Ўзбекистон | 17:42 / 19.04.2022
41121
3 дақиқада ўқилади

Президент пора билан ушланаётган ҳоким ёрдамчилари ҳақида гапирди

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев 19 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳаллабай ишлаш тизимида камчиликка йўл қўйган ҳоким ёрдамчилари ҳақида гапирди

«Шу билан бирга, жойлардаги айрим ҳоким ёрдамчилари «кредит, субсидия, ер олиб бераман», деб таъмагирлик қилаётгани ҳам жуда ачинарли ҳолатдир», деди президент.

Мисол учун, Тўрақўрғон тумани «Шарқ» маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси имтиёзли кредитга тавсия бериш учун, пора олаётганда ушланиб, 5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Бу каби ҳолатлар Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Бўка, Бахмал туманлари, Марғилон, Ширин шаҳарларида ҳам мавжуд.

«Барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, уларнинг биринчи ўринбосарлари, республика вакиллари, Убайдуллаев ва унинг қуйи тизими раҳбарларини қатъий огоҳлантираман. Одамларни рози қилиш ва инсон қадрини тушунмаган раҳбарларга орамизда ўрин бўлмайди», деди давлат раҳбари.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари олдига «қониқарсиз» деб баҳоланган 3 минг 636 нафар маҳаллага шахсан бориш ва муаммоларни ҳал қилиш вазифаси қўйилди.

Иқтисодий тараққиёт вазирлигига вилоят ҳокимлари билан биргаликда ушбу маҳаллалар кесимида муаммоларни ҳал қилиш бўйича «йўл хариталари»ни ишлаб чиқиш топширилди. Бунда, йил якунига қадар: 

  • 434 та маҳаллада суғориш тизими ва сув таъминотини яхшилаш;
  • 715 та маҳаллада сув, йўл, электр, табиий газдан муаммосини ҳал қилиш;
  • иқтисодий аҳволи оғир 545 та маҳалладан ҳар 5 тасига банк вакилини бириктириб, «лидер» тадбиркорларни топиш шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Молия вазирлиги ушбу маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш ва тадбиркорлик кредитлари учун 800 миллиард сўм ажратади.

«Қанчалик қийин бўлмасин, ушбу маҳаллаларда ишларнинг юриши учун шунча қўшимча маблағларни ажратаяпмиз.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, бириктирилган вакиллар ва ҳоким ёрдамчилари ушбу маблағларнинг ҳар бир сўмидан самарали фойдаланиб, аниқ натижа кўрсатиши керак», деди президент.

Мавзуга оид