Жаҳон | 14:39 / 12.05.2022
10104
5 дақиқада ўқилади

Иорданнинг ғарбий соҳилида таниқли журналист ҳалок бўлди. Исроилни қасддан қотиллик содир этишда айблашмоқда

Чоршанба куни Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида исроиллик ҳарбийлар амалиёти чоғида Қатардаги «Ал-Жазира» телеканалининг таниқли журналисти Ширин Абу Акле ҳалок бўлди. Исроил манзилига ОАВ вакилини қасддан ўлдириш бўйича айбловлар янграмоқда, Исроил ТИВ ҳодисани текширишни бошлаган.

Фото: AFP

51 ёшли Ширин Абу Акле исроиллик ҳарбийларнинг Жениндаги қочоқлар лагерига уюштирган эрталабки рейди вақтида ўлдирилган, Исроил разведкасига кўра бу ерда Фаластиндаги қуролли гуруҳлар вакиллари яширинган.

Абу Акле Жениндаги вазиятни ёриб бораётганди. «Ибн Сино» шифохонасидаги фаластинлик шифокорлар хулосасига кўра, у бошига ўқотар қурол билан жароҳат етказилиши оқибатида вафот этган.

«Ал Жазира» баёнотида журналист исроиллик ҳарбийлар томонидан қасддан ва совуққонлик билан ўлдирилгани айтилади. Исроил билан уруш ҳолатида бўлган фаластинликларнинг ҲАМАС гуруҳи ҳам ушбу версияга қўшилади.

Араб тилида фаолият юритувчи Maan нашрининг тасдиқлашича, исроиллик ҳарбийлар қочоқлар лагери ҳудудидаги уйни ўраб олишган ва тартибсиз равишда ўт очишган, натижада бир неча киши, жумладан яна бир журнали - «Ал-Қудс» газетаси ходими Али Самудий ҳам яраланган.

Қатар ҳукумати ҳам бу ҳодиса бўйича ўз позициясини билдириб ўтди. Мамлакат ташқи ишлар вазири ўринбосари Лолва ал-Хатернинг сўзларига кўра, Абу Акленинг устида PRESS ёзуви туширилган зирҳли нимча бўлганига қарамай унга қарата ўт очилган.

Ал-Хатер Исроилнинг ҳаракатини давлат террорчилиги деб атаган ва бошқа мамлакатларни ушбу давлат сиёсатини қўллаб-қувватлашни тўхтатишга чақирган.

Исроил текширув ўтказишни таклиф қилмоқда

Ширин Абу Акле 20 йиллик фаолиятини Фаластин ҳудудидаги воқеаларни ёритишга бағишлаган. Фото: EPA

Исроил томони мамлакат армияси махсус амалиётлар чоғида ҳеч қачон тартибсиз равишда ўт очмаслигини, буни ЦАХАЛ (Исроил мудофаа армияси) кўп йиллар давомида ўтказиб келган шу каби рейдлар ҳам тасдиқлашини билдирган.

«Исроиллик аскарлар нишонга олиниб ўт очилган, улар томонга гранаталар отилиши бошланган. ЦАХАЛ бунга жавобан ўқ узган», дейилади Исроил мудофаа армияси баёнотида.

Исроилдагилар ҳисоблашича, Ширин Абу Акле фаластинликлар ўқларига дучор бўлганини тахмин қилган, шу билан бирга унинг ўлимига Исроил аскарлари беихтиёр алоқадор бўлиши мумкинлигини истисно қилмаган ва бу фақат биргаликдаги текширувлар натижасида маълум бўлишини билдирган.

Исроил ташқи ишлар вазири Яир Лапид Фаластин томонига ҳодиса юзасидан қўшма текширув ўтказишни таклиф этган.

«Можаролар ҳудудидаги барча журналистлар ҳимоя қилиниши керак ва ҳар бир томон ҳақиқатнинг тубига етиш учун масъулдир», деган Лапид.

Шу билан бирга, у Исроил армияси мамлакат хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган барча жойларда амалиётларни давом эттиришини қайд этган.

Исроил мудофаа армияси бир неча ҳафтадан буён Иордан дарёсининг ғарбий соҳили шимолида «Тўлқинқайтаргич» номи остида аксилтеррор амалиёт ўтказмоқда, бундан мақсад Қуддус ва унинг атрофида содир этилаётган терактлар тўлқинини тўхтатиш ҳисобланади.

2022 йил март-май ойларида бу ҳудудларда жами 19 ҳужум амалга оширилди, натижада 20 нафардан ортиқ исроиллик ҳалок бўлди.

«Чегара билмас мухбирлар» мустақил тергов талаб қилди

«Чегара билмас мухбирлар» халқаро ташкилоти 11 май, чоршанба куни ўз баёнотида журналистнинг ўлдирилишини Женева конвенцияларининг жиддий бузилиши деб атади ва унинг ўлими ҳолатлари юзасидан зудлик билан мустақил тергов ўтказишни талаб қилди.

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти Исроил ташқи ишлар вазири Яир Лапиднинг унинг мамлакати журналист аёлнинг ўлдирилиши бўйича терговда иштирок этиши ҳақидаги таклифидан ҳафсаласи пир бўлди: мустақил халқаро тергов зарур», деб ёзди ташкилот бош директори Кристоф Делуар Twitter’даги саҳифасида.

Журналистика фахрийси

Ширин Абу Акле - фаластинлик, 1971 йилда Қуддусда туғилган. У христианлар оиласидан бўлиб, христиан дини одатларига кўра дафн этилади.

Фото: AFP

Абу Акле Иорданияда олий таълим олган. Биринчи дипломи бўйича у архитектор, иккинчиси бўйича - журналист.

У ўз фаолияти давомида Иорданиядаги бир неча нашрларда ва «Монте-Карло» радиосида ишлашга улгурган, БМТ ва бошқа турли хайрия фондлари билан ҳамкорлик қилган.

1997 йилдан буён Абу Акле Қатардаги «Ал-Жазира» телеканалида штатдаги ходим эди. Сўнгги 20 йил мобайнида у Шарқий Қуддус ва Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги воқеаларни ёритиб келди.

Мавзуга оид