Ўзбекистон | 13:22 / 07.05.2022
6652
2 дақиқада ўқилади

2 йил давомида Андижондаги масжидлардан электр энергияси учун ортиқча маблағ ундирилган – Антимонопол қўмита

Масжидларга электр энергияси бўйича нотўғри тарифлар қўллаш натижасида уларга 74 миллион сўмлик зарар етказилган. Антимонопол қўмита масжидларга ортиқча ундирилган маблағлар қайтарилганини маълум қилди.

“Андижон ҲЕТК” АЖ томонидан вилоятдаги диний ташкилотларга, шу жумладан, масжидларга 2019–2021 йилларда электр энергияси учун белгиланган тарифлар нотўғри қўллангани аниқланган. Бу ҳақда Монополияга қарши кураш қўмитаси маълум қилди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги диний ташкилотларга кўрсатиладиган коммунал хизматлар (табиий газ, ичимлик суви, иссиқлик энергияси, электр энергияси, телефон, оқова сув ва маиший чиқиндиларни ташиш)га тўловлар аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича тўланиши лозим.

Антимонопол қўмитанинг маълум қилишича, қонунчилик ҳужжатларини бузган ҳолда “Андижон ҲЕТК” АЖ томонидан 2019–2021 йилларда вилоятдаги 44 та диний ташкилот, шу жумладан масжидларга аҳоли учун белгиланган нарх (295 сўм) қўлланмай, улгуржи истеъмолчилар учун белгиланган нарх (450 сўм) қўллангани аниқланган. Бунинг натижасида масжидлардан жами 74 378,9 минг сўм ортиқча даромад олингани аниқланган.

“Бугунги кунда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан “Андижон ҲЕТК” АЖнинг нотўғри ҳисоблаган 74 378,9 минг сўм маблағлари масжидларга қайта ҳисоб-китоб қилиш ишлари амалга оширилмоқда. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бугунги кунда қўмитанинг ҳудудий бошқармалари томонидан ўз ҳудудларида ўрганишлар олиб борилмоқда”, – дейилади расмий хабарда.

Мавзуга оид