Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
9 квадрат фарқ: Тошкентда қурувчи ва харидорлар ўртасидаги низо йилларга чўзилмоқда
Тошкентда қурувчи фирма ва уч нафар харидор ўртасидаги низо 2 йилдан бери ечим топмаяпти. Харидорлар янги хонадонларнинг битганидан кейинги майдони шартномадагидан кичикроқ эканидан шикоят қилмоқда, компания эса ички деворларни шартномада бўлмаса-да ёрдам тариқасида ўз ҳисобидан кўтариб бергани, хонадон майдони шунинг учун камайганини айтмоқда. Прокуратура ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатган.

Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, 4-мавзеда “ОS MINORA” МЧЖ қурилиш фирмаси томонидан 2019 йилда қурилган кўп қаватли уйдан квартира сотиб олган уч нафар фуқаро қурувчи ташкилотидан норозилик билдирмоқда.
Kun.uz таҳририятига мурожаат қилган фуқаролар – Нурхон Саидов, Жавоҳир Искандаров ва Зиёда Олимовага кўра, қурилиш фирмаси уларга ҳажми шартномада кўрсатилганидан сезиларли даражада кичик бўлган квартираларни топширган.

Масалан, рафиқаси Шаҳноза Собирова номига уй олган Нурхон Саидовнинг билдиришича, қурувчи ташкилот ундан 44 млн 600 минг сўм кўп пул олган. Хусусан, “ОS MINORA” МЧЖ ва Шаҳноза Собирова ўртасида 2019 йил 13 февралда тузилган шартномада сотиб олинажак квартиранинг умумий майдони 75,8 кв метр экани, нархи эса 379 млн сўмни ташкил этиши белгиланган.

Қурилиш якунлангач, квартирага берилган кадастр ҳужжатида квартиранинг умумий майдони 66,88 кв метр (– 8,92 кв.м) экани қайд этилади.

“Қурувчи фирма билан бешинчи қаватдаги 75,8 кв метрли квартирани ҳар бир кв метрига 5 млн сўмдан тўлаб, жами 379 млн сўмга сотиб олишга келишдик. Пулини келишилган вақтда тўлиқ тўладим. Аммо қурилиш битганидан сўнг, бориб кўрсам, квартира майдони кичикроқдай туюлди. Кейинроқ кадастр ҳужжати берилганида ростдан ҳам умумий майдони келишилганидан салкам 10 кв метрга кичик эканига амин бўлдим. Ортиқча тўланган пулни қайтаришини сўраб қурувчи фирма номига ариза ёздим. Бироқ аризамга жавоб бўлмади”, – дейди Нурхон Саидов.
Шартноманинг 2.5-бандида кадастр хизматидан кейин хонадоннинг шартномада кўрсатилган майдонидан 5 фоиздан ортиқ фарқ аниқланса, компания томонидан қайта ҳисоб-китоб қилиниб, ортиқча тўланган сумма қайтариб берилиши белгиланган.

Мурожаатчиларга кўра, бу фарқ ҳанузгача тўлаб берилмаган.
Ҳужжатлардан кўринишича, харидорлар шартномани “ОS MINORA” МЧЖ билан тузган бўлса-да, улардан пулни “ZARAFSHON BUILDINGS” МЧЖ ҳисобрақамига ўтказиш сўралган. Аслида, ҳайрон қоладиган жойи йўқ – иккала фирманинг ҳам таъсисчиси “ZARAFSHON GOLDEN GROUP” МЧЖ ҳисобланади.


Очиқ маълумотларга кўра, “ZARAFSHON GOLDEN GROUP” МЧЖнинг 91,5 фоиз улушига Қизилтепа тумани ҳокими, сенатор Улуғбек Файзиев эгалик қилади.
Жамиятнинг қолган улуши унинг акаси Ойбек Файзиевга тегишли.

Айни вақтда “ОS MINORA” МЧЖнинг фаолияти тугатилган. Аммо Тошкент шаҳри прокуратурасининг фуқароларга йўлланган жавоб хатида “ZARAFSHON BUILDINGS” МЧЖ “ОS MINORA” МЧЖнинг ҳуқуқий вориси деб кўрсатилган.
Прокуратура фуқароларни алдамоқдами?
Энди ушбу хатга батафсил тўхталсак.
Квартира эгалари ҳолат бўйича прокуратурага мурожаат қилган. 2021 йил 20 сентябрда Тошкент шаҳри прокурори ўринбосари А.Пўлатов имзоси билан йўлланган жавоб хатида 7та квартирада ҳақиқий майдонлар кам чиққани ортидан харидорлардан 441 млн сўм ортиқча пул ундирилгани қайд этилади. Шунга асосан “ОS MINORA” МЧЖ ва унинг ҳуқуқий вориси “ZARAFSHON BUILDINGS” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди ва 192-11-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида мансабдор шахсларнинг ўз ваколатларини суиистеъмол қилиши) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, хатда ортиқча тўловларни ундириш бўйича хонадон эгалари манфаатида фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига даъво аризалари киритилгани айтилади.
Мурожаатчиларнинг айтишича, қўзғатилган жиноят иши ва фуқаролик судига киритилгани айтилган даъво аризалари бўйича ҳанузгача янгилик йўқ.
Тошкент шаҳри прокуратураси ахборот хизмати ходими Хуршида Раҳмонова биз билан суҳбатда жиноят иши тергови бўйича маълумот берилишини, даъво аризалари бўйича эса судга мурожаат қилишимиз лозимлигини билдирди.
Аммо сўров юборилганидан 10 кун ўтибди ҳамки, прокуратура маълумот бергани йўқ. Кейинги сўровларимиз жавобсиз қолдирилди.
Тошкент шаҳри судлари ахборот хизмати эса фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судида бундай мазмундаги иш кўриб чиқилмаганини билдирди.
Қурувчи нима дейди?
“ZARAFSHON GOLDEN GROUP” вакили Лочин Хўжаев харидорларнинг эътирози ноўринлигини айтмоқда.
“Биринчи домни ички деворларсиз қуриб топширганимизда одамлар 9-қаватгача ғишт, цемент олиб чиқишга жуда қийналди. Бундан ташқари, харидорлар ипотека қилмоқчи бўлса, бўш хонадонга кредит бермаяпти. Биз шуларни кўргандан сўнг, кейинги қурилишларимизда квартираларни ички деворлар билан бўлиб бериб топширдик. Шартномада ҳам ёзилган квартира умумий майдони 98,1 кв метр деб. Сабаби, биз уларга “коробка” топширганмиз. Хоналарга бўлинганидан кейин кадастр келиб ўлчаяпти-да, хоналарнинг ичининг квадратурасини қўшиб чиқариб беряпти – 88 кв метр чиқяпти. Хоналарга бўлинганидан кейин шахта ва ички деворлар эгаллаган жой ҳисобига камроқ чиқяпти.
У ерда 144та квартира бор. Агар биз ҳақиқатан ҳам ҳаммадан 10 квадрат метрдан уриб қолганимизда компаниямизни ёпворишган бўларди. Улардан 17таси прокуратурага устимиздан ёзган бўлса, биз улар билан гаплашиб, муаммоларини ҳал қилганимиздан сўнг 14таси даъвом йўқ деб аризасини қайтиб олди. Аммо сизларга мурожаат қилган 3 нафар квартира эгаси ҳамон қайсарлик қиляпти. Уйнинг квадратини ўлчайлик, ҳақиқатдан фарқ чиқса, пулини тўлаб берамиз деб уйига мутахассислар билан борсак, уйларига киргазишмаяпти. Ўзи нотариусда шартнома имзолаётганда квадратураси камроқлигини ҳам кўрган, қабул қилиш-топшириш далолатномаларини ҳам имзолаб, эътирозим йўқ деб қабул қилиб олган.
Шартномада ички деворларни ўрнатиб бериш мажбуриятини олмаган бўлсак ҳам ўз ҳисобимиздан ўрнатиб берганмиз. Энди бўлса, квадратураси кам чиқяпти деб устимиздан ёзиб юришибди. Биз шартнома бўйича коробка ҳолида топширишга келишганмиз. Ички деворлар эгаллаган майдон учун пул тўламаймиз. Агар ички деворлардан ташқари майдонни ҳисоблашда хатолик кетиб, квартира майдони кам кўрсатилган бўлса, биз фарқни тўлаб беришга тайёрмиз”, – деди Лочин Хўжаев.
Шунингдек, компания юрисконсулти Мирзоҳид Ғаниев ҳам ҳолат бўйича ўз фикрларини билдирди.
“Компания мижозлар билан тузилган шартномада квартираларни “коробка” ҳолида топширишга келишган. Бундан ортиқ мажбуриятни ўз зиммасига олмаган. Квартираларнинг ҳажми ҳам табиийки, “коробка” ҳолатидаги квадратурасидан келиб чиқиб шартлашилган. Шундай бўлса-да, компания мижозларга енгиллик бўлсин деб, бонус сифатида ички деворларни ҳам ўзи тортиб берган. Аммо айрим харидорлар ўша ички деворлар эгаллаган қанчадир майдонни рўкач қилиб “бизни алдашди” деб жар солмоқда. Бошида бизга эътироз билдирган фуқароларнинг кўпчилигига эътирозлари ноўринлигини тушунтирдик, улар тушуниб, аризаларини қайтариб олишди. Аммо 3 нафар харидор ҳалигача тушунишни истамай, муаммо қилиб юрибди”, – деди Мирзоҳид Ғаниев.
Шунингдек, у ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиши нотўғри бўлган деб ҳисоблашини қўшимча қилди.
“Бу ерда тоза фуқаролик низоси эди. Ҳеч қандай жиноят таркиби йўқ. Чунки, шартнома бўйича буюртмачи ва бажарувчи ўртасида тушунмовчилик келиб чиқяпти. Мен “прокуратура фуқаролик судига даъво аризаси киритди” деб эшитганимда буни тўғри қабул қилгандим. Судда ҳаммасини исботлаб беришга тайёр эдим. Аммо даъво аризаси судга киритилмаган бўлиб чиқди. Судга киритилганида биз хабар топган бўлардик.
Судга даъво аризаси киритиш ўрнига прокуратура компания мансабдорларига жиноят иши қўзғатиб юборди. Бу эса нотўғри бўлди”, – дейди компания юрисконсулти.
Қурувчи компаниянинг фуқаролар билан муаммоси ўзаро келишув асосида ечим топишига умид қилиб қоламиз.
Пойтахт прокуратураси ахборот хизмати такрорий сўровларимизга қарамай, маълумот бермаётгани айрим саволларни очиқ қолдирмоқда. Нега шаҳар прокуратураси ўз хатида фуқароларни чалғитувчи маълумот бергани ҳозирча бизга қоронғи.
Аббос Салайдинов
P.S.: Пойтахт прокуратураси матбуот хизмати (Хуршида Раҳмонова) Kun.uz сайтининг кўплаб сўровларини жавобсиз қолдириб келмоқда. Шунинг оқибатида Тошкент шаҳар прокуратураси Kun.uz учун ёпиқ ташкилотга айланиб қолган. Бош прокуратуранинг жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси ҳамда АОКАдан мазкур ҳолатга эътибор қаратишни сўраб қолган бўлардик.
Мавзуга оид
15:31 / 03.05.2025
Беларус Ўзбекистонда йиғма ёғоч уйларни ишлаб чиқаришни ташкил этиши мумкин
12:17 / 17.04.2025
Тошкентда 1 ва 2 хонали уйлар ижара нархи арзонлашди
09:02 / 03.04.2025
Тошкентда уй ичида қулфланиб қолган кекса аёлга ёрдам кўрсатилди
08:53 / 31.03.2025