Жаҳон | 18:47 / 11.05.2022
13486
8 дақиқада ўқилади

Украинадаги вазият: АҚШ уруш узоқ чўзилишини башорат қилди

Украинадаги урушнинг 76-кунида Киевда яна Германия элчихонаси очилди, Америка разведкаси можаро узоқ чўзилишини тахмин қилмоқда.

Германия ва Нидерландия ТИВ раҳбарлари Украинага келди

Германия ТИВ раҳбари Анналена Бербок сешанба куни Киевдаги немис элчихонасини қайта очди, урушдан аввалроқ элчихона Лвовга кўчганди.

Сешанба куни Украинага Германия ва Нидерландия ТИВ раҳбарлари Анналена Бербок ҳама Вопке Ҳукстра ташриф буюрди.

Бербок март ойи давомида россияликлар ишғолида бўлган Буча шаҳрида бўлди. Россия ҳарбийлари бу шаҳардан кетганидан сўнг бу ерда ўлдирилган юзлаб тинч аҳоли вакилларининг жасадлари топилганди.

«Буча рамзга айланди. Ақлга сиғмайдиган жиноятлар, қийноқлар, зўрлашлар, қотилликлар рамзи», дея ёзди Бербок твиттердаги саҳифасида.

Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба билан матбуот анжуманида Бербок Киевда яна Германия элчихонаси очилишини эълон қилди, элчихона феврал ойи ўрталарида, урушдан бироз аввалроқ Лвов шаҳрига кўчирилганди.

Қўшма матбуот анжуманида у Германия ҳукмрон партияси энергия етказиб берувчига қарамликдан халос бўлишни исташини билдирди.

«Биз аниқ тушундикки, агар тажовузкор ўз халқи тақдирига мутлақо бефарқ бўлса, иқтисодий қарамлик хавфсизликни таъминлай олмайди. Биз Россия энергия ташувчиларига бўлган қарамлик даражамизни нолгача туширишимиз ва бу доимий кўрсаткич бўлиши керак», дея қайд этган Бербок хоним.

Аввалроқ Германия ТИВ мамлакат Россия энергиясидан йил охиригача воз кечишни истаётганини маълум қилганди, аммо молия вазири Кристиан Линднер аниқ муддатни тасдиқламаган.

Шунингдек, Бербок Украинани хабардор қилмасдан Россия билан яширин равишда келишишга уриниш ҳолатлари бўлмаслиги ва бунга йўл қўйилмаслигини таъкидлаган. Бундан ташқари дипломат Киевга Европа иттифоқига кириш учун кўмак берилиши, бунда ҳеч қандай «энг қисқа йўл» мавжуд эмаслигини қайд этди.

Бербокнинг Украинага ташрифи олдиндан эълон қилинмаганди.

Нидерландия ТИВ раҳбари Вопке Ҳукстра ташрифини Ирпенни зиёрат қилишдан бошлади. Киев яқинида жойлашган бу шаҳар урушнинг илк кунлариданоқ ёппасига ўққа тутилган ва шаҳарнинг катта қисми вайрон қилинган. Бу шаҳар ҳам қарийб бир ой, 5 мартдан 28 мартгача Россия ишғолида бўлган.

«Бу бомбардимон қилинган уйлар ва бинолар - уруш бу ерда яшовчи эркаклар, аёллар ва болалар ҳаётига қандай таъсир қилганини кўрсатиб турибди. Бу ҳаракатларни жазосиз қолдириш мумкин эмас», дея ёзган у твиттерида.

Кейинроқ Дмитро Кулеба билан учрашган Ҳукстра Нидерландия Украинага имкон доирасида ёрдам кўрсатишда давом этиши ҳақида ёзди.

БМТ ҳақиқий қурбонлар сони расмий маълумотлардагидан анча кўп эканидан огоҳлантирди

Фото: Getty Images

Украинада урушнинг 11 ҳафтаси давомида ўлдирилган тинч аҳоли вакилларининг ҳақиқий сони БМТ статистикасидагидан анча кўп бўлиши мумкин. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқларини назорат қилувчи ташкилотнинг Украинадаги миссияси раҳбари Матильда Богнер маълум қилди. БМТ ҳисобларига кўра, бугунги кунда 3381 кишининг ўлими тасдиқланган.

«Биз тахминий ҳисоб-китоблар устида ишлаяпмиз, аммо ҳозир айтишим мумкинки, бу биз ҳозир бераётган рақамлардан бир неча мингга кўпроқ бўлади», деган у.

Богнернинг сўзларига кўра, мониторинг миссияси ходимлари учун Россия артиллерияси ва авиазарбаларидан деярли буткул вайрон бўлган Мариуполда ишончли маълумотлар тўплаши жуда қийин.

Ўтган ҳафтада Богнер ва унинг жамоаси Киев ва Чернигов областларига ташриф буюриб, март ойида россияликлар оккупация қилган аҳоли пунктларини кўздан кечиришганди. Унинг сўзларига кўра, жамоа ушбу аҳоли пунктларида тинч аҳоли вакиллари ноқонуний ўлдирилиши билан боғлиқ камида 300 та ҳолат бўйича далилларга эга ва катта эҳтимол билан бу рақамлар ўсишда давом этади. У шунингдек Украина ҳарбийлари томонидан ҳам инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари бўлгани ҳақида гапирди, лекин бу Россия томони ҳаракатлари билан таққослаганда жуда кам.

Богнер икки томон ҳам мактаб биноларидан ўз ҳарбийлари учун таянч пунктлари сифатида фойдаланаётганидан хавотир билдирган.

Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг янги тадқиқотига кўра, бошпанасини йўқотган ва ҳамон Украинада қолаётган украинлар сони саккиз миллионга етади. Уларнинг қарийб ярми мамлакатни тарк этиш ҳақида ўйламоқда.

АҚШ узоқ чўзиладиган можаро эҳтимолини кўрмоқда

Фото: Getty Images

АҚШ миллий разведкаси директори Аврил Ҳейнс Америка Сенатида АҚШ урушнинг кейинги ойларини қанақа кўраётгани ҳақида гапирди.

У Владимир Путиннинг ҳарбий имкониятлари қўйилган мақсадга эришиш учун етарли бўлмаслиги, шу туфайли Кремль янада радикал чораларга қўл уриши мумкинлигини маълум қилган.

«Ҳозирги тенденциядан келиб чиқиб, президент Путин янада қатъийроқ чоралар кўришга қарор қилиши, жумладан ҳарбий ҳолат жорий этиши, ишлаб чиқариш саноати йўналишини ўзгартириши ёки ўз мақсадларига зарур бўлган ресурсларга эга бўлиш учун ҳарбий эскалация юзага келтириши мумкин», деган у.

Ҳейнс Россиянинг юриши Донбасс билан чекланмаслиги ва армия яна Днестрбўйига ўтишга уриниб кўришига ишончи комил.

«Бизнингча, президент Путин Украина билан уруш чўзилишига ҳозирлик кўрмоқда, у ҳамон Донбассдан ташқаридаги мақсадларга эришиш ниятида», деган Ҳейнс хоним.

«Катта эҳтимол билан Путин Россия қийинчиликларга дош беришга ўз рақибларидан кўра қобилиятли ва бунга тайёр деб ҳисоблайди. Афтидан у АҚШ ва ЕИ мамлакатлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари танқислиги, инфляция ва энергия ресурслари нархи ошиши туфайли [Украинани] қўллаб-қувватлашни заифлаштиришига умид қилади», дея қўшимча қилган Ҳейнс.

Худди шу йиғилишда АҚШ ҳарбий разведкаси раҳбари Скотт Берриер урушдаги ҳозирги ҳолатни «турғунлик вазияти» деб характерлаган. «Украинлар ғалаба қозонмайди ва россияликлар ҳам ғалаба қозонмайди», дея хулосалаган у.

АҚШ президенти Жо Байденнинг фикрича эса, Путин ҳозирда Украинадаги урушдан чиқишни режалаштирмаяпти. 

«[Путинда] айни вақтда чиқиш йўли йўқ. Мен бу борада нима қилиш кераклигини аниқлашга уриняпман», — деган АҚШ президенти Вашингтон яқинида бўлиб ўтган хайрия тадбирида.

У Россия президенти Украинадаги уруш НАТО ва Европа Иттифоқини иккига ажратиб юборишига умид қилиб адашгани ҳақидаги таъкидини такрорлаган.

Фронтдаги вазият

Россия сешанба куни Украина шаҳарлари ва инфратузилмаларини ўққа тутишда давом этди.

Кундузи россиялик ҳарбийлар артиллерия ва баравар ўт очиш тизимлари орқали яна бир бор Северодонецкни ўққа тутди, магистрал газ қувури бузиб ташланди. Луганск области ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Гайдайнинг маълум қилишича, энди шаҳар иссиқлик ва газ таъминотидан узилган.

Россия ҳарбийлари Одесса области ҳудудида Днестровский лиман кўрфази устидан ўтган ва аввалги ҳужумларда шикастланиб ишдан чиқарилган кўприкка яна қанотли ракеталар йўллади. Бу ерга 27 апрел ва 2 май кунлари ҳам зарба берилганди.

Донецк области ҳарбий маъмуриятига кўра, Мариуполдаги «Азовстал» комбинати ҳудудида ҳамон 100 дан ортиқ тинч аҳоли вакиллари қолаётган бўлиши мумкин. Кун давомида «Азовстал» россиялик ҳарбийлар томонидан ўққа тутилиб, штурм қилинаётгани ҳақида хабарлар келиб турган.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид