Ўзбекистонда вайронкор сел тошқинлари кўпайиб боряптими? – Иқлимшунослар билан суҳбат
Сўнгги бир неча ҳафта давомида Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида ҳалокатли селлар кузатилмоқда. Ҳозиргача сув тошқинлари натижасида ўнлаб аҳоли хонадонлари, ижтимоий объектлар ва коммуникация тармоқларига зарар етган бўлса, яна айрим ҳудудларда инсонлар ўлимига ҳам сабаб бўлди.
Масалан, 2022 йилнинг март-май ойларида кучли ёғингарчилик оқибатида Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида 15 га яқин йирик сел ва кўчкилар содир бўлди.
Оқибатда 9 нафар инсон ҳалок бўлди. 245 та хонадон, 19 та кўприк зарар кўрди, 450 дан ортиқ бош чорва моллари нобуд бўлган.
Шу ўринда савол туғилади. Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда ҳалокатли табиат ҳодисалари чиндан кўпайиб боряптими ёки улар аввалдан бўлган-у, биз уни билмасмидик?
Селларнинг ҳалокатли оқибатларидан ҳимояланиш ва инсонлар ўлимини камайтириш учун нималар қилиш керак? Ўзбекистонда бу борада қилинаётган ишлар етарлими?
Kun.uz мухбири шу каби саволлар атрофида иқлимшунослар – Эркин Абдулаҳатов ва Нодиршоҳ Мамадалиев билан суҳбатлашди.
Kun.uz: Хўш, аслида сел тошқинлари қандай вужудга келади?
Нодиршоҳ Мамадалиев: Сел ва сув тошқинлари асосан юқори тоғли ҳудудларда интенсив ёмғирлар (яъни жала ёмғир) ёғиши оқибатида вужудга келади.
Бундай офатлар шунингдек, ёзги мавсумда ёғингарчилик бўлмагани учун кузатилади. Бунда юқори ҳаво ҳарорати оқибатида қор ва музликларнинг жадал эриши кузатилади.
Юқори тоғли ҳудудларда ёмғирларнинг бир дарё ўзани бўйлаб оқиб келиши ва бир неча сой сувларининг бирлашиши оқибатида эса аҳоли яшаш жойларида сел ва сув тошқини юзага келади.
Фикримча, сўнгги йилларда сел ва сув тошқини ҳодисаларининг сонида кескин ўзгариш бўлгани йўқ. Шунчаки, ахборот технологиялари, ОАВ ва ижтимоий тармоқларнинг ривожланиши натижасида биз кўпроқ ҳодисалардан хабар топяпмиз.
Авваллари бу каби ҳодисалардан хабардор бўлишда қийналардик ёки жуда кеч олардик бундай маълумотларни.
Эркин Абдулаҳатов: Ўзбекистонлик иқлимшуносларда 1832 йилдан бошлаб то ҳозиргача кузатилган сел сув тошқинлари бўйича маълумотлар бор.
Мана шу рўйхатлар асосида таҳлил қиладиган бўлсак, охирги ўн йилликда, айниқса, 2016 йилдан кейин иқлим ўзгариши, ҳаво ҳароратининг исиб кетиши баҳор ва ёз ойларидаги жадал ёмғирларни келтириб чиқарувчи булутларни ҳам кўпайтириб юборди. Бу ҳаво оқимларининг тартибсиз ҳаракати туфайли юзага келмоқда.
Тарихга қарайдиган бўлсак, Ўзбекистон ҳудудида 1968-69-йилларнинг қиши жуда ёмғирли келган. Буни ёши катта инсонлар жуда яхши билишади.
Мана шу йилларда Ўзбекистон ҳудудидаги деярли барча дарёларда вайронкор сел-сув тошқинлари кузатилган. Шунингдек, биринчи ва иккинчи дунё уруши йиллари давомида ёғган ёмғирлар натижасида ҳам жуда кўп сув тошқинлари бўлган.
Сўнгги йиллардаги сел-сув тошқинларининг аввалгилардан фарқи шундаки, ҳозир ёғинлардаги жадаллик кучли. Масалан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятлари Ўзбекистонда энг кам ёғингарчилик кузатиладиган ҳудудлар – йил давомида 100-150 мм. Бироқ кейинги вақтларда бу ҳудудларда жадал ёмғир ёғиши кўпайиб, сув тошқини ҳолатлари кузатилмоқда. Демакки, интенсив ёмғирларнинг ёғиши кучли.
Кўпчилик ўйлайдики, жадал ёғингарчиликлар қанча кўпайса, дарёларимизда сув ҳам кўп бўлади. Йўқ, ёмғир республиканинг қайсидир минтақасида кўпайса, бошқа жойда камаяди. Масалан, сўнгги вақтларда водий минтақасида кам, Тошкент вилоятида кўп ёғингарчилик кузатиляпти.
Ўрганишларимиз шуни кўрсатдики, ўтган асрда Тошкент шаҳрида йил давомида 370 мм ёмғир ёғган бўлса, охирги ўн йилликда бу кўрсаткич 444 мм ни ташкил қиляпти.
Мана шу тусдаги табиат ҳодисалари инсон ўлими билан боғлиқ ҳолатларни, вайронкор вазиятларни йил давомида келтириб чиқармоқда.
Яна бир қўшимча, Ўзбекистонда авваллари ҳам вайронкор селлар кўп кузатилган. Масалан, архивларимизда 2005 йилдан 2021 йилга қадар сел-сув тошқинидан 75га яқин одам ҳалок бўлганлиги ҳақида маълумотлар бор.
Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров субатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.
Мавзуга оид
13:36 / 08.11.2024
2024 йил тарихдаги энг иссиқ йил бўлиши кутиляпти
20:46 / 07.11.2024
Президент 10 та сел сув омбори қуриш ишларини бошлашни буюрди
18:18 / 06.11.2024
Шаҳарни салқинлатиш учун қанча дарахт керак? Олимлар жавоб берди
15:40 / 06.11.2024