Жаҳон | 19:34 / 04.05.2022
24861
2 дақиқада ўқилади

НАТОнинг Украинага ҳарбий ёрдам ортилган ҳар қандай транспорти Россиянинг қонуний нишонига айланади - Шойгу

Сергей Шойгунинг сўзларига кўра, Ғарб мамлакатлари Украинани қурол билан таъминлашда давом этмоқда.     

Фото: РИА Новости

НАТО мамлакатларининг Украинага ҳарбий ёрдам ортилган ҳар қандай транспорти Россия ҳарбийларининг «қонуний нишони»га айланади, деди Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу.

Шойгунинг қайд этишича, Россия армияси Донбассдаги назоратга олинган ҳудудларни кенгайтирди. Унинг билдиришича, россиялик ҳарбийлар фуқароларни ҳимоя қилиш чораларини кўрмоқда, тинч аҳолини жанговар ҳаракатлар бораётган ҳудудлардан эвакуация қилиш учун ҳар куни гуманитар йўлаклар очилмоқда.

У Россия ҳарбийлари Мариупол ҳудудини тўлиқ назоратга олгани, шаҳарга тинч ҳаёт қайтганини қайд этди. 

Шойгу украиналик ҳарбийлар Россия томонининг «Азовстал» заводи ҳудудидаги тинч аҳолини чиқариб юбориш тўғрисидаги барча таклифларини рад этаётганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, Ғарб мамлакатлари Украинани қурол билан таъминлашда давом этмоқда.

«Шимолий Атлантика алянсининг мамлакатга қурол ёки Украина қуролли кучлари эҳтиёжи учун моддий воситалар билан кириб келган ҳар қандай транспорти йўқ қилиш учун қонуний нишон сифатида кўрилади», - деди Россия мудофаа вазири.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид