Жамият | 13:53 / 20.04.2022
63945
7 дақиқада ўқилади

Ёз яна ҳам исимаслигига ҳали умид бор. Сараланмаган чиқиндининг иқлимга таъсири

Дунё бўйича 2021 йил июлидаги ҳарорат 150 йиллик иссиқ рекордини янгилади. 2022 йил ҳам рекорд яна янгиланадими ёки йўқ, бу сўроқ остида. Хўш, бунга қарши оддий одамларнинг (сиёсатчилар ўз йўлига) қўлидан нима келади? Жавоб оддий: органик чиқиндиларни бошқалари билан аралаштириб юбормаслик.

Метан – карбонат ангидриддан ҳам кучлироқ ис гази

Ҳар куни дунё бўйлаб 15 миллиондан ортиқ ресторан ва кафе, юз миллионлаб хонадонларда овқат тайёрланади. Мева-сабзавотлардан чиқадиган пўчоқлар, ликопчада қолдирилган овқатнинг ярми, охиригача ейилмаган нон органик чиқиндилар дейилади ва уларнинг кўпи бошқа чиқиндилар билан қўшилиб, полигонларга йўл олади.

Турли чиқиндилар билан аралашиб кетган органик чиқиндилар секин чирийди ва ўзидан метан гази ажрата бошлайди. Метан – карбонат ангидриддан ҳам кучлироқ иссиқхона газидир. Қолаверса, органик чиқиндилар каламуш, пашша, чивинларнинг кўпайиши ва улар орқали касалликлар тарқалишига сабаб бўлади.

Бир одамга йилига 100 кило органик чиқинди

Умуман, инсоният бир кунда мева-сабзавотларнинг 1,3 миллиард тоннасини чиқитга чиқариб юборади. Бу – ердан дастурхонга келгунча мева-сабзавотнинг 1/3 қисми нобуд бўлади дегани. Aгар инсон бунинг олдини ололса, иссиқхона газининг иқлимга таъсирини 6-8 фоизга камайтира олади.

Ҳар бир одамга йилига ўртача 100 килограммга яқин органик чиқинди тўғри келади. Ривожланган давлатларда органик чиқиндилар маълум миқдорда қайта ишланади, аммо кўп эмас. Масалан, AҚШда ҳам уларнинг атиги 30 фоизи, Буюк Британия эса 14 фоизи қайта ишланади.

“Махсустранс” 2024 йилгача чиқиндиларни тўлиқ саралаш амалиётига ўтмоқчи

Органик чиқиндиларни саралаш амалиёти Ўзбекистонда энди йўлга қўйиляпти.

Тошкент мисолида чиқиндиларни саралаш кўникмасини кўриб чиқадиган бўлсак, пойтахтдаги 71 фоиз чиқиндиларни ташиш “Махсустранс” корхонаси зиммасида. Корхона 2021 йил июнида чиқиндиларни саралаш бўйича 3 босқичли лойиҳа тақдим қилганди. Унга кўра, биринчи босқич 2021 йилдан бошланиб, Тошкент шаҳридаги айрим маҳаллалар ҳудудида чиқиндиларни қайта ишланадиган ва қайта ишланмайдиган тоифаларга ажратган ҳолда йиғиш йўлга қўйилгани айтилганди. Бу амалиётнинг 2-босқичида корхона хизмат кўрсатадиган барча ҳудудларда ташкил қилиниши режаланган.

2023 йилга мўлжалланган 3-босқичда эса барча туманларда чиқиндиларни тўртта турга – қайта ишланадиган, қайта ишланмайдиган, органик, хавфли маиший чиқиндилар каби тоифаларга ажратган ҳолда йиғиш бошланиши айтилганди. Хўш, корхона буни уддалай оляптими?

Корхона бошқарма бошлиғи ўринбосари Исмоил Саъдуллаевнинг айтишича, ҳозирча чиқиндиларни тоифаларга ажратиб йиғиладиган чиқинди майдонларидан Олмазор туманида 10та қурилган. Уларда қайта ишланадиган, ишланмайдиган, хавфли ва органик чиқиндилар ажратилади. Бу ерда ишлайдиган ходимларнинг ўзи чиқиндиларни ажратади. Одамлар ҳам секин-аста чиқиндини ажратиб олиб келишни бошлаган. 2023-2024 йилгача пойтахт бўйлаб “Махсустранс”нинг барча чиқиндихоналари сараланадиган чиқиндихоналарга айлантирилади.

Корхона вакили чиқинди саралашни яхшироқ йўлга қўйиш учун 12та туманда 24та маҳалла танлаб олиниб, қайта ишланадиган ва қайта ишланмайдиган чиқиндилар учун 120 килоли контейнерлар тарқатиб чиқилгани ҳақида гапирди. Бу контейнерлардан хафтанинг бир кунида қайта ишланадиган, бошқа кунида қайта ишланмайдиган чиқиндилар олиб кетилади.

“Лекин аҳолининг ҳаммаси ҳам демайман, айримлари контейнерларни уйига олиб кириб қўйган. Бу кўчада туриши керак. Биз ҳаммасини текинга берганмиз. Ичига қурилиш чиқиндиларини ҳам тўлдириб қўйишади. Лекин биз маҳаллаларга бориб, контейнерларнинг маиший чиқиндилар учунлигини тушунтирганмиз. Ҳаммаси ҳам тўғри муносабатда бўлмаяпти”, – дейди у.

Органик чиқиндилар билан чувалчанглар боқилади

Мутасаддининг айтишича, корхонага 30 гектарли янги чиқинди полигони берилиб, 17 миллион доллар ажратилган. У ерда чиқинди саралаш ва қайта ишлаш заводи ҳам қурилади ва бунга ҳаммаси бўлиб 55 миллион доллар ажратилган.

“Органик чиқиндилар ерга тушса, ўзидан газ чиқаради. Шунинг учун полигонда 2 гектар ерда чувалчанг кўпайтирилиб, уларни органик чиқиндилар билан боқиб, маҳаллий ўғит кўпайтирилади”, – дейди у.

 Тошкентда 1000дан ортиқ чиқиндихоналар бўлиб, унинг 650таси “Махсустаранс”га қарайди. Мутасаддининг айтишича, улардан ҳар куни 2-3 кило нон маҳсулоти чиқади. Ва бу бир кунда пойтахтдан 2 тонна нон исроф қилинади, деган гап.

“Aлбатта, – дейди Саъдуллаев, – истеъмолга яроқсиз нонлар паррандаларга, чорвага бериш учун аҳоли томонидан олиб кетилади”.

Исмоил Саъдуллаев аҳолининг чиқиндини саралаб олиб келишини рағбатлантириш йўллари ҳам режада борлиги ҳақида гапирди. Унга кўра, чиқиндини саралаб олиб келган фуқароларга чиқинди тўловидан чегирмалар берилиши мумкин.

Одамлар чиқиндини саралашга ҳафсала қиладими?

Ўзбекистонда одамлар органик чиқиндини саралашга қандай эътибор кўрсатишини билиш мақсадида Тошкент шаҳри аҳолиси ўртасида сўровнома ўтказдик. Унга кўра, аҳолининг асосан катта ёшли қисми мева-сабзавот чиқиндиларини бошқа чиқиндилардан ажратади. Ёшлар эса кўпинча чиқиндилардан фақат нонни ажратиб, қолганини аралаш ҳолда чиқиндихонага олиб боради.

“Пўчоқ, нонларни алоҳида қиламиз, уларни чорвага беришса яхши бўлади. Aралаштириб ташланса, исрофгарчиликка боради, агар уларни кимдир йиғиб олиб кетса, нур устига аъло нур бўларди”, – дейди Янгиҳаёт туманида яшовчи Фарида Aбдураҳмонова.

Органик чиқиндиларни уйма-уй йиғиш амалиёти

Мутасаддилар жавобидан кўриниб турибдики, органик чиқиндилар масаласи пойтахтда яқин йилларда қисман ҳал қилинишига умид бор. Буни вақт кўрсатади. Шунингдек, органик чиқиндиларни уйма-уй йиғиш, рағбатлантириш мақсадида аҳолидан органик чиқиндиларни сотиб олиш ёки бошқачароқ рағбат йўлларини йўлга қўйиш ҳам фойда бериши мумкин.

Дейлик, 20та кўп қаватли уйда, тахминан 1000га яқин хонадон бор. Уларнинг ҳар бири кунига ўртача 100-200 грамм органик чиқинди чиқаради. Бу дегани ҳар 20та кўп қаватли уйдан 100 килограмм пўчоқ чиқади дегани. Бу маълум миқдордаги чорвани боқишга етиши мумкин.

Чорвадор Саидазим Остоновнинг айтишича, органик чиқиндиларнинг калорияси емникидек бўлмаса ҳам, уларни чорвага бериш мумкин.

“Бир бош қорамол бир кунда беда, арпа, макка, омухта ем – ҳаммаси бўлиб 60-70 килогача озуқа ейди. Қўй-эчки 12-16 килогача озуқа ейди. Пўчоқ, ейишга яроқсиз сабзавотларнинг калорияси емникичалик бўлмайди. Лекин уларни ҳам чорвага берса бўлади. Aҳоли пўчоқларини бизга чиқариб туради. Лекин жуда кам, 10 килога ҳам бормайди. Балки кўп чиқариб турилса, чорва озуқасининг маълум қисмини қоплаши мумкин”, – дейди чорвадор.

Сизда табиатга меҳр бўлса, буни исботлашнинг йўли бор. Ҳозиргача чиқиндиларни саралашга эътибор бермаган бўлсангиз, бугундан пўчоқларни алоҳида идишга йиғишни бошланг. Уларни чиқиндихонага олиб борганда ҳам ажратиб қўйинг.

Бир сўз билан айтганда, ёз яна ҳам исиб кетмаслигига ҳали умид бор. Табиат бизники, демак унинг муҳофазасига ҳам ўзимиз жавобгармиз.

Зуҳра Aбдуҳалимова,
Kun.uz мухбири.

Тасвирчи – Абдуқодир Тўлқинов

Монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов

Мавзуга оид