Жаҳон | 16:08 / 25.04.2022
12403
2 дақиқада ўқилади

ЕИ мамлакатлари Россия нефти ва газига эмбарго қўйиш масаласида бир тўхтамга кела олмади

Евроиттифоқнинг айрим мамлакатлари Россия нефти ва газидан воз кечишга қатъиян қарши чиқмоқда. 

Фото: Reuters

Украинадаги «махсус ҳарбий операция» туфайли Россия нефти ва газига тақиқ қўйиш ғояси Евроиттифоқ мамлакатлари томонидан етарлича қўллаб-қувватланмади, деди Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел. Бу ҳақда Die Welt газетаси хабар берди.

«Нефт ва газ импортини тўхтатиш ёки жарималар киритиш Владимир Путинга босим ўтказиш ва уни музокаралар столига жалб қилишда муҳим ўрин тутган бўларди. Аммо ҳозирда бу масалада ягона позицияга эга эмасмиз», — деди  Боррел.

Унинг сўзларига кўра, алянснинг айрим аъзолари энергетика эмбаргосини қўллаб-қувватлашга тайёр эмаслигини очиқ-ойдин маълум қилган. Бу мавзу Евроиттифоқнинг 30-31 май кунлари бўлиб ўтадиган саммитида яна муҳокама қилинади, деди дипломат. 

Евроиттифоқнинг айрим мамлакатлари Россия нефти ва газидан воз кечишга қатъиян қарши чиқмоқда, деб ёзади газета. Улар орасида, жумладан, Германия ва Австрия бор. Улар муқобил манбалар топилмагунича импорт тўхтатилишига қаршилик билдирди.

Нефт экспорти Кремлнинг асосий хорижий валюта манбаси ҳисобланади, деб ёзади Reuters. Аввалроқ Боррел Евроиттифоқ «махсус операция» бошланганидан бери Украинага 1 млрд, Москвага эса энергия ресурслари учун 35 млрд евро ўтказганини маълум қилганди.  

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид