Жаҳон | 11:18 / 04.05.2022
22530
7 дақиқада ўқилади

Ҳар йили 5 млн бола очликдан вафот этади: 100 миллионлаб инсоннинг ёстиғини қуритган муаммо нега ҳануз бартараф этилмаяпти?

Инсоният 21-асрнинг ҳам салмоқли қисмини ортда қолдирди. Илм-фан беқиёс натижаларга эришди, тараққиёт ҳар қачонгидан-да олдинда. Аммо башарият иқтидори ҳануз ўзининг биринчи муаммоси – тўйиб овқатланишни тугал ҳал қила олгани йўқ. Нафақат ҳал қила олмади, балки сўнгги йилларда очликка маҳкумлар сони муттасил ошиб бормоқда.

Фото: iStock

Бугунги вазият

2010 йилга қадар очарчилик мунтазам камайиб борган. Аммо шундан кейин яна тескари жараён бошланди ва очликдан қийналаётганлар сони оша бошлади. 2020 йилга келиб эса сўнгги 15 йилдаги энг юқори кўрсаткичлар қайд этилди – дунё аҳолисининг ўндан бири (9,9 фоизи) ёки 811 млн инсон тўйиб овқатланмаслик азобига мубтало бўлди. Бу 2019 йилга нисбатан 161 млн кишига кўпроқ кўрсаткич бўлиб, очарчилик ортидан ўлимлар сони ҳам кескин ошиб кетди.

Кўпчиликнинг хаёлига очарчилик деганда Африка қитъаси келади. Аммо оч-наҳорлар сони бўйича Осиё биринчиликда – 418 млн аҳоли. Кейинги ўриндаги Африка қитъасида 282 млн одам элементар озиқ-овқатга зор бўлса, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси вакилларидан 60 млн нафари тўйиб овқатланишни орзу қилиб яшайди.

Бу жараёнларни мунтазам мониторинг қилиб борувчи Oxfam ташкилоти маълумотларига қараганда 2020 йилда очлик асоратларидан ўлим кўрсаткичлари 6 баробарга ортган ва ўлимга олиб келувчи сабаблар ўртасида COVID-19’дан ўтиб кетган.

Бу ҳали абсолют, яъни мунтазам очлик ҳақидаги маълумотлар. Сўнгги жиддий тадқиқотлар олиб борилган 2020 йил якунлари бўйича Ер шари аҳолисининг 30 фоизи, ёки 2,3 млрд киши тиббиёт томонидан тасдиқланган нормалар бўйича овқатланиш имкониятидан маҳрум. Яъни одамзоднинг учдан бири егуликлар билан керакли миқдорда таъминланмаган, нисбий очликдан азият чекади.

Коронавирус забтига чиққан ва якуний тадқиқотлар эълон қилинмаган 2021 йилда ҳамда дунёдаги ғалланинг салмоқли қисмини етиштирувчи Россия ва Украинанинг ўзаро зиддияти, санкцияларга қоришган 2022 йилда ҳам бу муаммо янада авж олишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.

Даҳшатли рақамлар

Очарчиликнинг энг даҳшатли оқибати – бу унинг ортидан аҳолининг оммавий қирилиб кетишидир. Инсоният тарихи сатрлари мунтазам очлик билан ёзиб борилган ва бу муаммо миллионлаб одамлар ёстиғини қуритган.

Бугунги кунда тўқлик рамзига айланган Европа ҳам бир неча бор жиддий очарчиликни бошдан кечирган. Улардан дастлабки қайд этилганлари 1030-1032 йилларда Францияга тўғри келади. Одатда ўша даврда ҳар 8-10 йилда бир марта камҳосил давр кузатилган. 1125 йилда ҳозирги Германия ҳудудида кузатилган очарчилик аҳолининг ярмини қириб юборган. 

Бу муаммо бошқа ижтимоий ҳалокатларга ҳам йўл очиб бериши билан эътиборга молик. Ўша йиллари қароқчилик, босқинчилик, одам савдоси, қотиллик ва ўз жонига қасд қилишлар кескин кўпайган. Яъни одамлар бир бурда нон учун жон олишни оддий ҳол сифатида қарай бошлаганлар. Замонавий Франция ҳудудида ҳатто XVII асрга қадар ҳам очликдан ўлиши аниқ бўлган одамлар, айниқса болаларни шаҳар четига ташлаб келиш қонунан мумкин бўлган.

1505 йилларда Венгрияда кечган очлик даврида ота-оналар ўз фарзандлари мурдаларини очиқдан очиқ ейиш ҳолатлари кўп бора қайд этилган. Албатта, бу билан очарчилик ўша пайтларда Европада оғир кечган деб бўлмайди. У бутун дунё бўйлаб кузатилган. Шунчаки Кўҳна Қитъа тарихчилари ўз солномаларида бу жараёнларни битиб борганлар.

Россия ҳудудида ҳам вақти-вақти билан очарчилик забтига олиб турган. Яқин тарихда, 1921-1922 йилларда 35 та губернияда 90 млнлик аҳоли яшайдиган ҳудудни қамраб олган очарчилик туфайли 40 млн одам егуликка зор бўлади ва уларнинг 5 млн нафари бу фалокат оқибатида жон беради.

Очарчилик СССР даврида ҳам давом этади. Айниқса 1932-1933 йилларда Украина, Беларусь, Кавказ ва Қозоғистон ҳудудларида кечган очарчилик туфайли тахминан 7 млн инсон ҳалок бўлади. Иккинчи жаҳон уруши даври, Ленинград қамалидаги очарчилик, каннибализм алоҳида бир тарих, аммо урушдан кейинги умидли йилларда ҳам очлик давом этади. 1946-1947 йилларда мамлакат ҳудудида 1,5 млн одам очликдан ўлиб кетади.

Илм-фан катта ютуқларга эришган етмишинчи йилларга келиб ҳам оммавий очарчилик давом этаверади. Африканинг Нигер давлатидаги бир йиллик қурғоқчиликнинг ўзи 100 минглаб одамнинг умрига зомин бўлгани қайд этилган. Тўқсонинчи йилларда эса социалистик тузум ёрдам тўхташи туфайли Шимолий Корея очарчиликка маҳкум бўлади ва миллионлаб одамларнинг ёстиғи қурийди. Олдинроққа кетиб айтиш мумкинки, бугунги кунда ҳам бу давлатда очарчилик давом этмоқда, аммо ўта ёпиқлик туфайли аниқ рақамларни аниқлаш имкони йўқ.

Зарур миқдорда овқатланмаслик дунё бўйлаб 5 ёшгача бўлган болалар ўлимининг тахминан 45 фоизига сабаб бўлиши аниқланган. Энг даҳшатлиси – очлик оқибатида ҳар йили ўртача 5 млн бола нобуд бўлади.

Бу муаммо ўта жиддийлиги туфайли 1979 йилдан бошлаб ҳар йилнинг 16 октябрида “Халқаро озиқ-овқат куни” нишонланади.

Очарчилик сабаблари

Очарчилик келиб чиқишининг бир нечта сабаби бор. Энг асосийси иқлим ўзгаришлари, қурғоқчилик оқибати катта ҳудудларда ҳосилдорлик пасайиши, табиий офатлар, иқтисодий муаммолар ортидан аҳолининг катта қисмида харид қобилияти камайиши, жиддий ҳарбий ҳаракатлар, давлатлараро зиддиятлар очарчиликни пайдо қилувчи ва кучайтирувчи бевосита сабаблардир.

Бундан ташқари кўмак зарур бўлган ҳудудларга гуманитар ёрдам тўсилиши, асосий озиқ-овқат турлари нархларидаги кенг миқёсли спекуляциялар ва давлатлардаги узоқ муддатли сиёсий инқирозлар ҳам очарчилик келтириб чиқариши мумкин.

Алоҳида мавзу – исроф

Бу борада ўзига хос парадокс кузатилади. БМТ маълумотларига кўра дунё бўйлаб тайёр озиқ-овқатнинг 30 фоизи чиқитга чиқарилади. АҚШда бу кўрсаткич 40 фоизгача, Буюк Британияда 50 фоизгача етади, яъни егуликнинг деярли ярми ташлаб юборилади. Европада йилига 100 млн тонна, жаҳон бўйича эса 1,3 млрд тонна овқат маҳсулотлари исроф қилинади. “Агар бу маҳсулотларнинг ярми зарур жойга етиб борса, дунёда очарчилик муаммоси ҳал қилиниши мумкин бўларди”, дейилади БМТнинг бу борадаги ахборотида.

Исроф борасида Ўзбекистондаги вазият ҳам ўйга толдиради. Биргина пойтахт Тошкентнинг ўзида кунига ўртача 2 тонна нон ва нон маҳсулотлари ташлаб юборилиши маълум қилинган.

Афсуски очарчилик бизга қўшни бўлган давлат – Афғонистонга ҳам кириб келган. Олдинги даврда маҳаллий бюджетнинг деярли 40 фоизи четдан ёрдам ҳисобига тўлдирилган, бугунги кунда бу кўмакдан мосуво бўлган Афғонистон халқининг 20 млндан ортиғи егулик муаммосига дуч келиб улгурди. Ўзбекистондан жўнатилган гуманитар ёрдам бу муаммони қисман бўлса-да бартараф этишга қаратилган.

Суратда: 1877 йил, Ҳиндистон. Эркак очарчилик даврида ўз оиласини одамхўрлардан ҳимоя қилмоқда.

Аброр Зоҳидов

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид