Жаҳон | 14:22 / 20.04.2022
6945
1 дақиқада ўқилади

Норвегия Украинага "Мистрал" зенит-ракета мажмуаларини тақдим этади 

Норвегия мудофаа вазирининг сўзларига кўра, мажмуалар Украинага катта фойда келтиради. 

Фото: Sean Gallup/Getty Images

Норвегия ҳукумати Украина қуролли кучларига беғараз асосда "Мистрал" зенит-ракета мажмуаларини беради. Бу ҳақда қироллик мудофаа вазири Бёрн Арилд Грам маълум қилди.

"Мистрал" зенит-ракета мажмуалари – флотда фойдаланиладиган ва Украинага катта фойда келтирадиган самарали қурол", - деди у.

Stavanger Aftenblad нашрининг ёзишича, "Мистрал"дан Норвегия корветларида фойдаланилган. Аммо мамлакат ҳукумати бу тизимларни алмаштиришни режалаштирмоқда.

Мудофаа вазирининг сўзларига кўра, мажмуаларнинг бериб юборилиши мамлакат мудофаа имкониятлари учун жиддий оқибатларга сабаб бўлмайди.

"Бу мажмуалар Норвегия қуролли кучлари тасарруфидан чиқарилади, аммо улар ҳали ҳам замонавий ва самарали қурол ҳисобланади", деб ҳисоблайди Бёрн Арилд Грам.

Аввалроқ Норвегия ҳукумати Киевга 4 мингга яқин танкка қарши ракеталар ва бошқа турдаги ҳарбий анжомларни жўнатишга қарор қилганди. 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид