Жаҳон | 13:36 / 10.05.2022
8999
2 дақиқада ўқилади

“Энг узоқ карьера учун” — бир компанияда 84 йил ишлаган ходим Гиннес рекордлар китобига киритилди

Бир ташкилотда инсон неча йил ишлай олиши мумкин? 10 ёки 20 йилми? Уолтер Ортман бир компанияда 84 йил-у 6 кун узлуксиз ишлагани учун Гиннес рекордлар китобига киритилди.

Фото: guinnessworldrecords.com

Уолтер Ортман 1938 йилнинг 17 январида Бразилиянинг Санта Каратина шаҳридаги тўқимачилик корхонасига юк ташиш бўйича ёрдамчи бўлиб ишга киради. Ўшанда у 15 ёшда эди, шундан то ҳозирга қадар иш жойини ўзгартирмаган. Уолтер янгиликка ўч, серғайрат ходим бўлган. У Бразилиянинг немислар кўп яшайдиган Бруск шаҳарчасида туғилган.

Уолтер мактабни, ўқишини жуда яхши кўрган, бироқ оиладаги молиявий вазият туфайли эрта ишлай бошлашига тўғри келади. 15 ёшида немис тилини ҳам яхши билгани учун ҳозирги тўқимачилик корхонасига ишга олинади. Юк ташиш бўлимида иш бошлагач, ўз ғайрати ва қобилиятини кўрсатиб, савдо бўлимига ўтказилади ва муваффақиятли савдо менежери сифатида ишлай бошлайди.

19 апрелда Уолтер 100 ёшга тўлди. Бироқ унинг хотираси ҳануз яхши, соғлиги ҳам жойида. Шунинг учун вақтини севимли жойи – офисида ўтказишдан ҳали ҳам чарчамайди. У бир ерда энг узоқ карьера қилган ходим сифатида Гиннес рекордлар китобига киритилди. Бироқ буни ўзи кутмаган ва олдиндан режалаштирмаган.

«Мен келажак ҳақида жуда кўп қайғурмайман. Биз бугун ҳақида кўпроқ ўйлашимиз керак, келажак ёки ўтмиш ҳақидамас», деб ҳисоблайди кекса ходим.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид