Жамият | 14:19 / 11.05.2022
7292
2 дақиқада ўқилади

“Болам ўз дарди улканлигини билмайди” – хаста фарзанди учун орзуларидан кечган она изтироби

Фарзанди учун умрини, ҳаётини бағишлаш ўзбек аёлига хос. Муҳаббат ҳам ўз илми, қобилияти билан жамиятда ўрнини топаётган эди. Аммо унинг ҳаёти бирданига ўзгариб кетди. Бахтли ҳаёт орзусида турмуш қуриб биринчи фарзандини дунёга келтириш арафасида юрган паллаларда биринчи фарзанди Азизбек муддатидан илгари туғилди.

“Ўғлим муддатидан аввал дунёга келди: 1,5 кг вазн билан. Ҳали чилласи чиқмай туриб қовуғида чурра пайдо бўлди. Текширувларда шифокорлар қовуқда нимадир борлигини айтишди. Шундан сўнг қовуқнинг ярми олиб ташланиб пластик қилинди. Чап буйрак сийдик найи олиб ташланиб, бошқатдан уланди. Болам бир-биридан мураккаб бўлган бешта операцияни бошидан ўтказди. Аҳволи шу даражага бордики, ҳар қандай ҳолат бўлиши мумкинлигига тайёр туришимизни айтишди”, — дейди бемор болакайнинг онаси.

Операциялардан бирида Азизбекнинг битта буйраги олинган: ҳозир у бир буйрак билан яшайди. Кичкина жуссасида бир нечта дардни кўтариб юрган бемор болакай айни кунда Ҳиндистонда мураккаб операция учун тайёрланмоқда.

Азизбек кичик ҳожатга чиқишда қийналади. Онасининг айтишича, бу вақтда унда кучли оғриқлар бўлади. 7 ёшга кираётган бўлса-да, сийдик тутишда муаммолар борлиги сабаб ҳалигача болалар таглигидан (памперс) фойдаланади: “Болам ҳали ёш, шунинг учун ҳали дардининг бунчалик жиддий эканлигини тушунмайди. Шунинг ўзи менга бир бахт. Ақлини таниб, ёмон дардга чалинганини тушуниб қолгунча даволатишга ҳаракат қиляпман.

Ўғлим мактаб ёшига етди. Мактабга памперс билан чиқмаслиги учун операция қилиниши керак. Бу мураккаб операция эса хорижда қилинади”.

Муҳаббат Азизбекнинг парвариши сабаб бирор жойда ишлаш имконига эга эмас. Турмуш ўртоғи эса йиллар давомида Россияда ишлаб ўғли даволаниши учун маблағ тўплайди.

Ҳаётини фарзандига бахшида қилиб ўз орзуларидан воз кечган она, йиллар давомида хаста ўғли учун хорижда тер тўкаётган ота юртдошларининг қўлловидан умидвор.

Азизбек Ахуновга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0602 5128 2795 онаси Муҳаббат Ахунова номида

Сбербанк: 5336 6902 9593 9179 онаси Муҳаббат Ахунова номида

Мавзуга оид