Ўзбекистон | 16:01 / 27.04.2022
7966
6 дақиқада ўқилади

“Халқаро тил билиш даражасини баҳолаш соғлом рақобат асосида бўлиши керак” – Cambridge English имтиҳонлар маркази асосчиси билан суҳбат

Бирор соҳада монополияга йўл қўймаслик керак

Биз яқин яқингача халқаро инглиз тили имтиҳонлари деганда фақат IELTS’ни ёки TOEFL’ни назарда тутар эдик. Бугунги даврда бирор соҳада монополияга йўл қўйилиши керак эмас. Сифатни ошириш учун жуда кўп рақобатчи имтиҳонлар олиб кирилиши керак. Шу мақсадда Ўзбекистонга илк марта 2018 йилда халқаро Cambridge Assessment English имтиҳонларини олиб кирдик. Бу IELTS’дан фарқли ўлароқ дунёнинг 20 мингдан ортиқ ташкилотларида тан олинади. IELTS эса 10 мингдан зиёд ташкилотларда тан олинган. Cambridge Assessment English имтиҳонлари фақат ўқувчи ёки талабалар эмас, турли ёшдаги ва қатламдаги ходимлар учун ҳам тил билиш қобилиятини аниқлаб беради.

2021 йилда президент томонидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ташкил этилди. Бу билан хорижий тилларни ўрганиш ва сертификатга эга бўлиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Тил ўрганиш фақатгина сертификатга эга бўлиш учун эмас, бевосита шу билимлар ўқув жараёни билан интеграциялашуви керак. Шу мақсадда Cambridge Assessment English’нинг кўп даражали тестларини амалга ошириш йўлга қўйилмоқда.

Ўқитувчилар учун 50 фоизли устама ҳақ олиш имкониятини берадиган тил билиш ва уни амалда қўллаш имтиҳонлари ҳам айнан шу дастурлар асосида амалга ошириляпти.

Агентлик билан ҳамкорликда бутун республика бўйлаб ўқитувчилар учун онлайн тренинг бошладик. Бунга республикамизнинг чекка ҳудудларида ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг тил ўрганиш учун имконият даражаси пастлиги сабаб бўлди. Шаҳар шароитида имкониятлар кўпроқ, аммо чекка қишлоқларда бунинг иложи йўқлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Шунинг учун биз ўша ҳудудларда каскад тамойили асосида мобил гуруҳларни йўлга қўйдик. Олис ҳудудларда ўқув марказларини очиш хусусида ҳам қатор ишлар амалга оширяпмиз. Чунки шаҳар марказидан 160 км узоқда яшайдиган аҳоли учун ўқув марказига қатнаш имкони йўқ. Ўша ҳудудларга Cambridge Assessment English дастури асосида бепул ўқув қўлланмалари ва китоблар етказиб беряпмиз. Бу аллақачон ўз самарасини бера бошлади.

Яқинда Самарқандда ўқитувчиларнинг тил билиш даражасини аниқлаш бўйича тажриба ўтказмоқчимиз. Ҳокимлик билан биргаликда вилоятда 4,5 минг нафар инглиз тили ўқитувчилари бўлса, уларнинг барчасини тестдан ўтказишни режалаштирганмиз. Агар шу пилот лойиҳамиз яхши натижа берса, бутунреспублика бўйлаб татбиқ қилиш кўзда тутилган.

Соғлом рақобат бор жойда нархлар оширилмайди

Сунъий интеллект ёрдамида тил ўрганиш мумкин бўлган Linguaskill дастури ҳам жорий этиляпти. Бу фақат компьютерда амалга ошириладиган тил ўрганиш курси бўлиб, дунёдаги энг аниқ тил билиш даражасини белгилайдиган дастур ҳисобланади. Чунки унинг заминида Cambridge Assessment English тил билиш соҳасининг лидери турибди. Ҳар йили 7 млндан зиёд одамлар бу имтиҳондан ўтади.

Қулайлик жиҳатларидан бири шундаки, имтиҳон топшириш нархлари IELTS имтиҳонларидан икки марта арзон ва бунда номзод инглиз тилининг қайси босқичида қийинчиликка учраса, кейинги имтиҳонда фақат ўша босқични амалга оширади. Буни жорий этишдан мақсад кам даромадли аҳоли учун ҳам тил ўрганишда енгилликлар яратишдир. Имтиҳонлар қанчалик кўп бўлса, уларнинг нархлари ҳам ошмайди. Шу каби дастурлар йўлга қўйила бошлагач, сўнгги 6 ойда IELTS имтиҳонлари нархларида ўсиш бўлмаяпти. Вазирлар Маҳкамаси қарорига биноан Linguaskill сертификати ҳам абитуриентлар учун имтиёз берадиган сертификатлар рўйхатига киритилди.

Хориж билан ҳамкорлик ва ўзбек тилидаги илк тил ўргатувчи дастур

Cambridge Assessment English имтиҳонлари ҳозирча фақат Самарқанд вилоятида ўтказиляпти. Аммо қўшни давлатлардан ҳам келиб бизда имтиҳон топширишяпти. 2019–2020 йилларда – пандемиядан аввал 30 нафар хитойлик ўқувчи келиб бизда имтиҳон топширган эди. Ҳозир мазкур имтиҳонларни Ўзбекистонда топшириш бўйича Россия, Қозоғистон, Беларус каби давлатлардан бизга жуда кўплаб таклифлар тушяпти. Бу бевосита юртимизда таълимни экспорт қилишни йўлга қўяди.

Ҳозирда инглиз тилини ўрганиш учун онлайн ресурслар жуда кўп. Яқинда агентлик Янги Зеландия билан ҳамкорликда 30 кунга мўлжалланган дастурини интеграциялашни бошладик. Ҳар куни бештадан сўз талаффузи, ишлатилиши, мисоллари ва 16 тилда таржимаси билан ўрганиш мумкин. Тил – бу кўникма, уни ишлата олиш керак. 200та сўзни билиш эмас, 50та сўзни ишлата олиш муҳим ҳисобланади.

АКТ вазирлиги билан биргаликда ўзбек тилида илк марта хорижий тилларга ихтисослашган онлайн дастур яратиляпти. Бу дастур бутун республикамиз аҳолисига бепул тақдим қилинади. Чунки халқаро тил билиш даражасини аниқловчи имтиҳонларга, умуман хорижий тилларни ўрганишга талаб ортяпти. Бу борада ресурслар масаласи долзарб масала бўлиб қоляпти.

Интервью давомида халқаро имтиҳонлар ҳақидаги 100та сўздан иборат инглиз тилидаги энг яхши изоҳ муаллифига IELTS китоблари муаллифларидан уларнинг дастхатлари туширилган китоблар тақдим этилади.