Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Ҳар бир тадбиркорни тинглаш керак” — Савдо-саноат палатасининг янги раҳбари билан суҳбат
Тадбиркорларнинг муаммоларини тинглаш ва ечимида амалий ёрдам кўрсатиш, уларга ташқи бозорларга чиқишига кўмаклашиш, соҳаларга оид уюшмалар ва ССП ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш ва бошқалар – Савдо-саноат палатасининг янги раиси Даврон Ваҳобов Kun.uz билан суҳбатда ўз олдига қўйган шу ва бошқа вазифалар ҳақида тўхталиб ўтди.
Савдо-саноат палатаси – тадбиркорларни бирлаштирувчи ва уларга кўплаб соҳаларда кўмаклашувчи, кўнгиллилик асосида тузиладиган нодавлат нотижорат ташкилот.
Кўплаб ривожланган мамлакатларда савдо-саноат палаталари мавжуд бўлиб, аъзоларига ҳуқуқий, ташкилий ва бошқа ёрдам кўрсатишади. Бу ташкилотлар соғлом иқтисодий жараёнларнинг ажралмас қисмига айланган.
Ўзбекистонда ҳам савдо-саноат палатаси бор ва эндиликда унинг фаолиятини янги даражага чиқариш кўзда тутилган. Яқинда бу ташкилотга «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасида фаолият кўрсатиб, уюшма аъзолари билан ишлашни янги босқичга чиқаролган тадбиркор Даврон Ваҳобов раҳбар бўлди. Kun.uz у билан суҳбат қилди.
— Савдо-саноат палатасининг кейинги фаолиятига доир режаларингиз?
— Савдо-саноат палатаси томонидан охирги беш йил ичида олдинга қўйилган йирик режалар тўлиқ амалга оширилди. Палатанинг юридик тизими шаклланди. ССПнинг республикамизнинг барча вилоятлари бўйича штатлари белгиланган, ҳар бир вилоят бўйича 20тага яқин мутахассислар ва уларга бошлиқлар тайинланган бўлиб, улар томонидан вилоятлар кесимида тадбиркорларнинг муаммолари ўрганилиб, вилоят даражасида, зарурат бўлганда республика даражасига олиб чиқиб ҳал этиш чораларини кўриш вазифаси юклатилган.
Ҳозирги кунда тадбиркор олдида турган қийинчиликларни тезкор равишда ҳал этиш муҳим вазифа ҳисобланади. Яъни муаммонинг тезкорлик билан ҳал этилиши корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати тушиб кетмаслиги ва керакли бозорга олиб борилишига олиб келади. Тадбиркорларда мавжуд муаммолар тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ўз вақтида ўрганилиши тўсиқларнинг камайишига олиб келади.
Ҳозирги кундаги палата олдида турган энг муҳим вазифа бу – барча тадбиркорлик субъектлари, йирик, ўрта ва кичик тадбиркорлик субъектлари билан биргаликда ҳамоҳанг ишлаш, уларнинг масала ва муаммоларини тинглаб ечим топишдир.

— Аниқ инструментлар ҳақида гапирсангиз?
— Бугунги кунга келиб ҳукуматимиз томонидан тадбиркорларнинг кўплаб муаммолари ўрганилиб, уларнинг ечими юзасидан ҳурматли президентимиз томонидан кўплаб аниқ қарорлар қабул қилинмоқда. Ушбу қарорларни тадбиркорларга етказиб бериш, улардан фойдаланиш юзасидан маълумот бериш, улар билан ишлашни ўрганиш ва шу орқали натижадорликни оширишимиз лозим. ССПнинг биринчи ўриндаги вазифаси ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган қарорларни пастки тизимга, тадбиркорларимизга етказиб беришдир.
— Қарорлар ижросининг тадбиркорларга етиб боришида тўсиқлар борми?
— Тўсиқлар мавжуд эмас, аммо мавжуд шароит ва имкониятлар тўғрисида маълумот бермаслик муаммоси бор.
Бугунги кундаги тадбиркорларнинг долзарб муаммолари ҳисобланмиш ер, кредит масалалари бўйича кўплаб ечимлар бор. Масалан, ер муаммоси юзасидан иш олиб бораётган аукцион бор, ушбу масала бўйича мурожаат қилинадиган идора мавжуд. Тадбиркор томонидан мурожаат бўлганда керакли идора томонидан жавоб берилиши масаласини кучайтириш керак.
Яна бир масала, тадбиркор ишлаб чиқараётган маҳсулотига бозор топа олмаслиги натижасида лойиҳасига киритилган инвестицияларни оқлай олмаслигидир.
Бугунги кунда республикамиз томонидан ярим хомашё маҳсулотлари чет эл мамлакатларига экспорт қилинмоқда. Экспорт қилинган маҳсулотлар қўшимча қиймат билан қайта ишлаб чиқарилиб, яна бир бошқа давлатга экспорт қилинмоқда. Ушбу йўналишда чет эл давлатларига тайёр маҳсулот етказиб бериш мақсадида чет эл давлатларида Ўзбекистон вакилларини тайинлаш режалаштирилган. Масъул вакиллар экспорт қилинадиган бозор мониторингини олиб бориши кутилмоқда. ССП вакили тайинланиши бозор билан боғлиқ масалаларнинг аниқланишига олиб келади.
Масалан, Испанияда ишчи кучи қимматлиги боис давлат томонидан кўплаб маҳсулотлар импорт қилинади. Асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, чарм ва тўқимачилик маҳсулотлари импорт қилинади. Сўнгги бор Испанияга амалга оширилган сафар чоғида Испания томонидан водий ва Бухоро вилоятларида ривожланган зардўзликка бўлган қизиқиш билдирилди. Яъни Испанияда чизилган дизайннинг Ўзбекистон зардўзлари томонидан тикиб берилишига қизиқиш билдирилган. Бу ҳам бўлса бир бозор.
Шу ўринда, ССП олдидаги иккинчи вазифа бу барча тадбиркорларга ташқи давлатларда бозор топиб беришда кўмаклашишдир.
ССПнинг олдида турган учинчи вазифаси тадбиркорларнинг режалаштирган бизнес лойиҳаларини амалга оширишдаги ҳар бир босқичда ҳар томонлама кўмаклашишдир. Мисол учун, туризм соҳасини оладиган бўлсак, ушбу соҳада хизмат кўрсатишга доир бизнес лойиҳаларини амалга оширишда тадбиркорларга зарур маслаҳат ва йўналишлар бериш, уларнинг қўрқувларини бартараф этишдир.
— ССПнинг самарадорлигини мен шундай баҳолардим: масалан, мен тадбиркор бўлсам ва бирор муаммога дуч келсам, ССПга бемалол мурожаат қилишим, у муаммомни ҳал этишда ёрдамлашишига ишонишим – палата иши самарадорлигининг белгисидир.
— Аввало, тадбиркорни эшитиш зарур. Ҳозирги кунда бу борада мавжуд тизимни саноат кесимида янада кенгайтириш режалаштирилган.
— Палатага мурожаат этиш қай даражада осон?

— Барча мурожаатлар бўйича 1094 рақами ишлаб келмоқда. Бундан ташқари, ССП сайтида мурожаатларни қисқа равишда қабул қилиш тизими ҳам ишлаб келмоқда. Мурожаатчилар ўз муаммоларининг қисқача мазмуни ва уларнинг ечими юзасидан ўз таклифларини қолдиришлари мумкин. Тадбиркорларнинг муаммо ва масалаларини ўрганиш бўйича палатанинг Telegram-каналлари орқали саволномалар олиб борилмоқда.
Тадбиркорларнинг мурожаат этишларини электрон тизимга ўтказиш орқали, ушбу жараённи осон ва қулай қилиш, билдирилган муаммоларнинг ҳал этилишида зарур чоралар кўриш, ўз вақтида вазирлик ва идоралар даражасига олиб чиқиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Шахсан ўзим палата раиси сифатида онлайн ва офлайн тарзда ҳар бир мурожаатни ўрганиб чиқиш, уларнинг ечими юзасидан таклифларни керак бўлганда ҳукумат даражасига олиб чиқиш зарур, деб ҳисоблайман. Бу палатага бўлган ишонч ошишига олиб келади.
— ССП қонунчилик ҳужжатларининг тадбиркорлар манфаатларига тўғри келиши юзасидан жамоатчилик экспертизасини ўтказиб боради. ССП кўплаб ҳужжатлар борасида хулосалар берган. Кузатишларимиз айрим ҳолларда Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган ҳужжатларга ССП қарши позиция билдиришига қарамай бу инобатга олинмаслигини кўрсатди. Масалан, яқинда эълон қилинган, “қизил”га тушган тадбиркорларнинг биржада фаолиятини чеклашга оид лойиҳа. Буни ССП тадбиркорни битта иш учун қайта-қайта жазолаш деб баҳолади, бироқ Давлат солиқ қўмитаси бу хулоса борасида раддия бериб чиқди. Шундай ҳолат э-актив билан ҳам кузатилди. ССП қарши позиция билдиришига қарамай, ҳужжат қабул қилинди. Бу борада позициянгиз қандай? Тадбиркорлар манфаатларига зид лойиҳалар эътирозларга қарамай қабул қилинганда қандай йўл тутасизлар, “мен айтдим, қутулдим” қабилида ёндашув бўлмайдими?
— ССПда қарорлар билан ишлайдиган юристлар бор, ССП томонидан битта фикр билдирилган бўлса, ўша фикрда охиригача борилади.
— Халқаро тажрибага қизиққан бўлсангиз, нималарни кузатдингиз?
— Туркияга сафар уюштирилди. Туркия ССПда ҳар хил соҳадаги ассамблеялар бор, бизда буларни ассоциациялар деймиз. Ушбу ассамблеяларнинг барчаси палата билан бирга экан. Туркияда 62та соҳа бўйича қўмита мавжуд, эксперт кенгашлари дейилади уларда. Бизда булар соҳа бўйича уюшмалар дейилади. Шу уюшмалар бошини ССП бирлаштириши керак. Халқаро тажрибада шундай.
Тадбиркорларнинг ўз соҳасидан келиб чиққан ҳолда уюшмаси бўлса, ўша соҳа бўйича таклифлар бўлади. Худди шундай ҳар бир уюшмадан чиққан таклифларни бирлаштириш керак. Бу борада мувофиқлаштириш ишлари олиб борилса, маҳаллийлаштириш ривожланади.
Туркия тажрибасида хизмат кўрсатиш соҳасида 6та уюшма мавжуд. Уларнинг барчаси тадбиркорларнинг ўзлари томонидан тузилган. Ушбу тизимни биз ҳам ривожлантиришимиз керак. Тадбиркорлар томонидан тузилса ва улардан уюшма етакчиси тайинланса, соҳага оид муаммолар кўтарилади.
Халқаро тажрибада ССП тадбиркорликка оид таклифларни вазирлик ва идораларга етказиб берувчи ташкилот ҳисобланади. Ва саноат кесимидаги нодавлат уюшмалар томонидан ССПга ишонч жуда юқори. Ушбу тажрибани Ўзбекистонда татбиқ этиш мақсад қилинган. Бу тадбиркорликнинг янада ривожланиши, кўшимча бозорлар пайдо бўлиши ва ишлаб чиқариш қувватлари кўпайишига олиб келади.

— Соҳага оид нодавлат уюшмаларнинг кўпайиши ССП вазифалари енгиллашишига олиб келади, шундайми?
— Бу муаммоларни аниқлашнинг тезлашишига олиб келади. Соҳа бўйича муаммолар алоҳида олиб чиқилса, бу муаммолар ечимини осонлаштиради ва тезлаштиради. Соҳа бўйича уюшмаларнинг очилишини ССП қўллаб-қувватлайди ва бу соҳага оид муаммоларнинг ечим топишини осонлаштиради.
— Деҳқон ва фермерлар фаолиятига кўмаклашишда нималар назарда тутиляпти?
— Биринчи ўринда уларнинг ерга бўлган қизиқишини ошириш, бошқа давлатларда ердан қандай фойдаланиляпти ва ўша берилган ердан қандай самарали фойдаланишни кўрсатиб беришдир. Асосий вазифа шу. Бу соҳада ҳам уюшмалар ташкил этиш, керак бўлса вилоят кесимида уюшмалар ташкил этиб соҳага оид тадбиркорларни бирлаштиришдир.
Деҳқон ва фермерлар томонидан етиштирилаётган маҳсулотларнинг бозор расталарига етиб бориши жараёнини осонлаштириш, бунда олибсотарлар сонини қисқартириш. Масалан, яқинда бир чет эллик тадбиркордан таклиф тушди. Таклифга кўра, Ўзбекистонда помидор етиштириш, бунда чет эллик тадбиркор уруғ ва унга керакли ўғитларни ўзи етказиб беради ва етиштириш жараёнини ўзи мониторинг қилади. Етиштирилган маҳсулотни ўзи яхши нархда сотиб олади. Бу лойиҳада Ўзбекистон томонидан деҳқонларни бирлаштириб бериш сўралган. Бу ҳам биз учун бир янгилик.
— Бу тизим ишлайди, агарда бозор тамойилларига зид келадиган тўсиқлар бўлмаса.
— Албатта. Чет эл тажрибасини ўрганган ҳолда фермер ва деҳқон хўжаликлари билан иш олиб боришимиз керак.
Ҳозирги кунда палата олдида турган вазифа бу бозор дефицити ва профицитини аниқлаб олишдир. Нима бизда етарли эмас ва нима етарли. Шундан келиб чиққан ҳолда, деҳқон ва фермерларга йўналиш бериш. Масалан, қандай маҳсулот бизда етарли эмас ва шу маҳсулотни ўзимизнинг ички бозорда етиштирсак, чет элдан импорт қилиш шарт эмас. Ёки қандай маҳсулот ўзимизда кўп бўлса, шу маҳсулотга чет элдан бозор топиб бериш вазифасини ўзимизга олишимиз керак.
Шокир Шарипов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
22:20 / 11.02.2025
“Озиқовқатсаноат” уюшмаси фаолияти тикланиши мумкин
16:21 / 24.01.2025
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қадоқлаш харажатларининг бир қисми қоплаб берилиши мумкин
16:07 / 03.12.2024
Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармасига янги раҳбар тайинланди
17:30 / 27.11.2024