчи ўринда турадиган Ҳиндистонда илк шохобча 1995 йилда очилган. Бугун у ерда 300 дан ошиқ KFC тамаддихоналари ишлаб турибди.
KFC собиқ иттифоқ мамлакатларида
KFC собиқ иттифоқ мамлакатлари орасида илк бор 1993 йилда Россияга кириб келган. 1998 йилда иқтисодий инқирозлар ортидан содир бўлган мислсиз инфляцияда компания Россиядаги шохобчаларини маълум вақтга ёпишга мажбур бўлади. Улар 2000 йилда қайта иш бошлайди.
2022 йилнинг бошида Россияда 1000 дан ортиқ шохобча ишлаб турганди. Феврал ойининг охирида Россия Украинага бостириб киргач, компания Россия бозорини тарк этишини маълум қилди ва март ойининг бошларида барча шохобчаларни ёпа бошлади.
Собиқ иттифоқ республикалари орасида KFC‘нинг энг кўп шохобчалари Россиядан сўнг Беларусда жойлашган. Бу ерда унинг 72 та тамаддихона ва ресторани бор.
Компаниянинг Қозоғистонда 68 та, Украинада 37 та, Озарбойжон ва Арманистонда 11 тадан, Грузияда 7 та, Литвада 3 та, Молдавияда 2 та, Қирғизистонда 8 та, Тожикистонда 1 та шохобчаси бор.
Ўзбекистонда илк KFC тамаддихонаси 2018 йилнинг сентябр ойида очилган. Бугунги кунда жами 13 та тамаддихона фаолият кўрсатмоқда. Тошкентда 11 та, Самарқанд ва Андижонда эса биттадан тамаддихона бор.
KFC бугун
Бугун KFC‘нинг дунёдаги қарийб 150 мамлакатда 20 мингта емакхоналари бор. KFC ҳозирги пайтда оммабоплиги жиҳатдан фақат McDonald's дан ортда қолади. Айни дамда компаниянинг бутун дунёдаги барча шохобчаларида қарийб 900 минг нафар одам меҳнат қилмоқда.
Сўнгги йилларда компаниянинг йиллик айланма маблағи қарийб 40 миллиард, соф фойдаси эса 20 миллиард доллардан ошди. Ҳозирги пайтда компания Yum! Brands корпорацияси таркибига киради. Мазкур корпорация KFC‘дан ташқари тез тайёр бўлувчи егуликлар пишириб сотадиган дунёга машҳур Pizza Hut ва Taco Bell брендларига ҳам эгалик қилади.
KFC ҳақида қизиқарли маълумотлар
Компания Kentucky Fried Chicken номини 1991 йилга келиб қисқартиради ва у KFC кўринишини олади.
KFC егуликларида ишлатиладиган сирли зиравор рецепти махсус сейфда сақланади ва сейфни икки киши очишига рухсат берилган.
KFC егуликлари 1957 йил, компания қоғоз қутичалардан фойдалана бошлагунига қадар зангламайдиган метал – қалайдан тайёрланган махсус идишларга солиб берилган.
Агар егуликлар тайёр бўлгунча узоқ вақт кутиб қолинса, компания бундай мижозларга чегирма, музқаймоқ ёки қовурилган картошканинг кичик порциясини бепул беради. Бунда турли мамлакатларда очилган тамаддихоналарда турлича иш тутишади.
KFC‘нинг энг ғаройиб тамаддихоналари Хитойда жойлашган. Бу ердаги айрим шохобчаларга кириш жойида юздан таниб олиш ускуналари ўрнатилган. Улар мижозларнинг жинси, ёши ва кайфиятига қараб егулик таклиф этади. Мижозлар сунъий онг таклиф этган таомларни буюртма беришни хоҳлашмаса, бошқа егуликлар олишлари ҳам мумкин бўлади.
KFC‘нинг энг кўп тамаддихоналари АҚШда эмас, Хитойда жойлашган. Маълумот учун, «Чин юрти»да 2 500 та McDonald's тамаддихона ва ресторанлари бор. KFC‘ники эса 5 000 тадан ошиқ.
2006 йилда АҚШнинг Невада штатида жойлашган чўлда, 81 290 квадрат метр майдонда KFC‘нинг улкан логотипи ясалади. Бу логотип фазодан ҳам кўриниб туради.
Сандерсдан иқтибослар
Сандерс ҳаёти давомида жуда кўп ақлли гапларни гапирган. Кейинчалик улар машҳур иқтибосларга айланган.
Бутун ҳаётим давомида иккита қоидага оғишмай амал қилдим:
1. Қўлингдан келадиган ишни қил.
2. Қўлингдан келадиган ишни сифатли бажар.
- Сизда машҳурликка интилиш, хоҳиш, ишга тайёр бўлиш ва виждон бўлиши керак. Булар муваффақиятга эришишнинг энг ишончли сири.
- Узоқ йиллар давомида қилинган оғир ва машаққатли меҳнат ёки моддий қийинчиликлар мен нималарга қодир эканимни кўрсатишимга тўсиқ бўлолмади.
- Сиз қилаётган ишингизни яхши кўришингиз керак. Сиз ўзингизга ёққан ишни қилишингиз керак. Сиз ўз ишингизни роҳатланиб бажаришингиз керак. Ана шунда барчаси тўғри бўлади.
- Осон йўл енгил ва унга тез бориш мумкин. Қийин йўл эса машаққатли ва унга узоқ вақт сарфланади. Осон йўл тобора қийинлашиб, қийин йўл эса осонлашиб бораверади.
- Тан оламан, мен учун рецептларим бебаҳо.
- Қийин йўл ишончнинг ҳеч ким буза олмайдиган мустаҳкам пойдеворини яратади.
- Менда одамларга, айнишни, оғир аҳволга тушиб қолганларга ёрдам беришга мажбур қиладиган нимадир бор.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид

11:48 / 06.01.2023
Келаётган шанба куни! Янги KFC Беруний ресторанимизнинг тантанали очилиши!

11:00 / 23.12.2022
KFC Sergeli Drive’га хуш келибсиз!

11:13 / 26.08.2021
Ноқонуний тарзда КFC маҳсулотларини етказиб бериш ҳолатлари аниқланди

22:21 / 15.06.2019