Ўзбекистон | 07:43 / 04.05.2022
3439
2 дақиқада ўқилади

Ногиронлиги бўлган шахсларга шароит яратмаган меҳмонхоналар учун жавобгарлик белгиланади

Меҳмонхоналарда ногиронлиги бўлган шахсларга шароит яратиш талабларини бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Бу ҳақда сенатор Манзура Салимова маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Қайд этилишича, жорий йилнинг 28 апрел куни Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистонда тиббий-ижтимоий хизматлар тизими такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди ва сенаторлар томонидан маъқулланди.

Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга меҳмонхоналарда ногиронлиги бўлган шахсларга шарт-шароитлар яратиш талабларини бажармаганлиги учун жавобгарлик белгиланмоқда. 

Билдирилишича, турли масалаларда олис манзилларга борган ногиронлиги бўлган шахслар меҳмонхоналарда бу жиҳатга етарлича эътибор берилмагани учун қийинчиликка дуч келади. Уларга фақатгина пандус йўлаклари эмас, балки хоналарда талаб этиладиган шароит ҳам керак бўлади. Бу замон андозаларига мос бинони лойиҳалаштириш, бино инфратузилмасига янада эътибор билан ёндашишни талаб этиб, хизмат кўрсатиш сифатини оширишга олиб келади.   

Шу билан бирга, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонунга “тиббий-ижтимоий экспертиза” тушунчаси ҳамда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда “ногиронлиги бўлган болалар” тушунчаси батафсил ёритиб берилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид