Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Китобга йўқ пул ҳокимиятни таъмирлашга топилади: Андижонда танлов ғолиби бўлган мактабларга совғалар берилмади
“Ижодий-маданий масалалар бўйича энг фаол тарғиботчи” республика танловининг туман ва шаҳар босқичи ғолибларига китоблар берилмади. Тарғиботчилар учун 6 млн сўмни “қизғанган” Жалақудуқ тумани ҳокимлиги эса 600 млн сўмга яқин пулни бошқа мақсадларда ишлатмоқда.
Андижон вилоятида 1–10 апрел кунлари “Ижодий-маданий масалалар бўйича энг фаол тарғиботчи” республика танловининг туман-шаҳар босқичлари бўлиб ўтди. Ғолиб учликка топширилиши керак бўлган жами 6 миллион сўмлик китоблар жамланмаси берилмаган.
Танлов низомида белгиланган китобларни фақатгина Андижон тумани (!) ғолибларга рисоладагидек топширган.
Мазкур танлов низоми Республика маънавият ва маърифат маркази, Халқ таълими вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар ижодий уюшмаси томонидан имзоланган. Танлов асосан умумтаълим мактабларининг тарғиботчилари орасида ўтказилади.


Низомда ҳам юқоридаги ташкилотларнинг қуйи бўғинлари томонидан туман ва шаҳар босқичларида 1-ўринни қўлга киритган тарғиботчи мактабига 3 млн сўмлик, 2-ўринга 2 млн сўмлик, 3-ўринга эса 1 млн сўмлик китоблар жамланмаси берилиши белгиланган.
Вилоят Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Муродил Ғофуровнинг Kun.uz мухбирига айтишича, ижод фондида етарли маблағ бўлмагани боис, ғолибларни китоблар жамланмаси билан тақдирлаш масаласи бўйича вилоят ҳокимлигига хат киритилган. Мазкур хатга жавобан, вилоят ҳокими ўринбосарининг туман/шаҳар ҳокимларига ғолибларни тақдирлаш ва керакли китобларни олиб бериш бўйича топшириқ хати туширилган.
“Бу йил танлов биринчи марта ўтказилаётгани учун озгина муаммолар бўлди. Туман-шаҳар босқичларида китоблар берилмаган бўлса-да, совғалар берилди. Масалан, Андижон шаҳрида телевизор берилди. Айрим туманларда бироз китоблар берилди. Вилоят босқичида эса низом асосида барча ғолиблар тақдирланди. Ўша пайтда ҳокимлар Мўйноқда хизмат сафарида бўлгани учун маблағ ажратиша олмади. Лекин имкон даражасида совғалар берилди”, – деди Муродил Ғофуров.
Эътиборлиси шундаки, ижодий ва маданий тарғиботчилар учун бор-йўғи 6 млн сўмгина ажратиш учун “қорни оғриган” айрим туман ҳокимликлари бошқа мақсадларда юз миллионлаб сарфламоқда.
Жумладан, Жалақудуқ тумани ҳокими апрел ойида бюджет маблағларидан сарф қилиш учун икки бор фармойиш имзолаган. Бу фармойишларга кўра, туман ҳудудини ободонлаштириш ҳамда туман ҳокимлиги биносини жорий таъмирлаш учун 100 млн сўмдан ажратилган. Умуман, ҳокимлик турли йўналишларга жами 592 миллион сўм миқдорида маблағ ажратган.
Президент томонидан 1 апрелдан бошлаб бюджет маблағларини ортиқча нарсаларга сарф-харажат қилмаслик топшириқ қилиб белгиланган бир пайтда, туман ҳокимлиги биноси таъмирланиши учун маблағ ажратилиши тушунарсиз.
Ўйлаймизки, Андижон вилоятидаги барча туман/шаҳар ҳокимликлари танлов ғолибларини низомда белгиланган тартибда тақдирлаб, китобларни мактабларга етказиб беришади.
Мавзуга оид
16:07 / 16.04.2025
«Андижон турмаси» шаҳар ташқарисига кўчирилади — президент
13:40 / 16.04.2025
Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарада эркин савдо зоналари ташкил этишни режалаштирмоқда
11:47 / 23.02.2025
Андижонда 11 йил аввал содир этилган жиноят фош этилди
17:09 / 25.01.2025