Иқтисодиёт | 19:01 / 11.05.2022
30958
5 дақиқада ўқилади

Банкоматларда нақд пул етишмовчилиги кузатиляпти. Марказий банк изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда банкоматларда нақд пул етишмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Марказий банк буни нақд пулга талаб ошгани билан изоҳлаб, бу талабни қондириш учун ҳамма имкониятлар борлиги, юзага келаётган узилишлар эса нақд пулларни жойларга етказиб бериш ва банкоматга жойлаштириш билан боғлиқлигини маълум қилди.

Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани / Фото: Telegram / Xolisfikr

Регуляторга кўра, март ойи иккинчи ярмидан бошлаб миллий валюта – сўмда нақд пулга бўлган талаб кескин ортган. Натижада Марказий банк томонидан муомалага март ойида 1 трлн 119 млрд сўм, апрель ойида 6 трлн 343 млрд сўм, май ойининг ўтган 11 кунида 1 трлн 100 млрд сўм қўшимча нақд пуллар чиқарилган.

“Март-апрель ойларида қўшимча чиқарилган нақд пулларнинг 8 трлн сўми аҳолининг нақд чет эл валютасини миллий валютага айирбошлашга бўлган кескин ошган талабини (ушбу 2 ойлик талаб одатдаги 11,1 трлн сўмдан 19,3 трлн сўмга етган), 4-4,5 трлн сўми банк карталаридаги маблағларни нақдлаштиришга бўлган қўшимча талабни (17 трлн сўмдан 22 трлн сўмга етган) қондиришга йўналтирилган.

Мавсумий иқтисодий фаолликнинг ортиши сабабли 2021 йилнинг март-май ойларида Марказий банк томонидан муомалага қўшимча равишда 2,5 трлн сўм нақд пул чиқарилган бўлса, жорий йил март-апрель ойларининг ўзида (май ойини ҳисобга олмаганда) бу кўрсаткич 3 баробарга ошди”, дейилади Марказий банк баёнотида.

Қайд этилишича, МБ томонидан жойлардаги банклар филиаллари ва банкоматларни нақд пул билан таъминлаш борасида тегишли ишлар амалга оширилмоқда ва аҳолининг нақд пулга бўлган талабини тўлиқ қондириш учун барча имконият ва захиралар мавжуд.

“Юзага келаётган қисқа муддатли узилишлар нақд пулларни жойларга етказиб бериш, яъни логистикаси ва банкоматларга жойлаштириш билан боғлиқ эканлигини ҳамда мазкур масала Марказий банк томонидан назоратга олинганлигини маълум қиламиз.

Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари томонидан аҳолининг товарларни харид қилишларида ва хизмат кўрсатишда банк карталари орқали ҳисоб-китобларда тўлов терминалларидан тўлақонли ва узлуксиз фойдаланишлари ушбу муаммоларга барҳам берилишига кўмак беради”, дея қўшимча қилинган регулятор ахборотида.

Иқтисодчи Отабек Бакиров нақд пул танқислигига таъсир қилаётган эҳтимолий омилларни санаб ўтди.

Биринчи омил, иқтисодий фаоллик ошиб бормоқда, фаоллик ошиши доим ликвидликка ва нақдликка юқори даражада талаб ҳосил қилади. Таклиф эса ўсиб бораётган талаб ортидан улгурмаяпти.

Иккинчи омил, март ойига нисбатан апрелда ва майнинг дастлабки ўн кунлигида пул ўтказмалари миқдорининг кескин ошаётгани билан боғлиқ бўлиб қолмоқда. Ўтказма қабул қилувчилар маблағларни доллар ё рублда эмас, сўмда олишни маъқул деб ҳисоблашмоқда. Чунки мана 40 кундан ошдики, сўмнинг курсда ва маржинал афзаллиги юқори бўлиб турибди.

Учинчи омил, банкларда нақд пул чиқими ортаётганига қарамай нақд пул киримида ўсиш кузатилаётгани йўқ, балки вазият кирим доим бир муддат ортда қолиши билан ёки норасмий иқтисодиёт кенгайиб бораётгани билан боғлиқдир. Нима бўлгандаям, сифатлироқ хулоса қилишга ҳали яна вақт керак.

Тўртинчидан, бу омил доим бўлиб келган – банкларнинг, айниқса давлат банкларининг банкоматларни нақдлик билан тўлдиришда, тақсимот ва тармоқ бошқарувида техник ва логистик жиҳатдан ортда қолаётганига бориб тақалади. Нақдликка талаб бирмунча ортиши билан бу муаммо юзага чиқиб қолмоқда (байрамлар, дам олиш кунлари, ҳайитлар арафасида айниқса). Демак, айрим ҳудудларда банкоматлар тармоғи нақдлик билан кунига бир неча марта тўлдирилиши зарур. Албатта бунда тарифларнинг эркин бўлиши банкларга юқорироқ стимул ролини тақдим этган бўларди”, дея ёзади иқтисодчи.

Бакиров Марказий банк баёнотидан келиб чиқиб, яқин орада аҳоли ва бизнес нақд пул етишмовчилиги масаласида ижобий ўзгаришни сезишини тахмин қилди.

“Абзацлар орасида келтирилган сигналлардан ҳам сезиш мумкинки, нақд пулга талабнинг кескин ортиб кетишида нақд пулсиз ҳисоб-китоблардаги пайдо бўлаётган муаммоларнинг ҳам ўрни йўқ эмас. Солиқ маъмурчилиги дейилганда солиқ тушумларини ва юкини узлуксиз оширишни тушуниш сиёсати бизнесни сояга етакламоқда ё шунга мажбур қилмоқда. Табиийки, банк карталари ва тўлов терминалларидан фойдаланишдан четланилган ҳар бир ҳолат нақдликка заруриятни ошириб бораверади”, – дейди у.

Мавзуга оид