Ўзбекистон | 11:10 / 24.04.2022
53733
7 дақиқада ўқилади

Жиззахдаги сел ва тошқин оқибатлари ҳақида репортаж

Шу йил 20 апрел куни Фориш туманидаги Эгизбулоқ маҳалласини сел олиб кетди. 40-45 дақиқа давом этган тошқин кўплаб турар ва нотурар жойларни вайрон қилди, беш кишини ҳаётдан олиб кетди.

Kun.uz воқеа жойида бўлиб, кулфат ичида қолган инсонлар билан суҳбатлашди.

Йўлларни сел ювган, тартибсизлик, йиқилган бинолар, ташлаб кетилган уйлар ва зарар оқибатларини бартараф этишга уринаётган инсонлар. Эгизбулоқ маҳалласининг айни дамдаги манзараси бу...

15-умумтаълим мактабида гуманитар ёрдамларни қабул қилиш штаби ташкил қилинган. Фориш тумани ҳокими ўринбосари Элнора Умматованинг айтишича, мактаб спорт залидан омборхона сифатида фойдаланилмоқда. Ўша жойда ҳомийлар ва ташаббускорлар томонидан кўрсатилаётган инсонпарварлик ёрдами ғамлаб бориляпти. Жабр кўрганларнинг эҳтиёжига кўра озиқ-овқат ва кийим-кечак тарқатиляпти.

Сел келган кундан бошлаб, ҳудудда махсус штаб ташкил қилинган ва тошқин оқибатларини бартараф этиш учун ҳаракат қилинмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, сел оқими қишлоқдаги 260 та хўжаликдан ўтиб, уларнинг 53 тасига тўлиқ, 44 тасига ўртача ва 163 тасига енгил даражада талафот етказган.

 

Жиззах вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси бўлим бошлиғи Бахтиёр Мансуровнинг айтишича, тошқин қисқа фурсат давом этса-да, турар жойларга жиддий зарар етказган. Сел оқибатида беш киши вафот этган, олти киши жароҳат олган. Мансуров қутқарувчилар етиб келгач, биринчи навбатда мактаб ўқувчилари ва боғча тарбияланувчилари хавфсиз жойга кўчирилганини билдирди.

Эгизбулоқликлар ҳудудда ҳеч қачон бундай катта тошқин кузатилмаганини айтишди. Гувоҳларга кўра, сел тошқини бир соат ҳам давом этмаган. Табиийки, бу фурсат ичида чекка қишлоққа фавқулодда ёрдамнинг етиб бориши ҳам осон эмас. Шу сабабли инсонлар имкон қадар ўз жонини сақлашга, яқинларига ёрдам беришга уринган.

 

Гулмурод Жўраевнинг уйи сел оқибатида бутунлай вайрон бўлган. Ўша куни унинг ўзи уйда бўлмаган ва 12 ёшли ўғли телевизор кўриб ўтирган. Дастлаб болани олиб чиқишга ҳеч ким жазм қилолмаган. Жўраев ўғлини қутқариб чиққан маҳалладош йигитга миннатдорчилик билдирди. Чунки болани ичкаридан олиб чиқиш жараёнида йигитнинг ўзини ҳам сел оқизиб кетган ва бошқаларнинг кўмаги билан жони омон қолган.

Одамлар моли, машинаси оқиб кетганига, уйи йиқилганига эътибор қилмаяпти. Жонига зарар етмагани уларга таскин беряпти.

 

Сел куни Дилфуза Абдулҳакимова ёш боласи ва турмуш ўртоғи билан уйда бўлган. “Тоғли ҳудудда яшаймиз, ёмғир кўп ёғганда сел келишига кўникканмиз. Бироқ ўша куни қаттиқ шовқин бўлиб, уй ичидаги печкалар, трубалар зириллаб кетди. Нималардир қулагани эшитилди. Турмуш ўртоғим ҳовлига қарагунча ҳамма ёқни сув босиб, ташқарига чиқишнинг иложи қолмаганди. Саксондан ошган қайнонам ва қизим нариги ҳовлида қолиб кетди. Улардан хавотир олдик, бироқ ёрдам беришнинг имкони йўқ. Полдан сув булоқ бўлиб чиқа бошлади, уй сувга тўлди. Ёш болам билан печканинг устида жон сақладик. Қайта-қайта уринсак-да, қайнонам билан боғлана олмагач, хавотиримиз ортди. Хўжайиним онасига ёрдам бериш учун ўзини сувга ташламоқчи эди, зўрға ушлаб қолдик. Худога шукур, ўша вақт қизим телефон қилди. Уларга зарар етмабди, мебель устига чиқиб олишган экан, сел кетгунча ҳеч биримиз уйдан чиқолмадик”, – дейди Дилфуза опа.

Уйи бутунлай сув ичида қолган аёл “Энди мен бу уйга қайтиб киролмасам керак. Шундай ҳолат яна қачондир такрорланиши мумкин, деб қўрқув билан яшолмайман”, – деб хавотирини билдирди у.

Дарҳақиқат, гарчи бундай ваҳимали офат аввал кузатилмаган бўлса-да, эгизбулоқликлар қўрқиб қолишгани рост. Чунки бир неча дақиқа ичида уйи йиқилаётганини, мол-мулки, яқин қариндоши сувда оқиб кетаётганини кўрган оталар, акалар яқинларига ёрдам беролмаганидан оғир таассуфда. Дўл аралаш сув жуда совуқ бўлиб, икки метргача баландликка кўтарилганини айтишмоқда. Кимнидир қутқаришга уриниш ва оқимга тушиш ўзининг ҳам ҳаётини хавф остига қўйиш билан тенг бўлган.  

 

“Бу уйларда болалигимиз ўтган. Уйларни ўзимизча қуриб олмаганмиз, айрим уйлар туғилмасимдан аввал қурилган, деярли ҳаммаси давлат қурган уйлар. Ҳозир бу ерда икки укам, жиянларим яшашади. Эскироқ бўлсаям машинам шу ерда эди, оқиб кетибди, ҳолатига қараб бўлмайди. Шукур, укаларим, набираларим омон қолибди”, деди 63 ёшли Мамат Аҳматов.

Бир оиладан икки набира ва келин сел қурбони бўлган. Яна бир хонадонда юқори синф ўқувчиси яқинлари кўз ўнгида сувга оқиб кетган. Уларнинг мусибати, ярасини тирнамайлик, деб суҳбатга тортмадик.

Халқимиз ўт ва сув балосидан асрасин, дейди. Табиий офатга бас келиш осонмас. Аммо эътиборни тортадиган айрим ҳолатлар бор. Олтмиш, саксонни қоралаганлар шу вақтга қадар бундай селни кўрмаганини айтмоқда. Эгизбулоқ шундай жойлашганки, қишлоқнинг юқори қисмида бир нечта сел йўллари бирлашиб, айнан аҳоли яшаётган нуқтада бирлашади. Ва шу вақтга қадар одамларга жиддий зарар етмаган. Уйларни одамларнинг ўзи қуриб олмаган, давлат лойиҳаси билан қилингани айтилмоқда. Савол туғилади: қачондир шундай хавф келиши мумкинлиги инобатга олинмаганми?

Яна бир жиҳат борки, қишлоқнинг юқори қисмида сўнгги йилларда карьер фаолият бошлаган ва икки йилда каттагина тепаликдан тошлар олиб кетилган. Оғир юк машиналар ҳаракатланиши учун қирлар текисланган. Ушбу ҳолат сел йўлини ўзгартириб юборган бўлиши мумкин, деган тахмин ҳам илгари сурилмоқда. Ушбу ҳолатга ҳам масъуллар ва мутахассислар эътибор қаратишса, фойдадан холи бўлмайди.

 

Kun.uz мухбири Фориш тумани ҳокими Икром Матиев билан телефон орқали боғланди.

Ҳоким айни вақтда уйи яроқсиз ҳолатга келиб қолган фуқаролар учун янги массивда 30 та уй қуриб бериш лойиҳаси устида ишланаётганини маълум қилди. Унинг айтишича, янги уйлар жабрланганларга текинга берилади, бошқа фуқароларнинг ҳам мулкига етган зарар ҳисоб-китоб қилинади ва бунинг учун маблағ ажратилади.

Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж усталари: Фахриддин Ҳотамов, Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид