Украинадаги урушнинг 55-куни ўтди. Пентагон маълумотларига кўра, Россия ўз кучларини Донбассда жамлашда давом этмоқда. БМТ ҳисобларига кўра, уруш бошидан буён Украинанинг тинч аҳолиси орасидаги қурбонлар сони икки мингдан ошган. «Украинская правда» газетаси Киев области полицияси раҳбарига асосланиб ёзишича, област ҳудудини россияликлар тарк этгач топилган жасадлар сони мингдан ошган. Мариуполда «Азовстал» штурми давом этмоқда.
Украинадаги уруш. Сўнгги маълумотлар
Украина бош штабининг эрталабки маълумотларига кўра, фронтда жиддий ўзгаришлар йўқ. Россияликлар Донбассда украиналикларнинг позицияларини доимий равишда ўққа тутмоқда, бомбаламоқда, ҳужум қилмоқда ва ёриб ўтиш учун заиф нуқтани қидирмоқда, регион шимолида юриш давом эттирилмоқда, аммо катта муваффақиятларсиз.
Мариуполда сўнгги кучлари билан қаршилик кўрсатишда давом этаётган Украина денгиз пиёдалари бригадаси командири Сергей Волин АҚШ, Британия, Туркия ва Украина етакчиларини Россия билан келишувга эришиб, унинг жангчилари ва «Азовстал»даги тинч аҳолини қутқаришга чақирди.
Пентагон Украина жанговар самолётларга эга бўлганини маълум қилди - улар АҚШдан эмас, НАТОнинг бошқа мамлакатидан етказиб берилган. Гап айнан қандай самолётлар ҳақида кетаётганига аниқлик киритилмаган.
ОАВ маълумотига кўра, АҚШ президенти Жо Байден яқин кунларда 800 млн долларлик яна бир ҳарбий ёрдам пакетини тасдиқлайди, бу пакет артиллерия ва снарядлар етказиб беришни ўз ичига олади.