Ўзбекистон | 11:25 / 26.04.2022
50408
3 дақиқада ўқилади

Пора орқалаган «Шум бола» – Аксилкоррупция агентлиги биноси деворига ҳажвий расм чизиб кетилди

Тошкентда коррупцияга аталган стрит-арт пайдо бўлди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Акмал Бурҳонов ўзи раҳбарлигидаги ташкилот деворига чизиб кетилган ушбу граффитига муносабат билдирди.

Деворларга монополия, бензин нархига доир ҳажвий-танқидий суратлар чизиб кетиши билан танилган, асосан тунда ижод қиладиган Inkuzart тахаллусли кўча рассоми, бугун, 26 апрел куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги биносининг деворига чизган янги расмини эълон қилди. 

Тунда чизилган суратда «Corruption» (инглиз тилида «коррупция», «порахўрлик» маъноларида) сўзи ёзилган қоп кўтариб олган Шум бола образи тасвирланган.

Агентлик директори Акмал Бурҳонов ўзининг Telegram-каналида ушбу суратга муносабатини эълон қилди.

«Бу юкдан қанча тез қутулсак, олдимизга қўйилган мақсадларга шунча тез эришамиз. Бунинг учун нафақат Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, балки аҳолининг барча қатламлари фаол иштирок этишлари, кўмаклашишлари керак.

Агентлик мазкур граффити муаллифи @inkuzart'нинг ижодий ғоясини ва шу каби коррупцияга нисбатан муросасизликка қаратилган креатив ёндашувларни доимо қўллаб-қувватлайди», – деб ёзган Акмал Бурҳонов.

 

Мазкур сурат жамоатчилик орасида муҳокамаларга ҳам сабаб бўлди.

Хусусан, иқтисодчи ва блогер Отабек Бакиров Ўзбекистонда коррупцияга қарши қўйилаётган ҳайкаллар совет давридаги Ленин ҳайкалларидан ҳам кўпроқ бўлиши мумкинлигини айтган.

«Inkuzart’га раҳмат, албатта. Балки бу девор коррупция билан курашда ҳар куни ютқазаётган ва камбағаллашаётган ўзбекистонликлар учун йиғи девори бўлиб қолар.

Лекин ҳар куни, масалан, ғорат қилинган Миллий боғ ўрнида қўққайиб турган Magic City’га кўзим тушганда, Технопарк счётчиги кўрсаткичларини текширганда, қурилгунча уч баробар нархи шишган кўприк устидан ўтаётганда, бузиб юборилган трамвай йўли ўрнидаги ерусти метросига чиққанда, Навоий кўчасида пробкада турганда, евро ремонт қилинган Моҳи Хоссани кўрганда – мисолларни чексиз санаш мумкин, ўзимга ўзим айтаман: Ўзбекистонда коррупцияга ҳайкаллар қуриб бўлинган ва қурилмоқда. Балки улар совет давридаги Ленин ҳайкалларидан ҳам кўпроқдир», – дейди блогер.

Бунга қадар муаллифнинг бир қанча кўча суратлари ўчириб ташланган эди. Хусусан, 2021 йил сентябрида автосаноат монополияси ва узун навбатларга бағишланган стрит-арт ўчириб юборилган.

2021 йил ноябрда ойида бензин нархи ошиши танқид қилинган кўча сурати йўқ қилинганди.

2022 йил февраль ойида эса Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ҳокимининг буйруғи билан Эйнштейн портрети ва унинг формулалари акс этган девор бўяб ташланганди.

Мавзуга оид