Ўзбекистон | 07:41 / 22.04.2022
11505
2 дақиқада ўқилади

Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилганларга субсидия бериш тартиби белгиланди

Фото: Shutterstock

Ҳукумат қарори билан ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) ҳар бир ходим учун базавий ҳисоблаш миқдорининг1,5 баравари (405 минг сўм) миқдорида субсидия берилади.

Бунда иш берувчи ногиронлиги бўлган шахсни ишга қабул қилгандан кейин субсидия олиш учун туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда мурожаат қилади.

Туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳужжатларни 3 иш кунида ўрганиб чиқади ва ўрганиш натижаларига кўра субсидия ажратиш (ажратишни рад этиш) тўғрисида қарор қабул қилади. Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, субсидия ҳар ой учун кейинги ойда (6 ой давомида) иш берувчига тўлаб берилади.  

Ҳар ой якунида ишга қабул қилинган ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳақиқатдан ишлаётганлиги мониторинг қилиб борилади.

Бундан олдин ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилганларга субсидия берилиши маълум қилинганди.

Мавзуга оид