Қишлоқдаги “Лувр”: Избосканнинг оддий мактабидаги бебаҳо экспонатларга эга музей
Андижон вилоятидаги оддий қишлоқ мактабларидан бирида бетакрор тарих музейи бор. Музей билан танишар эканмиз, унинг экспонатларга бойлиги, бу экспонатларнинг ёши ва географиясидан ҳайратга тушдик.
Мозий синоатларини билиш ҳар бир инсон учун қизиқ. Олдинги давр одамларининг яшаш тарзи, уларнинг уй жиҳозлари, анжомлари, меҳнат қуроллари қандай бўлгани ҳақида эса музейлардаги экспонатлар сўзлайди.
Избоскан тумани Лўғумбек қишлоғидаги 57-ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида бундан 60 йил олдин музей ташкил қилинган. Музей билан танишарканмиз, ундаги осори атиқаларнинг кўплиги ва уларнинг қиймати бизни ҳайратга солди.
1963 йили мактабнинг тарих ўқитувчилари ташаббуси билан илк қадимий жиҳозлар йиғиш бошланади. Бунда ўқитувчилар, ўқувчилар ва Лўғумбек аҳолиси фаол иштирок этади. Аҳоли ўз уйларидаги қадимий ашёларни мактабга келтириб бера бошлайди. Аввалига битта шкафни эгаллаган музей, айни пайтда алоҳида бўлимларга эга даргоҳга айланган.
Бизни ҳайрон қолдиргани нумизматика – тангалар бўлими бўлди. Тангалар инсоният ривожланишининг тадрижий жадвали бўйича йиғилган. Биринчи танга пул милоддан аввалги 7-асрда қадимги Юнонистонда олимпия ўйинлари шарафига зарб этилган бўлиб, ундан сўнг Кушон даврига оид, сўнг эса араб халифалиги тангаси ва шу давргача бўлган тангалар мавжуд.
Бўлимда 17-18-асрларга тааллуқли қоғоз пуллар ва турли давлатларнинг пулларини кўриш мумкин. Энг қизиғи, мазкур коллекциядаги ҳар бир танга бугунги кунда анчагина қийматга эга. Бу ҳақда қуйида яна сўз юритамиз.
Музей асосчиси, фахрий устоз Абдумалик Абдураҳмонов билан суҳбатимиз узоқ давом этди.
“Музейимизда айни пайтда 5 мингдан ортиқ тарихий буюмлар бор. Улар инсоният ривожланиш даврларини ўз ичига олган. 1963 йили тарих ўқитувчиси, устозимиз Сотқинбой Тожибоев ташаббус қилиб: “Келинглар, қишлоқ, маҳаллаларимиздан эски ота-боболаримиз фойдаланган буюмларни топиб, йиғиб, музей қиламиз” деганди. Аввалига кийим-кечак, меҳнат қуроллари тўпланди. Сўнг қизиқиш кучайиб музейни бойитишга тушиб кетдик.
Экспонатларни тўплаш учун уйма-уй юриб шуғулланганмиз. Атрофдаги аҳоли катта ёрдам берган.
Лўғумбек қишлоғи қадим Элатон давлати ҳудудида жойлашган, шунинг учун бу ерда қазиш ишларини олиб бориш натижасида милоддан аввалги 5-асрларга тааллуқли сопол идишлар, ҳатто Будда тасвири туширилган кўзалар ҳам топилган.
Шу тариқа, музейимизда қишлоғимиз, ўлкамизнинг тарихини кўрсатиб берадиган экспонатлар йиғилди. Бу, айниқса, мактаб ўқувчилари учун катта бойлик. Ўқитувчиларимиз музейда дарс ўтишади. Ҳар бир даврни, тарихий воқеликни тайёр экспонат-кўргазмали қурол билан тушунтириш қандай яхши. Музейимиз билан танишгани дунёнинг кўп мамлакатларидан ҳам келишган”, – дейди Абдураҳмон Абдумаликов.
Беш мингдан зиёд баҳоси йўқ экспонатларнинг қай бири ҳақида гапиришни ҳам билмаймиз. Музейдаги экспонатлар ичида Лўғумбек қишлоғидан топилган қадимги буддавийлик даврига оид сопол идишлар, 7-9-асрларга оид идишлар, 12-13-асрларга оида мис қумғонлар, ўрта асрларда фойдаланилган меҳнат қуроллари, 16-18 асрларга тааллуқли чарх, чиғириқ, чилим, омоч, хирмон тоши, мойчироқ, тўппончалар, қиличлар, шамчироқлар... Эҳ-ҳе... ақлни шоширадиган экспонатларнинг қай бирига таъриф беришни ҳам билмайди киши.
15-16 асрларда ҳукм чиқарган Лўғумбек қозиларининг араб имлосида ёзилган муҳри, ўлкамизни Чор Россияси босиб олган даврлардаги уезд бошлиғи муҳри музейнинг энг зўр экспонатларидан.
Ўтган аср 1939 йили 45 кунда бунёд этилган Катта Фарғона каналини қазишда иштирок этган Тўхтамат полвонга тегишли бўлган баҳайбат кетмон ҳам бор. Музей асосчисининг айтишича, бўйи 2 метр бўлган Тўхтамат полвон тушлик пайтида паловни мана шу катта товоқдек келадиган кетмонга солдириб тановул қилган.
14 асрларга тааллуқли тегирмончи бурғуси, Николай давридаги пуллар жуда яхши сақланган. Ўтган асрга тегишли киноаппаратда тарихга айланган лаҳзаларни томоша қилдик.
Абдумалик домладан экспонатларга харидорлар чиққан-чиқмагани ҳақида сўраймиз.
“Экспонатларни сўраб роса кўп келишган. Биласизми, бу ердаги нарсаларнинг нархи йўқ. Улар тарихдан сўйлайди. Бебаҳо. Мен ҳеч кимга ҳеч нарса бермаганман. Ахир бу экспонатлар шу макон – Лўғумбек қишлоғининг мулки”, дейди музей асосчиси.
Катта қийматликларга эга музей хонаси ҳеч қандай ҳимояланмаган. Эшиклар ёғочдан, деразалар панжарасиз. “Шу пайтгача Худо сақлади. Энди барибир чорасини кўриш вақти келди”, дейди Абдумалик Абдураҳмонов.
Биз видеомақолани тайрлашга киришгач, Избоскан тумани ҳокими Серобиддин Исмоилов билан боғланиб, музейни ҳимоялаш ҳақида кўмак беришини сўрадик – чунки, мақола кенг оммага намойиш қилингач, экспонатларга “харидор” кўпайиб кетиши мумкин деган тахминимиз бор эди. Туман ҳокими деразаларга панжаралар ўрнатиш ишлари бошланганини айтди.
Биз эса ўқувчиларимизни яшаб турган заминимиз тарихи билан танишиш учун Избоскандаги мактаб музейига боришга чорлаб қоламиз.
Элмурод Эрматов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси –
Азизбек Исмоилов
Мавзуга оид
23:05 / 22.11.2024
Франциядаги музейдан 7 млн евролик заргарлик буюмлари ўғирлаб кетилди
17:56 / 13.11.2024
Лойдан қурилаётган “дом” – Избосканда кўп қаватли уй қурилишида цемент ўрнига адир тупроғи ишлатилмоқда
16:05 / 17.10.2024
Мисрда дунёдаги энг қиммат музей очилди. Уни қуришга қарийб 20 йил вақт кетди
20:41 / 08.10.2024