Жаҳон | 22:04 / 25.04.2022
48670
6 дақиқада ўқилади

Пентагон раҳбари АҚШ Россиянинг ҳарбий салоҳиятини заифлаштирмоқчилигини айтди. Бу нима дегани?

АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Украинадаги йўқотишлар Россия раҳбариятини ўз ҳаракатларини такрорлашдан қайтаришига умид билдирди.

Остин (чапда) ва Блинкен (ўнгда) Россия босқини бошланганидан буён Украинага ташриф буюрган энг юқори мартабали америкалик мулозимлар бўлишди. Фото: Zelenskiy / Official

У Украина зарур қўллаб-қувватловга эга бўлса урушда ғолиб бўлиши мумкинлигини айтиб, украин ҳарбийларининг саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

«Биз Россия шу қадар заифлашиб, Украинага бостириб кириш вақтида қилган ишни бошқа қила олмайдиган даражага тушишини истаймиз. Улар аллақачон катта ҳарбий йўқотишларга учраган ва биз уларда бу салоҳиятни тез фурсатда тиклаш имконияти бўлмаслигини хоҳлаймиз», деган Пентагон раҳбари.

24 апрел куни Остин Киевда президент Володимир Зеленский билан учрашди, учрашув уч соатдан ортиқ вақт давом этган.

Остин ва у билан бирга Киевга келган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен - уруш бошланганидан кейин Украинага ташриф буюрган энг юқори мартабали америкалик амалдорлар бўлишди.

BBC’нинг дипломатик корреспонденти Жеймс Лэндейл Остиннинг Россияни заифлаштиришга чақирувчи изоҳи АҚШ мудофаа вазирлари учун одатий ҳол эмаслигига эътибор қаратган. Унинг сўзларига кўра, Украинага Россия тажовузига қарши туришда ёрдам бериш бошқа иш - Россиянинг ҳарбий имкониятларини заифлаштириш тўғрисида гапириш эса буткул бошқа иш.

Мудофаа вазирининг ҳайратомуз баёноти
Жеймс Лэндейл, BBC’нинг дипломатик корреспонденти

Украинага Энтони Блинкен ва Ллойд Остиннинг ташрифи умидларни тўлиқ оқлади.

Қўллаб-қувватлов очиқ намойиш этилди. Америкалик дипломатлар Украинага тез орада қайтиши эълон қилинди. Янада кўпроқ ҳарбий кўмак ваъда қилинди.

Аммо энг кўп эътибор тортган жиҳати - Остиннинг Россияни заифлаштириш тўғрисидаги сўзлари бўлди. Бу АҚШ мудофаа вазирлари учун ноодатий ҳаракатдир.

У, албатта, Россиянинг ҳарбий-саноат базасига зарба беришга қаратилган Ғарб санкцияларини назарда тутган бўлиши мумкин.

Ёки вазир Ғарбнинг янги ҳарбий мақсадини белгилаб бердими? Унинг сўзларини Украинадаги уруш узоқ чўзилиши фойдали бўлиши ҳақида деб тушуниш ҳам мумкинми?

Ғарбдаги иттифоқчиларнинг барчаси ҳам Ллойд Остиннинг позициясига ёки у сўзларини очиқ-ойдин ифодалашига қўшилмайди.

Киевга ташрифдан кейин АҚШ мудофаа вазири Польшадаги матбуот анжуманида журналистларга Вашингтон расмийлари ҳамон Украина агар керакли қуроллар ва қўллаб-қувватловга эга бўлса, ушбу можарода енгиб чиқиши мумкинлигига ишонишини айтди.

Зеленский Ғарб давлатларини ҳарбий ёрдамни оширишга чақирди. Фото: Zelenskiy / Official

Ташриф вақтида Энтони Блинкен АҚШ Украинага яна 713 млн доллар ҳажмида ҳарбий ёрдам кўрсатишини ваъда қилди. Шундай қилиб, АҚШ томонидан босқин бошланганидан буён Украина хавфсизлигини таъминлаш учун кўрсатилган ёрдам ҳажми 3,7 млрд доллардан ортиқни ташкил этмоқда.

Президент Зеленский бир неча ҳафтадан буён Ғарбдаги етакчилардан ҳарбий техникалар оқимини кўпайтиришни илтимос қилиб, агар қирувчи самолётлар ва бошқа оғир техникаларга эга бўлса, Украина армияси Россия қуролли кучларини мағлуб эта олишига ваъда бериб келмоқда.

Ўтган ҳафтада АҚШ илк бор Украина қўшинлари учун гаубицалар ва артиллерия ҳужумларига қарши радарлар етказиб беришини эълон қилди.

Бунга жавобан Россия АҚШга Украинага қурол етказиб беришни тўхтатиш талаби билан нота йўллаган. Бу ҳақда РФнинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов маълум қилган.

«800 миллион доллар - Вашингтондан Киевга шунча миқдордаги қуроллар етказиб берилади. Бу катта рақам, бу вазиятни дипломатик йўл билан ҳал қилиш йўлларини излашга ҳисса қўшмайди», деганди у.

Антоновнинг сўзларига кўра, Америка қуроллари Украинага етказиб берилиши - вазиятни янада оғирлаштириш, янада кўпроқ йўқотишлар бўлишига қаратилган ҳаракатдир.

Энтони Блинкен АҚШ дипломатларининг бир қисми келгуси ҳафтадан Украинага қайта бошлашини маълум қилди. Улар аввалига Лвовда жойлашиши, кейинроқ Киевдаги элчихона тўлиқ очилиши режалаштирилган.

Аввалроқ Оқ уй президент Жо Байден АҚШнинг Украинадаги элчиси лавозимига профессионал дипломат Бриджит Бринкни тайинлаш ниятида эканини хабар қилганди. Бу лавозим икки йилдан ортиқ вақтдан буён бўш турибди.

Блинкен АҚШнинг дипломатик ёндашувини қўллаб-қувватлаб, Вашингтон шу йўл билан президент Владимир Путин режимига босим ўтказаётганини айтди.

«Биз ишлаб чиққан стратегия, Россияга ёппасига босим, бу саъй-ҳаракатларда иштирок этаётган 30дан ортиқ мамлакатнинг бирдамлиги ҳақиқий натижалар келтирмоқда. Ва биз иш ҳарбий масалага келганида Россия мағлубиятга учраётгани, Украина эса муваффақиятга эришаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз», деган Блинкен.

«Биз бу уруш қанчалик [узоқ] давом этишини билмаймиз, аммо биламизки, суверенн мустақил Украина Владимир Путиндан кўпроқ яшайди. Бизнинг Украинани қўллаб-қувватлашимиз узил-кесил муваффақиятга эришгунимизга қадар давом эттирилади», деган Блинкен.

Учрашувдан кейин чиқиш қилган президент Зеленский унинг ҳукумати АҚШ томонидан кўрсатилган «бемисл» ёрдамни юксак қадрлашини айтган ва «ўзининг ва бутун Украина халқининг номидан президент Байденга унинг Украинани қўллаб-қувватлаш борасидаги етакчилиги учун миннатдорчилик билдиришни исташи»ни қўшимча қилган.

Сўнгги кунларда Россия ўз юришлари йўналишини Украина шарқидаги Донбасс минтақасига қаратган, АҚШдаги манбалар маълумотига кўра, Москва айни вақтда Украина ҳудудида 76 дан ортиқ батальон тактик гуруҳларини жойлаштирган.

Мавзуга оид