Ўзбекистон | 18:12 / 26.04.2022
21322
3 дақиқада ўқилади

Қабулга 1,5 ой қолганда филология йўналишининг 2-фани ўзгариб кетди

2022 йилги давлат ОТМлари бакалавриатига қабул учун фанлар мажмуаси тасдиқланди. Унда филология, ўзбек тили ва адабиёти йўналишларида 2-фан тарих ўрнига чет тили экани аниқ бўлди. Бироқ имтиҳонга жуда оз қолганда чет тилидан имтиҳон топширишини билган абитуриентлар норози бўлишмоқда.

Бугун, 26 апрел куни Давлат тест маркази ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутасаддилари иштирокида жорий йилги қабул масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Анжуманда Kun.uz мухбири мутасаддилардан яқинда эълон қилинган фанлар мажмуасида ўзбек тили ва адабиёти, филология йўналишларида мутахассислик фанлар блокидан тарих олиб ташланиб ўрнига чет тили қўйилгани ва бундан абитуриентлар нега олдинроқ хабардор қилинмагани ҳақида сўради.

“Фанлар мажмуасидаги ўзгаришлар мутахассислик ОТМлар томонидан асослаб берилгани учун киритилади. Масалан, филологияда ҳам чет тили тарихдан кўра муҳимлиги асослаб берилган. Мен бу йўналишда мутахассис эмасман, лекин соҳа мутахассислари хорижий тил муҳимлиги таклифи билан чиқишган.

Тўғри, бу ерда бироз кечикиш бор: бу яширадиган ҳолат эмас. Лекин бу йўналишга ҳужжат топширувчи барча абитуриентлар учун шароит бир хил. Қайсидир ҳудудда эскича, қайсидир ОТМда янгича эмас”, деди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов.

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Фанлар мажмуаси ўзгаргани ҳақида вазирлик расмийси жавоб берди, бироқ нега қабулга жуда оз вақт қолганда янгилик эълон қилингани, абитуриентлар олдиндан огоҳлантирилмагани ҳақидаги савол деярли очиқ қолди.

“Бу бўйича бир нечта ОТМ фикрлар беради ва улар муҳокама қилинади. Хоҳлаймизми-йўқми, ўзгартириш киритиш вақт талаб қилади. Тўғри, абитуриентларга озгина ноқулайлик туғдиряпти, улардан узр сўраймиз. Абитуриентларга қолган вақтини тўла сарфлаб имтиҳонга тайёргарлик кўришларини таклиф этамиз”, деди Абдували Холиқов.

Давлат тест маркази бош бошқарма бошлиғи Фарҳод Мирзаевнинг қўшимча қилишича, таълим йўналишлари сони – 461та, шундан 7 фоизида 2 та фаннинг ўрни ўзгарган. Битта фан ўзгарган таълим йўналишлари эса 2,8 фоизни, фақатгина битта йўналиш – биотиббиёт муҳандислиги йўналишида мутахассислик фанлари бутунлай ўзгарган.

Мавзуга оид