Жамият | 17:24 / 25.04.2022
16024
7 дақиқада ўқилади

“Уни Амазонда кутишмоқда” — Нью-Йоркдаги университет ўзбекистонлик талабасини мақтаб мақола чиқарди

Жасур Шукуров Нью-Йорк штатидаги Аделфи университетида ўқиши давомида, шу университетга ишга ҳам кирган. У таҳсил олиш билан бирга, олийгоҳнинг қабул бўлими, халқаро бўлим, ҳозирда эса устозларининг кафедрасида ишлаб келмоқда. Яқинда университет сайтида Жасур ҳақида мақола чоп этилди – у устозлари эътирофига сазовор бўлган. UzbekLife ушбу мақолани ўзбек тилига ўгирди.

Фото: delphi.edu

“Ўзбекистондан Лонг Айландга, энди эса Калифорнияга – фидойилик, шижоат ва оптимизм имкониятларингиз чегарасини қандай кенгайтириши мумкинлиги ҳақида” – мақолага ана шундай сарлавҳа қўйилган. Қуйида мақола айрим жуъий қисқартиришлар билан тақдим этилади.

Жасур кўпинча вақтини Swirbul кутубхонасида ўтказади. Шунингдек, уни университет кампусида учратиб қолишингиз ҳам одатий ҳол. Хулқ-атворида дастурий муҳандисликка муҳаббат, тенгдошлари ва одамларга ёрдам бериш, ҳайратланарли ишчанлик ва алоҳида муомала маданияти бор.

Шукуров Аделфига 2018 йилда Ўзбекистондан келган. У дастурий муҳандислик билан шуғулланади, Фахрий Коллеж аъзоси. Жасур қабул комиссияси ва Халқаро хизматлар бўлимида ишлаган, у ерда 200 дан ортиқ Аделфи талабалари иштирок этган East Meets West (Шарқ ва Ғарб учрашуви) маданий тадбирини ташкил этишга ёрдам берган. Ҳозирда у Ахборот технологиялари бошқармасида ўқитувчи ёрдамчиси ва илмий ёрдамчи сифатида хизмат қилмоқда.

У нуфузли Google Generation стипендияси соҳиби ва бир нечта стажировкаларни муваффақиятли ўтаган. Унинг сўнгги бор ёзда Калифорниядаги Амазон компаниясида дастурчи муҳандис сифатидаги стажировкаси компания маъмуриятини шу қадар ҳайратда қолдирдики, бу йил баҳорда ўқишни битиргандан сўнг уни тўлиқ штатдаги лавозим кутмоқда.

“Курс қийин бўлса, бундан завқланаман, чунки бу мен ниманидир ўрганаётганимни англатади”

“Информатика фанини танлаш ёқимли танлов эди, – дейди Шукуров. – Мен технологияга 14 ёшимдан бери қизиқаман ва айнан шу ёшда кодлашни бошладим. Бу мен учун жуда иштиёқли нарса – болалигимдан шу соҳа эгаси бўлишимни билардим”.

“Ўзингиз ёқтирган нарсани қилиш жуда муҳим, – дея қўшимча қилади у. Мен чин дилдан ишонаманки, сиз ўзингиз аҳамиятли ҳисоблаган ҳар қандай ишни қилсангиз, у орқали албатта муваффақиятга эришасиз. Мен учун бу компьютер фанидир. Курс қийин бўлса бундан қувонаман, чунки бу мен ниманидир ўрганаётганимни англатади. Дарсга бориш ҳеч қачон зерикарли бўлмаган; умуман, қийинчиликдан завқланардим, чунки бу менга ёрдам беришини билардим”.

Йирик соғлиқни сақлаш компаниясида амалиёт ўтаётиб, Шукуров ва унинг стажёр дўстлари, Ivy League мактабларида таҳсил олаётган стажёрлар дастурлаш мусобақаларида қатнашишди. У кўрсатган натижалари билан жамоасининг етакчисига айланди.

Профессорларининг таъкидлашича, Шукуровда муваффақиятини таъминловчи кўплаб ижобий фазилатлар бор.

Хиаохинг Лиу, PhD, Математика ва информатика кафедраси ассистент-профессори, сўнгги тўрт йил давомида Шукуровнинг маслаҳатчиси бўлиб келган: “Ажойиб академик билими билан бир қаторда, Жасурнинг кўплаб стажировкалар/технологик стипендия дастурларида қатнашишга муваффақ бўлгани мени ҳайратда қолдиради. Унинг информатика фанига бўлган иштиёқи, ажойиб мулоқот маданияти ва вақтни жуда самарали бошқариши уни бошқалардан ажратиб туради. Жасур ўзини руҳлантира олади. У муаммоларни ҳал қилишни яхши кўради”.

Девид Чейс, PhD, математика ва информатика кафедраси доценти, коллеждаги фаолияти давомида Шукуров билан яқин ҳамкорлик қилган: “Жасур жуда ақлли ва иқтидорли, у ўзига хос қобилияти билан кўплаб ажойиб ишлар қилган. У барча курс мавзуларини пухта ўзлаштириш учун зарур бўлса соатлаб вақт сарфлайди. Ҳар доим, ҳатто қийинчиликларда ҳам, сабрли бўлган. Талаба сифатида ҳар бир синфда, ўқитувчи ёрдамчиси бўлиб қатнашган ҳар бир лабораторияда ва тадқиқотчи вазифасидаги ҳар бир учрашувда ижобийликни намойиш этган”.

Иштиёқ ва фаоллик учрашганда

“Фаровон оилада улғайган бўлсам ҳам, қашшоқликда яшаётган бошқа оилаларни, одамларни кўрганман, дейди, Шукуров. – Улар сифатли таълим олиш имкониятига эга эмаслар. Буларнинг барчасини кўриб, мен дастурий таъминот муҳандислиги, хусусан кодлаш технологиялари ёрдамида кўп нарсаларни қилиш мумкинлигини пайқадим. Интернетга кириш имконингиз бор экан, сиз хоҳлаган таълимни олишингиз мумкин”.

Доктор Чейснинг айтишича, Шукуров биринчи йил унинг дастурлаш бўйича ассистенти бўлиб ишлаган ва дарслар давомида масалалар ечимини топиш, қийин мавзуларни тушунишдан иборат мураккаб дарсларда талабаларни руҳлантирган.

Фахрийлар Коллежидаги мавзуси сифатида Шукуров кўзи ожиз одамларга ёрдам берадиган иловалар ишлаб чиқишни танлади. Доктор Чейснинг сўзларига кўра, у кўзи ожиз одамларнинг эҳтиёжларини аниқлаш мақсадида ўрганишлар ўтказди, интервьюлар қилди. Ҳозирда бу эҳтиёжларни қондириш учун, масалан, банкнотлар ва объектларни таниб олиш, афишалар ва матнли визуал тасвирларни “ўқиш” ҳамда хавфсиз навигация кабилар учун иловалар яратмоқда.

Доктор Чейснинг таъкидлашича, компьютер тармоқлари ва дастурий таъминотни синовдан ўтказиш курсларида Шукуров жамоага ҳайдовчилар ва йўловчиларни боғловчи автомашина иловасини лойиҳалаштириш, жорий этиш ва синовдан ўтказишда ёрдам берган.

Унинг айтишича, 2020 йил март ойидан бери Шукуров профессорлар Барбара Эртл, EdD ва PhD Солиҳ Алиёрийлар билан математикани ўргатувчи иловаларни ишлаб чиқиш бўйича фанлараро тадқиқот лойиҳаси устида ҳам ишлаяпти.

“Жасур ёш болаларда субитизация қилиш бўйича математик кўникмаларни ривожлантиришга мўлжалланган иловани ишлаб чиқди, – дейди доктор Чейс. – Унинг иши лойиҳамизнинг муваффақияти учун жуда муҳим. Ҳозиргача ҳеч қандай моддий мукофот ва кредитларсиз, Жасур ушбу тадқиқот лойиҳасига ўз вақтини ва ғайратини сарфлади”,

“Шукуров университет, унинг курсдошлари ва биз ҳамкорлик қилаётган тадқиқот лойиҳаси учун иқтидорли мутахассис эканини исботлади. Унинг Аделфидаги фаолияти давомида эришган ютуқлари чиндан ҳам ажойиб. Мен келажакда у амалга оширадиган барча ажойиб ишларни кутаман”, дейди доктор Чейс.

У Аделфидаги ҳозирги ва бўлажак талабалар Шукуровдан ўрнак олиб, қийинчиликларга ижобий муносабатда бўлиш, ўз курс ишларига ғайрат қилиш орқали муваффақиятга эришишлари мумкинлигига ишонади.

Мавзуга оид