Жаҳон | 10:40 / 01.05.2022
52989
9 дақиқада ўқилади

Урушнинг илк соатлари, қайноқ нуқталарда бўлиши ва уруш қаритгани ҳақида. Зеленский билан катта интервью

Time журнали «Зеленскийнинг ички дунёси» сарлавҳали мақола эълон қилиб, нашрнинг навбатдаги сони муқовасига чиқарди. Май ойи учун мўлжалланган янги сон 9 май куни сотувга чиқарилади.

Фото: John Moore / Getty Images

Журнал мухбири Саймон Шустер апрел ойининг икки ҳафтасини Зеленскийнинг Киевдаги офисида ўтказди ва бўлиб ўтган воқеалар Украина президентини қанчалик ўзгартириб юборгани ҳақида ҳикоя қилди.

Урушнинг биринчи соатлари ҳақида

Урушнинг биринчи соатларида рус ҳарбийлари Киевнинг Банковая кўчасида жойлашган ҳукумат биноларини эгаллашга ҳаракат қилганди. Халқ орасида Учбурчак деб аталадиган бу ерда президент Зеленскийнинг офиси ҳам жойлашган. Зеленский у дамларни элас-элас эслашини айтади, овозсиз, хира суратларда. Президент хотини билан 17 ёшли қизи ва 9 ёшли ўғлини тонг отмай уйғотгани борганини эса жуда яхши эслайди. Чунки бу вақтда шовқин-сурон кўтарилган, атрофда бомбалар портлаётганди. Ҳарбийлар Россия Киевга десантчиларни ташлагани, уларнинг мақсади президент ва оиласини ўлдириш эканини айтишади.

«Ўша тунгача бунақасини фақат киноларда кўргандик», дейди Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак. Ҳарбийлар кўчада уришаётган бир вақтда президент гвардияси Зеленскийнинг қароргоҳини қўлида бор нарсалар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қиларди. У қалъадан кўра кўпроқ темирлар уюмини эслатиб юборарди. Банковая кўчасига Зеленскийнинг жуда кўп тарафдорлари йиғилишди. Баъзилар оиласи билан борганди. Президент ва ёрдамчиларига зирҳли нимчалар, автомат берилади.

Урушнинг биринчи кунида рус ҳарбийлари бинони эгаллаб олиш учун иккита штурмни амалга оширишади. «Ўша куни ақлдан озиш мумкин эди», деб эслайди Зеленский офиси раҳбарининг маслаҳатчиси Алексей Арестович. Зеленскийнинг айтишича, босқин вақтида хотини ва болалари Банковая кўчасидаги қароргоҳда бўлишган.

АҚШ ва Британия Украина президентига ҳукумат вакиллари билан бирга Польшага эвакуация қилишни таклиф этади. Яъни ўша ердан туриб ҳукуматни бошқариш учун. Аммо АҚШ президентининг телефондаги таклифига Зеленский шундай жавоб беради: «Менга қурол керак, транспорт эмас». Украина етакчисининг бу гаплари бутун дунё нашрларининг муқовасига олиб чиқилади.

Шунингдек, Зеленскийга Киевдан узоқроқда босқинга дош бера оладиган бункер таклиф қилишади. Зеленский буни рад этади ва босқиннинг иккинчи кунида Банковая кўчасидаги қароргоҳ олдида мулозимлари билан бирга видео эълон қилди-да, ҳеч қаерга кетмаганини айтди. Бу вақтда атрофда ҳарбий ҳаракатлар давом этаётганди.

Ҳарбий ҳолатда президент офисида ишлаш

Босқиннинг биринчи ҳафтасида, ҳали Россия армияси артиллерия тизимлари Киевга «қўл узатса етгулик» масофада турган вақтда Зеленский тонгги соат 05:00 да ҳарбийлар етакчиларига қўнғироқ қилиб, фронтдаги ҳолат ҳақида ҳисобот сўраб борди. Рус аскарлари Киев областидан чиқиб кетгач, бу ҳисоботни соат 07:00 га суришди, президент нонушта қилиб олиши учун.

Time мухбирининг ёзишича, президент офиси биносининг атрофига қум солинган қопларни териб ташлашади. Бино ҳудудида мобил телефондан фойдаланиш мумкин эмас, электрдан ҳам камроқ фойдаланишарди. Ҳамма ҳарбийлар қуршовида юрарди. Ҳозирги администрация хушламайдиган тилла баргли нақшлари бор мебеллар ўша ҳолатда турарди. «Бу ерга ҳужум қилишганда бу мебелларга ортиқ қарашга мажбур бўлмасдик», дейди ҳазиллашиб Зеленский офиси вакилларидан бири.

Президент офиси жойлашган комплекс блокпост ва тўсиқлардан иборат лабиринтга айланганди. У ерга шахсий автомобилда бориб бўлмас, чақиртирилган меҳмонлардан ғалати сўзлар бирикмасидан иборат пароллар сўрашарди. Масалан, парол «қаҳва финжонлари ишқибози» каби ноодатий жумла бўлиши мумкин ва ҳар кун ўзгарарди.

Зеленский жамоаси асосий вақтни комплексдаги яширин бункерларда ўтказарди. Киев атрофидан рус аскарлари чиқиб кетгач эса мулозимлар одатий кабинетларига қайтишди. Зеленский асосий вақтини ситуацион хона деб аталадиган кабинетда ўтказарди. Деразалари йўқ ва катта экранлар билан тўлган бу хонада онлайн учрашувларни ўтказиш мумкин.

Виждон қийналиши ва дунё эътибори

Ҳар куни бункерда уйқуга кетишдан аввал Зеленский одатига кўра ортда қолган кун тартибини ниманидир ўтказиб юбормадимми, деган хавотир билан кўздан кечирарди. «Бу бемаъниликка ўхшайди. Биламан, бугунга белгиланган ҳамма ишни қилдим, лекин барибир нимадир қолиб кетгандек қайта кўздан кечирардим. Чунки виждоним қийналарди», дейди Зеленский.

Украинага бомбалар ёғдирилаётган, одамлар бомбапанагоҳларда жон сақлаётган, ҳарбий жиноятлар содир этилаётган бир вақтда президент шунчаки кўзини юмиб уйқуга кетма олмасди. «Бошқа давлатдаги одамлар урушни ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боришмоқда. Улар жонига тегса, шунчаки экранни ўчириб қўйишлари мумкин», дейди Зеленский. Инсоннинг табиати шунақа, даҳшатли нарсаларни кўргиси келмайди. Зеленский дунё бу урушни жуда хотиржам қабул қилаётганидан хафа бўлмоқда. У бутун эркин дунё ҳам урушни жон сақлашга уринаётган Украинадек оғриқли қабул қилишини истайди.

Қайноқ зоналарга бориш

Март ойи бошида, Киевни эгаллаш учун отишмалар давом этаётган бир вақтда Зеленский икки дўсти ва қўриқчилари ҳамроҳлигида қароргоҳини номаълум тарзда тарк этади ва ҳарбий ҳаракатлар масштабини ўз кўзи билан кўришни истайди. Президент шаҳар айланаркан, вайрон бўлган кўприк ва бомба зарбидан ўйилиб ётган йўлни кўради.

Зеленский блокпостда украиналик ҳарбийлар билан гаплашаётганда унинг қўриқчилари ақлдан озар даражага етишди. Чунки рус ҳарбийлари жуда яқинда юрганди. Бир неча кун ўтиб Зеленский «карам шўрва саёҳати»га чиқади. Ўша куни блокпостда уни ҳар куни аскарларга иссиқ карам шўрва олиб келадиган одам кутиб олганди.

Президент карам шўрва олиб келган ошпаз билан рус снайперлари пойлаши мумкин бўлган масофада суҳбатлашарди. Улар собиқ иттифоқ даври, СССР тарқалгач Россияга нима бўлгани ҳақида гаплашишади. Зеленскийнинг айтишича, бу учрашувдан катта таассуротлар билан қайтади. Ошпаз русларни ёмон кўриб қолганини айтиш асносида собиқ иттифоқ армиясида хизмат қилгани учун олган медалларини кўрсатади.

Зеленский ўз маъмурияти раҳбари Андрей Ермак билан Бучада, 4 апрел 
Metin Aktas—Anadolu Agency/Getty Images

Урушнинг 40-кунида Зеленский журналистлар ҳамроҳлигида Бучага борди. У ерда рус аскарлари кетганидан кейин ўнлаб тинч аҳоли вакилларининг жасадлари топилганди. Буларнинг барчасини кўзи билан кўрган Зеленский ва жамоаси нафратга тўлади. «Россия билан ҳамма тинчлик келишувини бекор қилмоқчи бўлдик, чунки уларнинг кўзига зўрға қарардик», дейди музокаралардаги Украина томони етакчиси Давид Арахамия.

Зеленскийнинг мурожаатлари ҳақида

Урушнинг биринчи кунларида Зеленский кунига биттадан нутқ сўзлади. Европа парламентида, Жаҳон банки, «Грэмми» тақдимот маросими каби бутун дунё диққат марказидаги майдонларда. Ҳар бир нутқ эшитадиган аудиторияга қараб тайёрланарди. Шунингдек, ҳар куни кечаси Зеленский Украина халқига мурожаат қилди. Нутқларнинг матнини Зеленскийнинг ўзи тайёрлайди.

Деярли ҳар бир ғарблик сиёсатчи билан учрашув якунида Зеленский қурол беришни сўрарди. У баъзан суҳбатдошларининг иккиланишларини жуда кескин кутиб оларди. Масалан, у БМТ Хавфсизлик кенгашида нутқ сўзлар экан, ташкилотни тарқатиб юборишни таклиф қилди, Германия президентидан эса Киевга келиб ўтирмасликни сўради.

Зеленский ўзини ҳарбий стратег деб билмайди. У ўзини жон сақлаш учун курашаётган давлатнинг тирик рамзи деб ҳисоблайди. «У баъзан актёр нутқ сўзлаётгандек гапиради. Ўзига келганда эса ҳақиқий эркак ва дангал инсонга айланади», дейди Алексей Арестович президент ҳақида.

Володимир Зеленский видеоалоқа орқали Ирландия парламентида чиқиш қилмоқда. 2022 йил 6 апрел
Maxwells / Reuters / Scanpix / LETA

Донбасс учун уруш ҳақида

Урушнинг 55-кунида Зеленский Россия ҳарбий ҳаракатларнинг иккинчи фазасини бошлагани, бу Донбасс учун жанг бўлишини айтди. Икки томондан бирининг армияси бу жангда яксон этилади, деб ҳисоблайди Зеленский. «Бу жуда катта уруш бўлади, бунақаси ҳали Украина ҳудудида бўлмаган. Туриб берсак, бу биз учун ҳал қилувчи вазият бўлади», дейди Зеленский.

Уруш ўзгатиргани ҳақида

«Бунақа доно бўлишни ҳеч қачон истамаганман, у мени қаритди. Бу рус аскарлари томонидан ўлдирилган, азобланган одамларнинг аксидир. Бундай нарсалар ҳақида билиб, бу қадар доно бўлишни ҳеч қачон истамаганман», деди Зеленский.

Зеленскийдан актёрликни ташлаб президентликка номзод бўлганига ачиниши ёки йўқлиги ҳақида сўрадик: «Бир сонияга ҳам афсусланмайман», деб жавоб берди президент. У уруш қандай тугаши, тарихда қандай ном билан қолишини ҳам билмайди, лекин уруш вақтида Украинага президент керак эканини билади. Ва бу лавозимда бардош билан ишламоқчи.

Мавзуга оид