Жаҳон | 07:34 / 18.05.2022
20561
6 дақиқада ўқилади

Киев ва Москва музокараларни тўхтатиб қўйди. Уларни ўтказишга нима халал бермоқда?

Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик музокаралари тўхтаб қолган. Бу ҳақда ҳар икки томон вакиллари расман тасдиқлади. Сўнгги марта томонлар март ойи охирида Истанбулда ўзаро учрашув ўтказишганди. Шундан кейин Москва музокараларни онлайн форматда ўтказишни таклиф қилди, Киев эса президентлар учрашишини талаб қилмоқда.

SERGEI KARPUKHIN/TASS

Музокаралар расман тўхтатилгани ҳақида Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко ҳамда Украина президент офиси вакили Михаил Подоляк маълум қилишди. «Музокаралар давом эттирилмайди, Украина жараёндан чиқиб кетди», деди Руденко «Валдай» муҳокама клуби доирасида ўтказилган матбуот анжуманида. Унинг айтишича, музокаралар ҳеч қандай кўринишда давом этмаяпти.

«Украина ва РФ ўртасида музокаралар тўхтатилди. Аммо қачондир тикланади ва менимча, унда модератор Зеленский бўлади», деди Украина томонидан музокараларда қатнашган Михаил Подоляк. У Украина «Путиннинг юзини сақлаб қолиш учун» ҳеч нима бермаслигини айтди.

Украина президенти музокаралар ҳақида гапирар экан қисқача талабини шундай баён қилди: «Мен Путин билан гаплашишга тайёрман, лекин фақат у билан», деди Зеленский ҳеч қандай воситачи керак эмаслигини айтиб.

Музокаралар қандай кечганди?

Томонлар Россия Украинага бостириб кирганидан 4 кун ўтиб – 28 феврал куни Беларусда илк марта музокара ўтказишганди. Март ойида яна бир неча марта учрашувлар ўтказилди. 10 март куни икки давлат ташқи ишлар вазирлари Дмитро Кулеба ҳамда Сергей Лавров Туркияда учрашди.

Охирги марта томонлар тўлиқ таркибда 29 март куни Туркияда учрашганди. Россия музокарачилари етакчиси Владимир Мединскийнинг айтишича, ўшанда Украина томонидан халқаро хавфсизлик кафолати эвазига ядро қуролидан холи бўлиш ва ҳарбий блокларга кирмаслик кафолатланган статусга ўтиш таклиф қилинган. Украина томони бу фактни тасдиқлади.

Айнан ўша вақтда Россия Мудофаа вазирлиги Киев ҳамда Чернигов йўналишида фаолликни бир неча баробар камайтирганини маълум қилганди. Кўп ўтмай музокаралар онлайн форматда давом этиши айтилди, бир неча музокаралар ҳам ўтказилди. Аммо Москва Киев томони айтилган гаплардан тонаётганини иддао қила бошлагач, музокаралар тўхтаб қолди.

BBC нимани аниқлади?

BBC бу борада суриштирув ўтказиб, томонлар нега музокаралардан бош тортаётганига аниқлик киритишга ҳаракат қилди. Нашр мухбири аниқлашича, Украина томони музокараларни тўхтатишига Бучадаги қирғин, Россияга эса «Москва» крайсери йўқ қилингани таъсир қилган.

BBC билан суҳбатлашган музокаралардан хабардор манбаларнинг айтишича, уруш тақдири энди фақат жанг майдонида ҳал бўлади. Ўзи дипломатик мулоқот ўтказишдан мақсад икки давлат кейинчалик қандай яшаши, келажакда бундай можаро такрорланмаслиги учун келишиб олишдан иборат.

Энди бунга умид қилиш қийин. Фронтдаги ҳолат дипломатик мулоқот, агар у ўтказилса, йўналишига ҳам таъсир қилади.

Музокара бўлмаса, уруш бўлаверади

Россиянинг Украинага ракета зарбалари тўхтамаяпти. Хусусан, 17 майга ўтар кечаси Лвов вилояти уруш бошлангандан буён энг жиддий ракета зарбалари остида қолгани айтилди. Қуруқликдаги урушлар эса асосан Украина шарқида олиб борилмоқда. Украина томони бераётган маълумотларга кўра, Россия Донбассда назоратини кенгайтиришга уринмоқда. Украина эса Харковда муваффақият қозоняпти. Украин армияси махсус кучларининг бир гуруҳи рус кучларини чекинтириб, Россия чегарасигача етгани маълум қилинди. Зеленский уларни қаҳрамонлик учун табриклашга ҳам улгурди.

«Азовстал»да ҳам воқеалар ривожи ўзгарди. Икки ойдан буён мудофаани ушлаб келаётган Мариупол ҳимоячиларини завод ҳудудидан эвакуация қилиш бошланди. Зеленский заводдаги аскарлар йўқ қилиниши музокараларни батамом тўхтатишини маълум қилганди. 16 май куни оғир яраланган украин ҳарбийларидан 53 нафари Новоазовскдаги касалхонага олиб кетилди, 211 нафари эса асирлар алмашинуви доирасида Оленивкага йўл олди.

Россия бу ҳарбийларни асирлар деб атамоқда. Россия давлат Думасининг сешанба кунги йиғилишида халқаро муносабатлар қўмитаси раиси Леонид Слуцкий «Азовстал»дан чиққан украин ҳарбийларини ўлдириш кераклигини талаб қилди. Ваҳоланки, улар асирлар алмашинуви доирасида айирбошланишига келишилгани айтилмоқда.

Москванинг иддаолари

Путин Россия ва Украина ўртасидаги музокараларни дунё етакчилари билан икки марта муҳокама қилди. 13 май куни ҳолатни Германия канцлери Олаф Шолц билан муҳокама қилган Путин музокаралар Киев томонидан тўхтатиб қўйилганини айтди. Кейинги куни Финландия президенти Саули Ниинисте Россия президентига телефон қилиб, мамлакат ҳар қанақасига НАТОга киришидан хабардор қилди. Суҳбат давомида Путин музокаралар Киев томонидан жиддий қабул қилинмай тўхтатилганини яна бир бор таъкидлаган.

Украина музокаралар бошидан буён Зеленский ва Путиннинг юзма-юз учрашишини талаб қилиб келади. Аммо Москва ҳар сафар президентлар музокара гуруҳлари аниқ келишувни имзолашга тайёрлагачгина кўришиб, келишувни имзолашини билдиради.

Зеленский Путин билан шахсан, яккама-якка гаплашиш истагини билдирган. У воситачи ёрдамида ўтган мулоқот фойда бермаслигини таъкидлайди.

«Путин билан гаплашишга тайёрман, лекин фақат у билан, қандайдир воситачиларсиз. Мулоқот кайфиятида, ҳеч қандай ултиматумларсиз», деганди Зеленский.

Украина президенти Қрим масаласини ҳозир ҳал қилиб бўлмаслигини ҳам айтганди: «Биз ҳеч қачон Қримни Россиянинг бир қисми сифатида тан олмаймиз. Ҳозир уруш кетмоқда, одамларнинг омон қолиши ҳал бўляпти. Туркияда делегациямиз бу масалани 10 йил ичида ҳал қилишни таклиф этганди. Бу таклифга жавоб беришмади», деганди Украина етакчиси.

АҚШ Миллий разведкаси директори Эврил Ҳейнс Россия Донбассда ўз мақсадларига эришса ҳам уруш тугамаслигини айтди. Унинг АҚШ разведка маълумотларига таяниб фикр билдиришича, музокаралар яқин вақт ичида давом эттирилишига ҳеч қандай умид йўқ.

Мавзуга оид