Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинадаги вазият: томонларнинг баёнотлари, муносабат, ёрдам ва санкциялар
Украинада Россия армияси билан икки ойдан зиёд давом этаётган ҳарбий тўқнашувларга оид кечаги кун давомида ва 30 апрелга ўтар кечаси содир бўлган ҳодиса, янгилик ва хабарларнинг эрталабки қисқача шарҳлари билан танишинг.
Украина томонининг баёнотлари
Володимир Зеленский ўзининг одати тунги мурожаатномасида ленд-лиз учун Америка халқи ва президентига миннатдорчилик билдирган.
«Америка Қўшма штатлари, президент Байден ва Конгресга Иккинчи жаҳон урушида нацистларга қарши курашда жуда қўл келган машҳур ленд-лиз дастурининг аналоги учун миннатдорчилик билдираман.
Аминманки, айни дамда ленд-лиз Украина ва бутун эркин дунёга бизга қарши уруш очган нацистларнинг ғоявий меросхўрлари устидан ғалаба қозонишда ёрдам беради.
Ленд-лиз ва Украинани қўллаб-қувватловчи бошқа дастурлар — бу эркинлик зулмдан ҳозир ҳам ҳимоялана олишининг исботидир», — деган Зеленский.
Украина қуролли кучлари бирлашган операцияси ўтган сутка ичида эришилган муваффақиятлар ҳақида қуйидагича маълумот бермоқда (эслатиб ўтамиз, уруш даврида эълон қилинган маълумотларни мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ):
- Душманнинг 14 та ҳужуми муваффақиятли бартараф этилган.
- 11 та танк, 7 та артиллерия тизимлари, 27 та зирҳли техника, битта зирҳли ҳарбий машина ва 14 та автомобил йўқ қилинган.
Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигининг маълумотлари:
Битта Су-25 штурм ҳарбий самолёти ва 9 дона «Орлан-10» типидаги пилотсиз учар қурилмалар уриб туширилган.
«Восток» тезкор-тактик гуруҳининг маълумотлари:
Россия қўшинлари 29 апрел куни 4 та ҳужум уюштирган, жанглар давом этмоқда. Душманнинг йўқотишлари:
- Шахсий таркиб — 173; танклар — 4; БМП — 6; БТР — 2; артиллерия тактик нуқталари — 13, миномёт ҳисоблари — 2, артиллерия тизимлари — 5; пилотсиз учар қурилма — 5.
Россия томонининг баёнотлари
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Al Arabiya телеканалига берган интервьюсида Ғарб давлатлари Россиянинг 300 млрд долларини ўғирлашганини таъкидлаган.
«Бу вазиятгача тузилган шартномалар доллар ва еврода тўлов қилишни назарда тутарди. Бу тўловлар «Газпром»нинг ҳисоб рақамига тўғридан тўғри келиб тушар ва ғарб банкларида сақланади. Украинадаги махсус операциядан сўнг бизнинг ғарблик «дўстларимиз» 300 млрд доллар пулимизни ўғирлашди. Улар газ учун ўзлари тўлов қилган пулларни ўғирлашди. Бошқача қилиб айтганда, шу йиллар давомида бизнинг газимиздан текинга фойдаланишган», — деган Лавров.
Лавров Россия ядровий уруш мавзуси билан «ўйнашмаётгани»ни ҳам таъкидлади. Унга кўра, Москва биринчилар қаторида барча ядровий давлатларга ҳеч қачон ядровий уруш бошламаслик ваъдасини бериб чиққан.
«Биз Трамп командасини бунга ишонтиролмадик, бироқ Байден администрацияси бундай декларация муҳимлигини тушунди ва 2021 йил июнда Женевадаги саммитда ядровий урушга йўл қўймаслик тўғрисидаги декларация қабул қилинди. Сўнгра Россия ташаббуси билан қолган бешта ядровий давлатлар президентлари ва ҳукумат раҳбарлари даражасида шундай баёнот билан чиқишди», — деган РФ ТИВ раҳбари.
Лавров жаҳонда озиқ-овқат инқирози Украинадаги махсус операциядан анча аввал бошланганини таъкидлади.
«Озиқ-овқат инқирози жорий йилда бошлангани йўқ. У бир неча йил аввал бошланган. Бунга бир неча сабаблар бор: жумладан COVID-19 ва ғарб давлатларининг нотўғри ҳисоб-китоблари ҳам киради. Жорий вазият ҳам муаммони чуқурлаштирди. Бироқ Россияда ўзини ва ўз иттифоқчиларини Украина режимидан ҳимоя қилишдан ўзга танлов қолмаган эди», — деган Лавров.
РФ Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Россия миграцион сиёсат борасида дўст саналмайдиган давлатлар билан қайси шаклда ўзаро ҳамкорликни давом эттиришни ўйлаши кераклигини таъкидлаган.
«Мавжуд шароитларда бошқа давлатлар билан миграцион сиёсатга доир янги битимларни тузишдан тийилиб турган маъқул», — деган Медведев.
Россия Мудофаа вазирлигининг махсус вакили Игор Конашенковнинг тунги брифингида эълон қилинган маълумотлар (эслатиб ўтамиз, уруш даврида эълон қилинган маълумотларни мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ):
- Юқори аниқликдаги ракеталар билан Украинанинг 38 та ҳарбий объектига зарбалар берилган.
- Авиация 22 та ҳарбий объектни нишонга олган, улар орасида тўртта ракета-артиллерия ҳамда ёнилғи омборлари бор.
- Ракета қўшинлари «Бук-М1» қурилмаси, шунингдек Ми-24 вертолётини аниқ нишонга олган.
- Артиллерия тирик куч ва техникаларнинг 64 та жамланмасини нишонга олган, 200 дан зиёд Украина аскарлари йўқ қилинган.
Украинага кўмак
АҚШ Украина ҳарбий хизматчиларини Германияда ғарбда ишлаб чиқарилган радарлар ва зирҳли техникаларни ишлатишга ўргатмоқда — Пентагон.
Полша радиосига кўра, Варшава Киевга 200 дан ортиқ Т-72 танклари ва бир нечта пиёдалар ҳарбий машинаси етказиб берган.
АҚШнинг Украинага етказиб берадиган янги ҳарбий ёрдами гаубицалар, пилотсиз учар қурилмалардан иборат бўлади. Қурол-яроғ партияси 12 та самолёт билан етказилади, деган Пентагондагилар.
Германия Украинага гаубица етказиб бериш имкониятини ахтармоқда, дейилади Reuters хабарида.
Ирландия ҳукумати Украинани тиклаш учун Россиянинг 1,2 млрд евро миқдоридаги музлатилган активларини бериш имконини кўриб чиқмоқда, деган Ирландия ташқи ишлар ва мудофаа вазири Саймон Коувени.
Санкциялар ва Россиянинг қарши чоралари
Европа Иттифоқи давлатлари Россия нефтига қарши босқичма-босқич эмбаргони келгуси ҳафтадан маъқуллайди, деб хабар бермоқда New York Times ўз манбаларига таяниб.
Европанинг 10 та давлати Россиядан олинадиган газ учун тўловда ЕИ санкцияларидаги «лазейка»ни ёпишга қарор қилишди, деб ёзади Bloomberg.
«Евроиттифоқнинг бир неча давлатлари Еврокомиссиядан Россиянинг газ учун рублда тўлов қилиш шартлари бўйича кўрсатмаларни аниқлаштиришни талаб қилишган, чунки мавжуд таърифларни бошқача талқин қилса ҳам бўлади. Полша томонининг баёнотига кўра, Россия талабларининг турлича талқини ЕИ бирдамлигига путур етказишда русларга қурол бўлади», деб ёзади нашр.
Украинада россиялик тадбиркор Михаил Фридманга тегишли компанияларнинг активлари хатланди. Украина бош прокуратурасининг талабига кўра, умумий суммаси 15,5 млн бўлган Кипр компанияларининг активлари хатланган.
Финландияда Ротенберглар оиласининг 1,5 млн евролик кўчмас мулки музлатилган. Жумладан, Борис Ротенбергнинг Ҳанко яриморолидаги миллион долларлик вилласи, унинг ўғли Роман Ротенбергга тегишли, 300 минг евро турувчи Ferrari 599 GTB автомобили, 225 минг евролик 2 та катер хатланган.
Украина портларида 17 давлатга тегишли 75 та хорижий кема блокланиб қолган.
Россиялик фойдаланувчилар Apple’га қарши 90 миллион рубллик даъво аризасини судга киритишган.
Уруш бошланганидан буён Россия Украинага умумий қиймати 7,5 млрд долларлик 1300 дан зиёд ракеталарни учирган — Forbes.
Россия марказий банки асосий ставкани бирваракайига 3 фоиз пунктига пасайтирди — 17 фоиздан 14 фоизгача. Россия МБ прогнозига кўра, 2022 йилда йиллик инфляция 18–23 фоизни ташкил этади, 2023 йилда 5–7 фоизга тушади ва 2024 йилда 4 фоизлик кўрсаткичга қайтади. Марказий банкнинг базавий прогнозига кўра, 2022 йилда РФ ЯИМи 8–10 фоизга қисқаради, 2023 йилда ҳам қисқариш 3 фоизни ташкил этади, 2024 йилга бориб 2,5–3,5 фоизлик ўсишга эришилади.
Халқаро ҳамжамиятнинг муносабати
Пентагон матбуот котиби Жон Кирби анъанавий брифинг чоғида Путинни «ахлоқсиз» деб атаб, унинг манзилига кескин ибораларни ишлатди ва кетидан бир нечта ҳиссиётли шарҳлар берди.
Кирбидан Путинни омилкор деб атаб бўладими деб сўрашганда у Путин ва Россия қўшинлари Украинада нималар қилаётганини кўриш осон эмаслиги, «ҳар қандай одобли, маънавий етук инсон буларни оқлайди деб ўйлаш» қийин эканини таъкидлаган.
Шунингдек, Кирби Путиннинг Украинага бостириб киришдан мурод Украинадаги русларни ҳимоя қилиш, нацизмни қўпориб ташлаш ва Россия манфаатларини ҳимоя қилиш эканлиги тўғрисидаги таъкидини ҳам танқид остига олди.
«Бу риторикани у Украина ичида бегуноҳ инсонлар билан нималар қилаётганига боғлаш жуда қийин», — деган Кирби.
Жума кунги чиқишида Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес Россия президенти Владимир Путин 9 май кунги парадда жаҳон «нацист»ларига қарши янги уруш бошланиши ҳақида эълон қилиши мумкинлигини айтган, деб ёзади Daily Mail.
«Мен ҳайрон қолмайман, эҳтимолки у «биз ҳозир бутун дунё нацистлари билан уруш ҳолатидамиз, шу сабабли рус халқнинг оммавий мобилизациясини ўтказишимиз шарт», деб эълон қилиши ҳам мумкин», — деган Уоллес.
Уоллесга кўра, барча мақсадларида муваффақиятсизликка учраётган Путин ўзида қолган нарсаларни жамлашга ҳаракат қилади.
«Биз украиналикларга қоядан самарали ажралишни ва уларни ортга итарувчи импулсни сақлаб қолишларида ёрдам беришимиз керак», — дея қўшимча қилган у.
Мавзуга оид
13:11 / 28.05.2025
NYT: Россия Запорижжя АЭСни ўз энерготизимига улашни режалаштирмоқда
11:58 / 28.05.2025
Евроиттифоқ 150 млрд евролик SAFE мудофаа фондини тузди
20:37 / 27.05.2025
Келлог: Россия ва Украинанинг урушдаги йўқотишлари 1 миллион кишидан ошди
20:17 / 27.05.2025