Жаҳон | 15:30 / 02.05.2022
30829
6 дақиқада ўқилади

«Азовстал»дан тинч аҳоли олиб чиқилмоқда, украинлар оталари ва болаларини хотирламоқда. Уруш суратлари

Урушнинг 67-куни ўтди. Донбассда жанглар давом этмоқда. АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Киевга ташриф буюриб, Украинани қўллаб-қувватлади. Мариуполдаги «Азовстал» заводи ҳудудини тарк этганлар эвакуация пунктларида яқинлари билан учрашмоқда. Киев областидаги болалар ҳалок бўлган ота-оналарини дафн этишмоқда.

Украина президенти Володимир Зеленский ва АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси. Пелоси — уруш бошидан бери Украинага ташриф буюрган энг юқори мартабали америкалик сиёсатчи бўлди. Зеленский спикерга ташриф учун миннатдорчилик билдириб, буни «АҚШ томонидан кучли қўллаб-қувватланиш белгиси» деб атади.
Украина президенти матбуот хизмати  / AP / Scanpix / LETA

Украинадаги уруш. Сўнгги маълумотлар:

  • 1 май куни Мариуполдаги «Азовстал» заводидан 100 нафарга яқин тинч аҳоли эвакуация қилинди. Бугун, 2 май куни эвакуация БМТ ва Қизил Хоч ташкилоти кўмагида давом этиши керак. Одамларни олиб чиқиш учун Мариуполдан кетадиган эвакуация карвонига чиқиш учун иккита қўшимча жой келишиб олинди. Бу Бердянск яқинидаги Мангуш қишлоғи ва Луначар ҳалқаси.
  • Европа Иттифоқи вазирлар кенгашининг энергетика масалалари бўйича навбатдан ташқари йиғилиши ҳам бугун бўлиб ўтади, унда асосий мавзу Кремл талаб қилганидек, Россия гази учун тўловни рублда амалга ошириш бўлади.
  • Банк асосчиси, тадбиркор Олег Тинковнинг таъкидлашича, урушни қоралаган постидан кейин Россия ҳукумати уни Тинкофф банкидаги 35 фоиз улушини сотишга мажбурлаган ва миллийлаштириш билан таҳдид қилган.
  •  Россиядаги Катта (Болшой) театр Кирилл Серебренниковнинг «Нуреев» балети ва Тимофей Кулябиннинг «Дон Паскуале» операсини бекор қилди. Сабаблари ҳақида хабар берилмаган. Иккала режиссёр ҳам Украинадаги ҳарбий амалиётга қарши чиққан.
  • Яккалик баҳсларида дунёнинг собиқ биринчи рақамли теннисчиси, британиялик Энди Маррей Россия ва Беларус теннисчиларининг Уимблдон теннис турнирида иштирок этмаслигини қўллаб-қувватламаслигини айтди.
  • Актриса ва БМТнинг яхши ният элчиси Анжелина Жоли Лвов областининг Борислав шаҳрига етиб келди. Бориславда у Луганск областидан эвакуация қилинган болалар истиқомат қиладиган «Гармония» реабилитация марказига ташриф буюрди.

Қуйида 1 май куни Украинанинг турли ҳудудларида олинган суратлар.

Киев области

10 ёшли бола Ирпен ўққа тутилиши пайтида ҳалок бўлган отасининг қабри ёнида турибди.
Zohra Bensemra / Reuters / Scanpix / LETA
Ирпен ҳудудий мудофаа жангчиси бўлган 31 ёшли Олександр Можейконинг онаси Россия армияси оккупацияси вақтида ўлдирилган ўғлининг қабри тепасида йиғламоқда. Фото: AP Photo/Emilio Morenatti
Ирпен ҳудудий мудофаа қисми ва Украина қуролли кучлари ҳарбийлари Россия армияси оккупацияси вақтида ҳалок бўлган сафдошларини хотирламоқда. Фото: AP Photo/Emilio Morenatti

Мариупол 

Мариуполдан эвакуация қилинган «Азовстал» заводи ходими ўғли билан учрашмоқда. Унинг ўсмир ёшидаги ўғли аввалроқ шаҳарни қариндошлари билан тарк этганди.
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA
Эвакуация қилинган мариуполликлар Қизил Хоч жамияти ходимлари ҳамроҳлигида Россия таъсиридаги ҳарбийлар назоратига ўтган ҳудуддан ўтиб кетмоқда. Улар кейинроқ Украина назоратидаги ҳудудга олиб ўтилади. Якшанба куни Зеленский «Азовстал»дан 100 нафар атрофидаги тинч аҳоли вакиллари эвакуация қилинганини маълум қилганди.

Донбасс шимоли

Рубежноеда ишдан чиқарилган машина. Украина Қуролли кучлари маълумотига кўра, 2 май куни «душманнинг асосий ҳаракатлари шаҳарни тўлиқ назоратга олишга йўналтирилади». Фото: Станислав Красильников / ТАСС
Славянскда яшовчи 78 ёшли аёл ертўласида мураббо солинган банкани олмоқда. Шаҳар учун жанглар давом этмоқда.
Yasuyoshi Chiba / AFP / Scanpix / LETA

Харков области

Харков областидаги қишлоқда яшовчи киши бомбапанагоҳга айланган ертўласида турибди.
Felipe Dana / AP / Scanpix / LETA
Украин ҳарбийлари танкни таъмирламоқда.
Serhii Nuzhnenko / Reuters / Scanpix / LETA

Запорожье

Запорожьелик темирчи устахонасида ўқ ўтказмайдиган зирҳлар ясамоқда. Урушдан олдин у ҳамкасби билан бирга қурол-яроғ ва қилич ясарди.
Ed Jones / AFP / Scanpix / LETA
Ўққа чидамли пластинларни синовдан ўтказиш жараёни.
Ed Jones / AFP / Scanpix / LETA

Энергодар

Россия ҳарбий колоннаси Европадаги энг йирик атом электр станцияси (дунёдаги энг йирик ўнтадан бири) ҳисобланган Запорожье АЭСга олиб борувчи йўлда. Россия март ойи ўрталаридан буён Запорожье АЭСни назорат қилмоқда. 4 мартга ўтар кечаси отишмалар оқибатида ҳудудда ёнғин чиққанди — ўқув ва лаборатория бинолари ёниб кетган. Радиация даражаси нормал сақланиб турибди. Зеленскийнинг айтишича, Украинада 15 та энергоблок бор, улардан олтитаси Запорожьеда, агар улар портласа, оқибатлари даҳшатли бўлади.
AP / Scanpix / LETA

Лвов

Лвов марказида ташкил этилган ўйин. Нишонга Путиннинг портрети туширилган ва шундай ёзилган: «Нишонга теккиза олмаслик уят эмас, ўқ отмаслик уят». Фото: Carolyn Cole / Los Angeles Times / Getty Images
Лвовдаги Авлиё Пётр ва Павел ибодатхонасида ибодат қилаётган аскарлар. Кўплаб иконалар бомбардимонлардан ҳимояланиш учун ўраб қўйилган. Фото: Carolyn Cole / Los Angeles Times / Getty Images

Мавзуга оид