Ўзбекистон | 12:14 / 18.04.2022
22391
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида қулупнай сотувчилар ва ички ишлар ходимлари ўртасида жанжал юз берди

Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида қулупнай савдоси билан шуғулланаётган фуқаролар ва ички ишлар органлари ходимлари ўртасида можаро юз берди.

Фото: t.me/Sh_Giyasov_IIV_matbuot_kotibi

Ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг хабар беришича, йўлнинг қатнов қисмида қулупнай савдоси билан шуғулланаётган фуқаролар ҳаракат хавфсизлигига халақит бериб, жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жалб этилган ички ишлар органлари ходимларига қаршилик кўрсатган.

“Албатта, юзага келган хавф зудлик билан бартараф этилиб, жамоат хавфсизлиги таъминланган. Жамоат тартибини бузган барча иштирокчиларнинг шахси аниқланиб, улар билан суриштирув ишлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, воқеа жойида ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик, уларга қаршилик кўрсатиш каби чақириқлар қилган фуқаролар ҳам аниқланган.

Ҳолат юзасидан расмий муносабат тайёрланаётгани айтилади.

“Бундай ҳодисаларни бўрттириш ва ички ишлар органлари ходимларини ёмонотлиқ қилиб кўрсатишга шайланган “жамоатчилик вакиллари” фаоллашганини инобатга олиб, ҳақиқий жамоатчилик назорати субъектларидан йўл ёқаларидаги тартибсиз савдо-сотиқ билан боғлиқ муаммолар, улар ортидан келиб чиқаётган йўл-транспорт ҳодисалари ва ҳоказо масалаларга кўпроқ эътибор қаратишларини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз”, дейилади ички ишлар вазири матбуот котиби маълумотида.

Мавзуга оид