Ўзбекистон | 21:53 / 06.05.2022
11132
2 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги 60 ўринли қабулхонада 160 нафар маҳкум сақланаётгани маълум бўлди

Махсус қабулхонада сақланаётган шахсларнинг яшаш шароитлари ўрганилганда бир қатор камчиликлар аниқланган.

Фото: Омбудсман матбуот хизмати

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 20 апрел куни омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги вакили Диёр Ҳусанов томонидан вилоятдаги маъмурий тартибда ҳибсга олинганларни сақлаш учун махсус қабулхонаси мониторинг қилинган.

Мониторинг амалга оширилган кунда 2020 йилда ташкил этилган ва 60 нафар шахсга мўлжалланган мазкур қабулхонада 161 нафар ҳибсга олинган шахслар сақланаётгани, улардан 8 нафари аёл ва қолган 153 нафари эркаклар эканлиги маълум бўлган.

Фото: Омбудсман матбуот хизмати

Шунингдек, махсус қабулхонада сақланаётган шахсларнинг яшаш шароитлари ўрганилганда камчиликлар аниқланган.

Жумладан, мониторинг давомида махсус қабулхонада сақланувчи шахсларнинг яқин қариндошлари учун ташкил этилган учрашув хоналари етарли эмаслиги, натижада маҳкумларнинг оила аъзолари билан учрашувларни ташкил этишда узоқ навбатлар вужудга келаётгани маълум бўлган.

Қисқа муддатли учрашув хоналарининг сони атиги 1 та бўлиб, 20 апрель ҳолатига кўра сақланаётган 160 нафар маҳкум учун етарли эмаслиги аниқланган. Шу нуқтаи назардан омбудсман минтақавий вакили томонидан қисқа муддатли учрашув хоналарини кўпайтириш бўйича тавсиялар берилган.

Қайд этилишича, муассасада маҳбуслар овқатланиши ва уларга тиббий хизмат кўрсатилиши ҳамда маданий ҳордиқ чиқаришлари масалаларида камчиликлар қайд этилмаган.

Мавзуга оид