Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хушнуд Худойбердиев ўзини “Борига барака” ўйинида синаб кўрди. 2-раундда “қовун туширган” Жобир Аҳмедов жамоасига “вабанк”да омад кулиб боқмади
Ўрта асрларда қароқчилар ўлжани қандай бўлиб олган? Марафончилар югуришдан олдин нега вазелин ишлатади? Венециядаги официантлар нима учун тўппонча билан қуролланади? “Заковат” телеўйини баҳорги мавсумининг иккинчи ўйинидаги қизиқарли саволлар билан танишинг.
22 апрел куни “Заковат” телеўйини баҳорги мавсумининг иккинчи ўйини бўлиб ўтди. Ўйин столидан эса “Заковат” клубининг энг тажрибали жамоаларидан бири – Жобир Ахмедов жамоаси ўрин олди. Алоқачи, тилшунос, файлафус, ҳуқуқшунос, туризм эксперти ва шифокордан ташкил топган бу универсал жамоа мухлислари жуда кўп.
Жамоа аъзолари:
Жобир Аҳмедов - шифокор (жамоа сардори);
Хушнуд Худойбердиев - ҳуқуқшунос;
Рушана Ражабова - филолог;
Темур Мирзаев - туризм эксперти;
Хаётилла Раҳмонов - алоқачи;
Умид Наримов - файласуф.
1-раундда Эстониядаги рамзий қабр ҳақидаги расмли саволда жамоа тўғри йўналиш олиб, муҳокамани яхши олиб борган бўлса-да, тўғри жавобга етиб бора олмади. Ҳисоб– 0:1 мухлислар фойдасига.
Жамоа мотиватори Хушнудбек Худойбердиев шерикларини руҳлантирди.
2-раундда Лондонда таҳсил олаётган ўзбек талабасининг саволи бир қарашда оддий туюлса-да, негадир билимдонлар бу саволни ҳам топа олишмади – жамоада тўғри вариант бўлганига қарамай, бироз мураккаброқ бошқа вариант танланди. Ўзларининг таъбири билан айтганда “қовун туширилди”. Ҳисоб –0:2.
3-раундда ҳам аввалги раунд сценарийси такрорланди. Тўғри вариант ўрнига бошқаси бериб юборилди. Ҳисоб – 0:3.
Ҳисоб 0:3 бўлиши жамоани бироз саросимага солди. Аммо Хушнудбек Худойбердиев жамоадошларини хотиржамликка чақириб турди.
Ниҳоят, 4-раундга келиб жамоа ўзига келгандай бўлди. Қизғин муҳокамадан сўнг қизиқарли саволга тўғри жавоб берилди. Ҳисоб – 1:3.
Кўтаринки кайфият билан бошланган 5-раунд саволи Канада қора айиқларининг мўйнаси ҳақида бўлди. Турлича вариантлар берилган бўлса-да, жамоа сардори дастлабки раундлардаги хатосини такрорламади ва тўғри вариантни танлай олди. Ҳисоб – 2:3.
6-раундда қора юморга уста бўлган Анвар Обиджон асаридан тузилган савол билимдонларга рўпара бўлди. Анвар Обиджон асаридаги персонаж касбини топиш талаб этилган ҳазил савол ва унга берилган тўғри жавоб билимдонларнинг кайфиятини кўтарди. Тарози паллалари тенглашди – 3:3.
7-раунд саволи Алишер Навоийнинг “Хамса”си ва “Алишер Навоий” метро бекати ҳақида бўлди. Ўз варианти тўғрилигига ишониб юборган жамоа бошқа вариантлар излашга тиришмади. Тўғри жавоб янграгач, жамоа савол фалсафасига етиб бормагани ойдинлашди. Ажойиб савол ва ҳисоб – 3:4.
8-раунд. Навоийлик мухлиснинг Венециядаги официантлар нега тўппонча билан қуролланиши ҳақидаги саволига билимдонлар осонлик билан жавоб топди. Ҳисоб яна тенглашди – 4:4.
9-раундда ҳам яна бир ажойиб савол ўйналди. Навбатдаги жумбоқли савол қароқчиларнинг ўлжани бўлиб олиши ҳақида бўлди. Ушбу саволга Хушнуд Худойбердиев нотўғри вариантни бериб бўлганидан кейингина жамоада тўғри жавоб янграб қолди. Эҳ, аттанг. Билимдонларга яна озгина вақт берилганда бу саволни ҳам олган бўлишармиди... Майли, турли фаразларга берилмаймиз. Ҳозирча ҳисоб: 4:5.
10-раундда Алишер Навоий қаламига мансуб мисралардан тузилган чиройли савол ўйналди. Озодаликни тарғиб қилувчи шеърий топишмоқда билимдонлар тўғри вариант чиқмагунча изланишди. Бу раундда ҳам фаоллик кўрсатган Хушнудбек Худойбердиев тўғри жавобга етиб бора олди ва ҳисоб учинчи бор тенглашди – 5:5. Тасаввурни ишга соладиган ажойиб савол!
6:5 ҳисобида ғалаба қозонган тақдирида ҳам бу ҳисоб билан финалга чиқолмаслигини тушуниб етган жамоа таваккалчиликка қўл уришга мажбур бўлди.
Жамоа сардори “вабанк” (“борига барака”) ўйинини танлаб, охирги раундда қатнашадиган ягона билимдон сифатида бугун ўйини очилиб турган Хушнуд Худойбердиевни қолдирди. Агар у охирги саволни топса, жамоага 6:0 ҳисобидаги ғалаба, тополмаса, 0:6 ҳисобидаги мағлубият ёзилади. Хуллас, ё чикка ё пукка.
“Омад”ни қарангки, ўйин столидаги пирилдоқ Хушнуд Худойбердиевга блиц саволларини танлаб турибди! Энди у бир эмас, учта саволга тўғри жавоб бериши лозим.
Биринчи саволдан эсон-омон ўтиб олган ҳуқуқшунос, афсуски, 2-саволда “қоқилди”. Ҳисоб – 0:6, мухлислар фойдасига.
Шу билан кўплаб мухлисларнинг севимли жамоаси учун баҳорги мавсум ўз якунига етди.
Ўйинда тушган саволлар ва уларнинг тўғри жавоблари билан қуйидаги стенограмма орқали танишишингиз мумкин.
1-раунд. Диққат экранга қаранг!

Бу 1992 йилда Эстонияда қурилган рамзий қабр. У 1940 йилда Эстонияга кириб келган ва 1992 йилда чиқиб кетган. Шунга атаб махсус қабр тоши ўрнатилган.
Диққат савол: 1992 йилда "Йил қурбони" бўлган нимага бу қабр ўрнатилган?
Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: Бизнинг ўзимизни ҳам тарихимиз эсимга тушиб кетди. 40-йилларда биз ҳам лотин ёзувидан кирилл ёзувига, яъни кирилл алифбосига ўтганмиз. Балким, уларда ҳам худди шунақа бўлгандир. Бу ерда гап кирилл алифбоси ҳақида кетаётган бўлиши мумкин.
Тўғри жавоб: Йиллар тўғри келяпти, сиз айтган гапга. 1940 йилда Эстония СССР таркибига кирган, Болтиқбўйи давлатлари кирган. 1991-92 йилда чиқиб кетишган. 1992 йилда улар бутунлай уни ерга кўмишган. Қабртошида эстон тилида тахминан қуйидаги сўзлар ёзилган: бу ерга руслар рубли дафн этилган, деган сўзлар бор. Эстония кўп давлатлар каби ўз валютасига эга бўлишган. Рублни дафн қилишган.
Савол муаллифи Саида Усмонова 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
2-раунд. Савол муаллифи – Ислом Нурмуҳаммадов, Лондон шаҳри.

Бошловчи: Экрандаги расмга диққат билан қарасангиз, столда деярли ҳеч нарса йўқ. Одам ўтиргандан кейин битта-битта, секин-секин нарсалар келар экан. Столда ҳар бир одамга учтадан пичоқ қўйилган. Лондондаги ресторанларда меҳмонлар ўтириши билан бир егуликни қўйишар экан. Тарелканинг устидаги пичоқ шунга қўйилган.
Диққат савол: Инглизлар зиёфатда энг биринчи нимани истеъмол қилишади?
Жавобни Темур Мирзаев беради: Ўзбек йигитининг эътиборини тортган нарса деб ўйладим. Кечки овқатда ҳазм бўлиши энг қийин бўлган нарса бор – қовун. Тарелкада пичоқ билан қовун олиб келинган бўлиши мумкин.
Тўғри жавоб: Столда ҳали овқатлар қўйилмаган. Ўтиришингиз билан аввал нон ва у олиб келинади. Ҳар бир меҳмон базмдан олдин биринчи бўлиб уни емоғи керак. Чунки у тиббиётда ҳам тасдиқланган. Улар дастлаб сарёғ истеъмол қилишган.
Савол муаллифи Ислом Нурмуҳаммадов 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
3-раунд. Савол муаллифи – Дилхумор Тўлашова, Учқўрғон тумани.
Бошловчи: У дастлаб Амстердам аэропортининг кутиш залида қурилган мослама ҳисобланади. Автомат мослама. У автомат 5-10$ эвазига сизнинг бир буюртмангизни чиқариб беради.
Диққат савол: Кутиш залида бу автоматга нима буюртма қилинади?
Жавобни Жобир Аҳмедов беради: Гулларни чиқариб беради.
Тўғри жавоб: Кутиш залида бир умр кўрмаган кишингизни кутиб оляпсиз. Уни кўрмагансиз, шунда автоматга унинг исмини, шарифини, касбини ёзасизда, қўлингизда ушлаб турадиган баннер чиқариб беради. Чиройли қилиб кутаётган инсоннинг исмини чиқариб берадиган автомат.
Савол муаллифи Дилхумор Тўлашова 3 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
4-раунд. Савол муаллифи - Азизбек Мухторов, Жиззах шаҳри.
Бошловчи: Марафон югурувчиларига, катта марафон югурувчиларига стартдан олдин вазелин тарқатишар экан.
Диққат савол: Старт олдидан марафончилар вазелиндан нима мақсадда фойдаланишади? Сабаби билан айтинг.
Жавобни Темур Мирзаев беради: Вазелинни югурувчилар бошланишдан олдин бевосита қошларига суртади. Бундан мақсад ўша югуриш мобайнида терлаб, кўзлари ачишиши мумкин ва бу албатта натижага таъсир қилади.
Тўғри жавоб: Марафончиларга югураётганда пешонадан оқиб тушаётган тер халақит қилади. Шунинг учун югуришдан олдин вазелинни қошларига суртиб олишади.
Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
5-раунд. Савол муаллифи – Жаҳонгирмирзо Турғунбоев, Қўрғонтепа тумани.
Бошловчи: Канаданинг табиий бойликларидан бири бу гризли айиғи ҳисобланади. Қора рангли бу айиқларни Канадада 50 мингга яқини истиқомат қилади. Шароит зўрлигидан, яъни атрофда ҳеч қанақа аҳоли йўқ, тайгалар, ўрмонлар, шароит зўрлигидан ҳар йили улар сони ошиб бораверади. 10-15 минглаб ошиб кетади. Ҳукумат йилнинг бир мавсумида ҳар йили гризли айиқларини махсус отрядлар томонидан қириб туради, сонини камайтириб туради.
Диққат савол: Канада бу ўлдирилган қора айиқларнинг терисини қайси давлатга сотади?
Жавобни Жобир Аҳмедов беради: Ўйлашимча, бу териларни Англияга сотишади.
Тўғри жавоб: Экранга диққат қаратинг.

Улар ўлдирилган айиқ териларини шилиб Англияга сотишади. Улардан узунчоқ қалпоқлар тикишади.
Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
6-раунд. Жаҳонгир Қайнаров, Сирдарё вилояти, Сардоба тумани.
Бошловчи: Ўзбекистон халқ шоири, марҳум Анвар Обиджон бир насрий асарида, бир касбда ишловчи Абдураҳмон ака деган ҳаётий персонажни келтирганлар. Абдураҳмон ака кўчада кимни кўрса, яхшилаб қуюқ саломлашиб, хайрлаша туриб: - Майли кутаман, - деб қўярканлар. Ярим ҳазил, ярим чин қилиб.
Диққат савол: Анвар Обиджон услубидан келиб чиқиб айтинг-чи, бу персонажнинг касби нима бўлган?
Жавобни Рушана Ражабова беради: Гўрков.
Тўғри жавоб: Гўрков.
Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
7-раунд. Савол муаллифи – Башорат Расулова, Тошкент шаҳри.
Бошловчи: Тошкент метросининг Алишер Навоий бекати ҳазратнинг Хамса достонларидаги суратлар билан безатилганлигидан хабарингиз бор.




У ерда негадир 4 та достон берилган.
Диққат савол: Нега у ерда 4 та достон берилган ва қайси достонни меъморлар у ерда тасвирлашмаган?
Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: "Ҳайрат ул-аброр" учун жой ажратилмаган. Нега тасвирланмаганлиги, "Фарҳод ва Ширин", "Лайли ва Мажнун", "Саббайи сайёр" ёки "Садди Искандарий" каби аниқ персонаж йўқ. Бу кўпроқ панднома, одобнома, тарбиявий асар, кимни тасвирлашни билишмаган.
Тўғри жавоб: Меъморлар бу станцияда "Ҳайрат ул-аброр"нинг суратларини беришмаган. Негаки, бу гўзал тасвирларни кўрган яхши кишилар ҳайратланишсин деган маънода қилишган. Битта достонни, 5-достонни айнан шунинг учун қўйишмаган. Улар орамизда, демоқчи бўлишган. Улар орамизда, келган одамнинг ўзи.
Савол муаллифи Башорат Расулова 4 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
8-раунд. Савол муаллифи – Файруза Раҳматуллаева, Навоий шаҳри.
Бошловчи: Венецияда ресторан ва кафелар сувнинг устига қурилган. Ёмғир пайтида эмас-ку, бошқа пайтларда олиб чиқиб шу ерда жой қилишади, мижозлар очиқ ҳавода мазза қилиб ўтиришлари учун. Бу ерда хизмат қиладиган официантлар тўппонча билан қуролланиб хизмат қилишади.
Диққат савол: Бу тўппончанинг бошқа тўппончалардан фарқи нима? Нега уларга тўппонча беришади?
Жавобни Темур Мирзаев беради: Асосий пистолетнинг фарқи ўқ отмайди. Овоз чиқаради. Майдонда жуда ҳам кўп кабутарлар бор. Ўшаларни столлардан, овқатланаётганларнинг олдидан қочириш учун.
Тўғри жавоб: Турли хил ўйинчоқ тўппончалар билан иш қилишади. Қушларни қочириш мақсадида.
Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
9-раунд. Савол муаллифи – Қосимхон Аҳроров, Бўстонлиқ тумани.
Бошловчи: Денгиз қароқчилари орасида жуда кўп алдовлар, келишмовчиликлар бўлиб туради. Тарихда бўлиб турган, айнан топилган ўлжани бўлиш пайтида. Шунинг учун қароқчилар кемаларда ўлжани тенг бўлиш пайтида фойдаланиш учун уни олиб юришган.
Диққат савол: Нима олиб юришган?
Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: Тарози олиб юришган.
Тўғри жавоб: Библия олиб юришган, ўзларига керак эмас. Лекин бўлиш учун, мен ҳеч кимга адолатсизлик қилганим йўқ, деган мақсадда.
Савол муаллифи Қосимхон Аҳроров 5 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
10-раунд. Савол муаллифи - Ҳикматжон ва Муяссар Убайдуллаевлар, Шайхонтоҳур тумани.
Бошловчи: Шеърият мулкининг султони ҳазрат Алишер Навоийнинг қуйидаги байтларига қулоқ тутинг:
Ўн тўлин ойдин олубон ўн ҳилол,
Тозалик, озодалик ичра юрурсан бемалол.
Диққат савол: Бу байтда инсондаги қандай жараён тилга олинган?
Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: Бизнинг жавобимиз, гап тирноқлар ва уларни олиш ҳақида кетмоқда.
Тўғри жавоб: Бармоқларимиздаги 10 та тирноқларимиз худди тўлин ойдек думалоқ, у қирқилганда ҳилол ой сингари парчаланиб чиқади. Ҳазратнинг бу байти тирноқ олиш жараёни ҳақида эди.
Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
Жамоа “Бор барака” ўйинини ўйнайди.
Ўйин қоидаси: Жамоада бир иштирокчи қолади. Жамоа саволга тўғри жавоб берса, 6-0 ҳисобида ғалаба қозонади, акс ҳолда эса 0-6 ҳисобида ютқазади.
Ўйинда жамоадан Хушнуд Худойбердиев қолади!
11- раунд. Блиц саволлари муаллифи – Нуристон Марат ўғли, Ўш шаҳри.
Блиц мавзуси: Рамон Гомес де ла Серна учқур иборалари.
1-савол:
Бошловчи: Де ла Серна: тоғлар ҳам нафас олади деган. Қаердан деган саволга ...
Диққат савол: У қаерни кўрсатган?
Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: Нафас оладиган орган бурун бўлса - ғорларни.
Тўғри жавоб: Де ла Серна тоғлар ҳам нафас олади. Қаердан деган саволга, у ғорлардан деган.
2-савол:
Бошловчи: Рамон Гомес Де ла Серна сут қуйилган шишани кимгадир ўхшатган.
Диққат савол: Кимга?
Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: Онага деб кўрайлик.
Тўғри жавоб: Де ла Серна сут қуйилган шишани, яъни оппоқ ва пастка қараб кийимлари ҳам кенгайиб кетган, кўз олдингизга келтирсангиз. Оқ либосли келинчакка ўхшатган. Тўғри жавоб келинчак эди,
Савол муаллифи Нуристон Марат ўғли 6 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
Энг яхши савол муаллифи деб Башорат Расулованинг “Алишер Навоий” метро бекати ҳақидаги саволи учун 5 млн сўм пул мукофотига эга бўлди.
Ўйиннинг энг фаол билимдони – Хушнуд Худойбердиев, 5 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.
Маълумот учун, мавсум ўйинларида билимдонлар ҳар бир тўғри берилган жавоб учун 1 млн сўмдан, савол билан иштирок этган мухлислар эса саволи нечанчи бўлиб топилмаганига қараб 1 млндан 6 млн сўмгача пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Мавзуга оид
19:38 / 06.08.2024
“Заковат” Осиё кубогида Ўзбекистон жамоаси ғалаба қозонди
10:04 / 06.08.2024
Саида Мирзиёева: “Жадидлар ҳам, Алаш ҳаракати ҳам халқни озод қилишга интилган”
22:57 / 05.08.2024
“Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстона муносабатлар – бутун дунёга намуна” — Саида Мирзиёева
17:39 / 05.08.2024