Жаҳон | 17:04 / 27.04.2022
32390
13 дақиқада ўқилади

Днестрбўйидаги нотинчлик. Бу ҳақда нималар маълум?

Россия мудофаа вазирлиги вакили бир неча кун аввал Украина жанубини эгаллаш орқали «Днестрбўйига йўл очиш» мақсади ҳақида гапирганди.

Фото: Ministry of Internal Affairs of Transnistria / AP / Scanpix / LETA

Тан олинмаган Днестрбўйи Молдова республикасида қаторасига икки кун портлаш овозлари эшитилди, бу портлашлар учун ҳеч ким масъулиятни зиммасига олмаган. Молдова президенти мамлакат хавфсизлик кенгаши йиғилишини чақирди, Днестрбўйи расмийлари террорчилик ҳужумлари ҳақида маълум қилган. Икки ой муқаддам Россия ҳужумига учраган Украина бўлаётган ҳодисаларни провокация деб атамоқда. Ўтган ҳафтада Россия босқинининг иккинчи босқичидаги режалар ҳақида гапирган россиялик генерал Днестрбўйини ҳам тилга олганди.

Портлашлар ва отишмалар

25 апрел куни Тирасполда - Молдовадаги айирмачилар ҳудуди марказида портлашлар кузатилганди. Сешанба тонгида тан олинмаган республика ички ишлар вазирлиги Днестрбўйига СССРдан мерос бўлиб қолган иккита улкан радиоминора портлатилгани ҳақида эълон қилди. Бунинг исботи сифатида видео ва фотолар келтирилган.

ИИВ баёнотига кўра, антенналардан шу вақтгача фойдаланилиб келинган - Россия радиостанциялари ретрансляцияси учун.

«26 апрел куни эрта тонгда Григориопольский районининг Маяк қишлоғида иккита портлаш рўй берди: биринчиси соат 6:40да, иккинчиси соат 7:05да», дейилади твиттердаги хабарда. «Натижада иккита улкан антенналар ишдан чиқарилган: бири мегаваттли, иккинчиси ярим мегаваттли. Иккиси орқали ҳам РФ радиоси узатилган», дейилган вазирлик сайтида.

Днестрбўйи ИИВ портлашларни ким амалга оширгани борасида версияларини илгари сурмаган. Яна бир твитда қисқача қилиб тарихий маълумот келтирилади: «ПРТЦ - Днестрбўйи радиотелемаркази. Бу собиқ СССРдаги 14 та радиоузатиш марказларидан бири бўлган. Марказ сигналини АҚШ, Яқин Шарқ ва Лотин Америкасига узатиш мумкин. Радиомарказ 60-йиллар охирида қурилган».

Тирасполда портлашлар рўй берганида ҳам ҳеч қандай версиялар янграмаганди. «Интерфакс» мухбири бу портлашда Днестрбўйи давлат хавфсизлик вазирлиги биноси зарарлангани ҳақида хабар қилган. Унинг маълумотига кўра, бино РПГ-27 ёки РПГ-22 гранатомётидан ўққа тутилган. Икки ҳолатда ҳам жабрланувчилар бўлмаган.

Бу катта эҳтимол билан советлар даврига мансуб РПГ-27 «Таволга» гранатомёти, у ҳозирда фақат Россия, Днестрбўйи, Габон ва Иордания қуролли кучлари ихтиёрида мавжуд. 

27 апрел куни эса Днестрбўйи ИИВ Колбасна қишлоғидаги Европадаги энг йирик қурол омборхоналаридан бирининг ҳудудида бир неча дрон қайд этилганини хабар қилди. Вазирлик маълумотига кўра, улар Украина ҳудудидан учирилган. 

«Соат 8:45да, Украина томондан Днестрбўйидаги Колбасна аҳоли ҳудуди томонга бир неча бор ўт очилди», дейилади вазирлик хабарида.

Жабрланувчилар ҳақида маълумотлар йўқ.

Днестрбўйидаги омборхона советлар иттифоқи парчаланганидан кейин мазкур ҳудудда қолган. Ўтган вақт мобайнида бу ерни № 13962 (ёки Россия қўшинларининг оператив гуруҳи) қўриқлаб келади.

Молдова президенти «Днестрбўйидаги турли гуруҳларнинг ички қарама-қаршилиги» ҳақида гапирди

Молдова ҳукумати қошидаги реинтеграция бюроси 25 апрел куни Тирасполдаги портлашлардан хавотир билдирганди. «Мавжуд маълумотларга кўра, номаълум шахслар региондаги хавфсизлик масалалари билан шуғулланувчи тузилма штабини  гранатомётдан ўққа тутган. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар ва жабрланувчилар йўқ. Бу ҳодисадан мақсад конституцион ҳукумат томонидан назорат қилинмайдиган Днестрбўйи регионидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни кескинлаштириш учун баҳона яратишдир», дейилади баёнотда.

26 апрел тонгида радиотелемарказ ҳудудидаги портлашларга реакция янада кескин бўлди. Молдова президенти Майя Санду мамлакат олий хавфсизлик кенгаши йиғилишини чақирди, унинг якунида жамоат тартибини сақлашга масъул бўлган барча хизматлар ва муассасаларнинг тайёргарлик даражасини ошириш, шунингдек Молдова ҳудуди ва чегараларда патрул ва текширувлар интенсивлигини ошириш бўйича қарорлар қабул қилинди. Санду рўй берган ҳодисаларни «минтақадаги вазиятни беқарорлаштиришдан манфаатдор бўлган Днестрбўйидаги турли гуруҳлар ўртасидаги қарама-қаршилик» натижаси деб баҳолади ва аҳолини «провокацияга учмаслик»ка чақирди.

Молдова Ахборот ва хавфсизлик хизмати эса фуқароларга мурожаат билан чиқди. «Биз жамоатчиликни хотиржамликни сақлашга, тасдиқланмаган манбалардан, айниқса нафрат уйғотиш ва уруш қўзғатишга қаратилган маълумотларни тарқатишдан тийилишга чақирамиз. Вазият мураккаблигини ҳисобга олган ҳолда, масъулиятли бўлишга ва танқидий фикрлашга таянамиз», дея хизмат баёнотидан иқтибос келтирган «Интерфакс».

Тираспол ва Москванинг реакциялари

Давомли портлашлардан кейин тан олинмаган Днестрбўйи республикаси президенти Вадим Красносельский ҳам хавфсизлик кенгаши йиғилишини чақирган. Йиғилишда террорчиликнинг «қизил» даражаси эълон қилинди ва «зарурат туғилганда одамлар эвакуацияси, жабрланувчиларни қабул қилиш, шошилинч руҳий ёрдам кўрсатиш ва қаровсиз қолган мулкларни қўриқлаш» чоралари кўрилишини маълум қилди.

Днестрбўйидаги кучишлатар тузилмалар кучайтирилган хизмат ўташ режимига ўтказилди, Тирасполга киришда блокпостлар ўрнатилди. Мактабларнинг бир қисмида таълим онлайн режимга ўтказилди, шунингдек аҳоли кўпчилик бўлиб тўпланиши хавфсизликка таҳдид туғдириши ҳисобга олинган ҳолда 9 май кунги Ғалаба паради бекор қилинди.

ТАСС хабарига кўра, Днестрбўйи хавфсизлик кенгаши икки эмас, учта «террорчилик ҳужуми»ни тасдиқлаган. Красносельскийнинг матбуот хизмати гўёки Тирасполдаги ҳарбий қисм яқинида ҳам ҳужум рўй берганини хабар қилган.

«Интерфакс»нинг Тирасполдаги аноним манбаси эса душанба куни яна икки портлаш бўлгани - Днестрбўйи «мудофаа вазирлиги авиапарки»даги ҳодисада қурбонлар ва вайронгарчиликлар кузатилмаганини хабар қилган. Унинг версиясига кўра, давлат хавфсизлик вазирлиги биносига ҳужум «Украина ҳудудидан айланма йўллар орқали кириб келган уч нафар номаълум шахс» томонидан содир этилган.

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков РФ президенти маъмурияти Днестрбўйидаги вазият кескинлашувини диққат билан кузатиб бораётганини айтди. Журналистлар ундан Россия президенти Владимир Путин Санду билан боғланиши эҳтимоли бўйича сўрашди.

«Йўқ, айни вақтда ҳеч қандай контактлар режа қилинмаган, бундай режалар йўқ. Айтишим мумкин бўлгани шуки, биз воқеалар ривожини диққат билан кузатиб бормоқдамиз. У ердан хавотирга солувчи хабарлар келмоқда», деган Песков.

Ўз навбатида, Россия ТИВ раҳбари ўринбосари Андрей Руденко портлашлар учун айбдорлар жавобгарликка тортилишига умид билдирди ва Москва «текширувлар натижасида бунинг ортида ҳам қўшни регионлардаги зўравонликларни келтириб чиқарган кучлар тургани фош бўлишини истамаслиги»ни қўшимча қилди.

Киевнинг реакцияси

Душанба куни Тирасполдаги портлашларга муносабат билдирган Киев Москвани провокация қилишда айблади. «Кўриниб турибдики, бу ФСБ томонидан ваҳима уйғотиш ва Украинага қарши кайфият шакллантириш мақсадида ўтказилган навбатдаги провокацион тадбир ҳисобланади. Режага кўра, Днестрбўйини ҳарбий ҳаракатларга жалб этиш кўзда тутилган. Ёки маълум сафарбарлик захираси бўлган ҳудуд сифатида ёки Россия қўшинлари Украина ҳудудига ҳужум қилиши мумкин бўлган ҳудуд сифатида», дейилади Украина мудофаа вазирлигининг бош разведка бошқармаси пресс-релизида.

26 апрел куни Украина разведкаси Днестрбўйи аҳолисига гўёки Украина қуролли кучлари номидан СМС-хабар бораётгани ва унда Украина томонидан мазкур ҳудуддаги ҳарбий объектларга «ракета ва артиллерия зарбалари йўлланиши» тўғрисида огоҳлантириш келтирилгани ҳақида хабар қилди. Украина разведкаси бундай СМС-хабар Россия таъсиридаги ахборот ресурслари томонидан фаол тарқатилганидан келиб чиққан ҳолда, бу Россия махсус хизматларининг Украина ва Молдовага қарши навбатдаги провокацияси деган хулосага келган.

Украина президенти офиси маслаҳатчиси Алексей Арестович россияликларнинг Днестрбўйи томондан ҳужум қилиши уларнинг Украинадаги мағлубиятини тезлаштиришга хизмат қилишини айтди.

«Россия томони давлат ҳокимиятининг энг юқори вакиллари даражасида Молдовани босиб олиш зарурлигини айтмоқда», дея таъкидлади Арестович ва Украина бу таҳдидни тўла англаши, қўшнилар билан доимий алоқада бўлиб тургани ва нима қилиш лозимлигини билишини қайд этди.

«Россия раҳбариятига шуни айтишим мумкинки, яна бир йўналишнинг қўшилиши бу ерда сизнинг ҳарбий мағлубиятингизни ва халқаро майдонда сиёсий мағлубиятингизни тезлаштиради», дея қўшимча қилди у.

Украина президенти Володимир Зеленский ҳам Украина Россия армиясининг Днестрбўйи томондан эҳтимолий ҳужумига тайёр эканини айтиб ўтди.

«Молдованинг вақтинча оккупация қилинган ҳудуди, тўғрироғи Днестрбўйида кўп йиллардан буён доимий жойлашган Россиянинг у ёки бу қўшинлари ҳақида гапирадиган бўлсам, улар доим жанговар шай ҳолатда туришидан хабардормиз. Улар у ёки бу буйруқни кутиб туришади. Бироқ биз уларнинг куч-қудратидан ҳам хабардормиз. Украина қуролли кучлари уларга қарши курашишга тайёр ва улардан қўрқмайди», дея қайд этди Зеленский АЭХА (МАГАТЭ) бош директори Рафаэл Мариано билан Киевда ўтган брифинг чоғида.

Украина президенти Днестрбўйида кузатилган сўнгги воқеалар Россиянинг минтақада вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган провокацияси экани яққол аён эканини таъкидлади.

«Биз бу Россия Федерациясининг қадамларидан бири эканини аниқ тушунамиз. Бу махсус хизматларнинг иши, бу агар Молдова Украинани қўллаб-қувватласа, бошқа қадамлар ҳам бўлишини англатади...», деди у.

Россия мудофаа вазирлиги Украина жануби орқали «рус тилли аҳоли камситилаётган» Днестрбўйига чиқиш вазифасини қўйган

Днестрбўйидаги портлашлар РФ қуролли кучлари Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ўринбосари генерал-майор Рустам Миннекаев Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиёти мақсадларидан бири Днестрбўйига қуруқлик орқали йўл очиш эканини айтганидан уч кун ўтиб содир бўлди. Россиялик генерал «бу ердаги рус тилида сўзлашувчи аҳолига зулм ўтказиш ҳолатлари кузатилаётгани қайд этилгани»ни айтган.

Аммо Россия қўшинлари яқин орада Днестрбўйига етиб бориш учун уриниши бўйича маълумот йўқ. Россиянинг Украина жанубидаги юришлари март ойидаёқ Николаев яқинида тўхтатилганди — ҳаво-десант кучлари бўлинмалари Николаевдан шимолда жойлашган Жанубий Буг дарёсини кечиб ўта олмади Херсон областига чекинишга мажбур бўлди. Апрел ойи бошида бу фронтга Киев атрофидаги жанглардан бўшаган украиналик ҳарбийларнинг бир қисми ташланди, аммо украинларнинг қарши ҳужумлари ҳам ҳозирча самара келтирмади.

Шундан буён апрел ойи бўйи жанубий-ғарбий йўналишда (Николаев, Херсон областлари ва Днепропетровск области жануби) кичик тўқнашувлар давом этмоқда. Россия армияси ҳозирча Днепрнинг ўнг соҳилида, Херсон ва Новая Каховка ҳудудида жойлашган плацдармни ушлаб турибди, аммо ҳозирда Одесса ва Днестрбўйи томонга кенг кўламли ҳужум бошлаш режалаштирилмаган. Ҳозирча бу йўналишга россиялик ҳарбийларнинг қўшимча кучлари ташланмаяпти.

Днестрбўйидаги Россия ҳарбий бўлинмаси (ДМРдаги кучларнинг оператив гуруҳи) эса ҳозирги уруш ўлчовлари бўйича жуда кичик: тан олинмаган республикада иккита мотоўқчилар батальони ва жами сони икки минг кишига ҳам етмайдиган бошқарув ва таъминот қисмлари жойлашган. Одессанинг ўзидаги Украина бўлинмалари (Николаев атрофидаги жангларга жалб этилмаган, Қора денгиз соҳили ва Днестрбўйи билан чегарани қўриқлаш билан машғул бўлган 28-механизациялашган бригада ва ҳудудий мудофаа қисмлари) Днестрбўйидаги Россия гуруҳидан сон жиҳатдан бир неча баробар устунликка эга.

Днестрбўйининг ўз армияси (камида 10 минг кишидан иборат) сон жиҳатдан ўзининг асосий потенциал рақиби — Молдова армиясига тенг. Аммо тан олинмаган республика урушга қўшилишга қарор қилса ҳам, бу кучлар Украина билан урушдаги вазиятга таъсир кўрсатиш имкониятига эга эмас.

Зиддиятнинг қисқача тарихи

Днестрбўйидаги можаро 1980-йиллар охирида юзага келган. Молдова ССРда националистик ва руминпараст кайфиятлар ўсиши фонида мамлакатнинг бир қисмида маркази Тираспол бўлган Днестрбўйи Молдова республикаси тузилгани эълон қилинади (уни Кишинёв ҳам, Москва ҳам тан олмаган). СССР мавжудлигини йўқотгач, тан олинмаган республика Днестрбўйи Молдова республикаси сифатида яшашда давом этади.

1992 йилда можаро очиқ қуролли тўқнашувга айланади ва бу низо бир неча ой давом этади. Тўқнашувларда мингдан ортиқ киши ҳалок бўлади. Россия воситачилигида тинчлик сулҳи тузилади, шундан сўнг регионга россиялик тинчликпарвар кучлар киритилади. Ўшандан буён можаро музлатилган, томонларнинг можарони ҳал қилиш учун уринишлари бесамар бўлиб келмоқда. Днестрбўйи Молдова республикаси де-факто мустақилЮ аммо унинг мустақиллигини БМТга аъзо бўлган мамлакатларнинг ҳеч бири тан олмаган.

Мавзуга оид