Ўзбекистон | 20:48 / 18.05.2022
42665
21 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон қандай қилиб газ экспорт қилувчи давлатдан импорт қилувчи давлатга айланди — «Ўзтрансгаз» раиси билан суҳбат

Нима учун давлат энергетика ислоҳотида шок-терапияси ўтказмайди? Республиканинг ҳамма ҳудудларига газ тортиб борса бўлмайдими? Газ масаласида Россия ва Хитой билан тузилган битимларнинг асосий шартлари қанақа? Ўзбекистон нега газини тўғридан тўғри Европага сота олмайди?

«Ўзтрансгаз» раиси Беҳзод Норматов YouTube'даги «Улар» лойиҳасига берган интервюсида юқоридаги ва бошқа қатор саволларга ойдинлик киритди.

— «Ўзтрансгаз» қандай ташкилот, нима билан шуғулланади?

— 2019 йилда соҳани трансформация қилиш мақсадида қабул қилинган президент қароридан кейин, «Ўзбекнефтгаз» табиий газни қазиб чиқарувчи, «Ўзтрансгаз» қазиб чиқарилган газни ташиб берувчи, «Ҳудудгазтаъминот» эса якуний истеъмолчиларга етказиб берувчи корхона сифатида фаолият кўрсата бошлади.

Тизимни бўлишдан мақсад – соҳадаги самарадорликни тўғри баҳолаш эди. Ҳамма тармоқни битта монополист қамраб олган пайтда, майда муаммоларни ўрганишга ва тўғри баҳолашга етарли даражада вақт ҳам, имконият ҳам бўлмаган.

Магистрал газ қувурлари бўйича бизнинг вазифамиз – етказиб бериш жараёнидаги йўқотишларни камайтириш, трубаларни модернизация қилиш, умуман олганда А нуқтадан Б нуқтага газни минимал йўқотишлар билан ташиш ҳисобланади.

Давлат активларини бошқариш агентлиги маълумотига кўра, «Ўзтрансгаз» ўтган йилни 2,5 трлн сўмдан ортиқ зарар билан якунлаган. Бунга сабаб нима?

— 2019 йилда соҳани трансформация қилиш жараёнида «Ўзбекнефтгаз» ва «Ҳудудгазтаъминот»ни молиявий жиҳатдан соғломлаштириш асосий вазифалардан бири бўлган. Шу сабабдан газ нархининг ошишини олдини олишга қаратилган барча давлат субсидиялари «Ўзтрансгаз»га тўғри келган. Ҳисоботга қарасангиз, «Ўзбекнефтгаз» ҳам, «Ҳудудгазтаъминот» ҳам ўтган йилни фойда билан якунлаган. Фақат биз йилни зарар билан якунлаганмиз. Сабаби – энг катта зарба бизга бўлади. Газни ишлаб чиқарувчилардан сотиб олиб, керак бўлса импорт қилиб, уни арзон нархда сотамиз. Мисол учун, 200 долларга газ сотиб олсак, аҳолига 30 доллардан қайта сотяпмиз.

Гап фақат арзон олиб, қиммат сотишимизда эмас. Бундан ташқари, қувурлар ва компрессор станцияларнини таъмирлаш учун кредитлар олганмиз, ўшаларга молиявий хизматлар кўрсатишимиз керак. Умуман олганда, 1 куб метр газдан 150-160 сўм зарар кўрамиз.

— Бундан келиб чиқсак, «Ўзтрансгаз» доим йилни шунақа катта зарар билан якунлайверадими?

— Йўқ, ҳар доим бундай давом этиши мумкин эмас. Битта нарсани ҳамма тушуниб етиши керак: эркин бозор муносабатларига ўтмасак бўлмайди.

Ҳамма ривожланган давлатларга қарасангиз, давлатнинг иқтисодиётга аралашуви минимал даражада. Ўтиш даври бўлгани учун бизда кучли ижтимоий сиёсат юритиб келиняпти. Лекин ҳисоб-китобларимизга кўра, ажратилаётган субсидияларнинг атиги 20 фоизи ижтимоий муҳтож қатлам вакилларига тўғри келяпти. Чунки улар шундоқ ҳам газ ва электрдан кам фойдаланади, уйида кондиционери йўқ, бир нечталаб газ плиталар ё иситиладиган бассейни йўқ.

Энди, тегишли қарор чиқди, «Ўзбекнефтгаз»нинг 49 фоиз акцияси сотилиб, хусусий секторга ўтади. Коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ҳам хусусийлаштириладиган бўлса, охир-оқибат давлат юз фоиз монополияни сақлаб қоладигани – магистрал газ қувурлари бўлади. Чунки бу стратегик ҳисобланади, уни хусусий қўлларга бериб бўлмайди.

— Энергетика соҳасида эркин бозор иқтисодиётига ўтиш нега секин кечяпти?

— Бизда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламнинг улуши ҳалиям катта даражада. Ҳукумат нархларни оширса, бунинг оқибати қандай бўлади, деган савол туради. Умуман, бозор тамойилларига бирданига ўтиб, нархларни кескин ошириш ва тушган пулдан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ёрдам кўрсатса ҳам бўларди, лекин ислоҳотни мўътадил кўринишда босқичма-босқич амалга оширяпмиз.

Давлат ҳам бизнинг катта зиён кўраётганимизни билади, шу сабабдан банкларга давлат кафолатини бериш ва тўғридан тўғри субсидия шаклларида молиявий ёрдам бериб турибди. Аммо ўзимиз учун белгилаб олганмиз, 2025-2026 йилларда бозор муносабатларига ўтадиган бўлсак, соҳа либераллашади ва нархларни ҳам бозорнинг ўзи шакллантирадиган бўлади.

Айтганимдек, ҳар қанақа ислоҳот қилинаётганда ижтимоий заиф қатлам ҳақида ўйланади. Менимча, ҳозирги шароитда поғонали ҳисоблаш тизимига ўтилиб, маълум миқдордаги газ истеъмолидан кейин бошқача нарх белгиланса, адолатдан бўларди, деб ўйлайман. Шунда одамларда ҳам танлаш имконияти пайдо бўлади: энергия тежовчи технологияларга ўтиб, тўловларни камайтириш ёки кўпроқ тўлаш.

Ҳозирда сиз уйингизга қуёш батареяси қўядиган бўлсангиз, харажатларингизнинг 30 фоизини давлат қоплаб беради. Мен ўзим уйимга ўрнатганман, натижада ёзда сув иситиш учун газ ишлатмайман. Агар газнинг нархи ошадиган бўлса, одамларда шу кабиларга қизиқиш ортади, истеъмол маданияти пайдо бўла бошлайди, қиш пайтида уйини яхшилаб изоляция қилади, имконияти бор одамлар уйини энерготежамкор қилади.

Ривожланган мамлакатларга нисбатан, биргина Тошкентнинг ўзида 1 куб метр майдонни иситиш учун 4 баробар кўпроқ энергия сарфланади.

— Биз муаммо нимадалигини билсак, нима учун бутун халққа: “Ўртоқлар, давлат субсидиялари камаяди, газ қимматлашади, шунинг ҳисобига ҳаммага етказиб бериш имконияти бўлади”, деб тушунтириб, шуни тарғибот қилиб, ислоҳотни қисқа вақтда ўтказиб юборса бўлмайдими?

— Грузияда шунақа бўлди. Шок терапияси дейилади. Энди, сиз бир нарсани инобатга олишингиз керак: Грузияда 4 млн аҳоли яшайди, биз эса 30 миллиондан ошдик. Грузияда норозилик келиб чиқса, 4 млн одам норози бўлади, бизда эса 30 млн одам норози бўлиши мумкин.

Шок терапиясининг ўзига яраша рисклари бор. Тўғри, ислоҳотни тезда ўтказиб, бошқаларга етиб олиб, уёғига ҳосил бўлган маблағдан тизимдаги муаммоларни ечиш мумкин. Иккала вариантнинг ҳам плюс-минуслари бор.

Ҳозир босқичма-босқич, ижтимоий силникишлар камроқ бўладиган йўл танланган. Яъни одамларнинг иқтисодий аҳволини секин-секин кўтариб, уларда тўлов қобилиятини яратиб борамиз дейилган.

Давлат максимал даражада қўллаб-қувватлаб келяпти, ўйлайманки, етарли миқдорда оёққа туриб бўлдик. Энди аста-секинлик билан нархлар реформаси устида ишласак ҳам бўлади. Чунки бусиз иложи йўқ. «Ўзтрансгаз» қарамоғидаги 13 минг км магистрал газ қувурларининг 61 фоизи 30 йилдан кўпроқ муддатдан бери эксплуатация қилиняпти. Россиянинг стандартларига қарайдиган бўлсак, 20 йил ичида газ қувурлари 100 фоиз алмаштирилиши керак – шунда ҳам лозим даражада эксплуатация қилинган бўлса, яъни тоза газ ҳайдалган бўлса, электр-кимёвий ҳимояси бўлса, коррозияга қарши чоралар юз фоиз кўрилган бўлса.

Мустақиллик йилларида анча яхши ўзгаришлар қилинди, лекин энергетика соҳасига эътибор нисбатан суст бўлди. Айниқса, янги қувурлар қурилган бўлса-да, эскиларини алмаштириш бўйича унақа кўп иш олиб борилмаган. Энергетика соҳасини модернизация қилишга киритилган маблағларнинг 70-75 фоизи охирги 5-6 йилга тўғри келади.

Қувурлар эскиргани сари ташиш қобилияти пасаяди. Баъзи жойлардаги қувурларни очиб, текширганимизда, қоғоздек ҳил-ҳиллаб кетган бўлади. Табиийки, бунақа қувурдан 40-45 атмосфера газ ҳайдаб бўлмайди, портлаш риски бор. Ишлаб туради, лекин камроқ газ ташийди.

Соҳа ислоҳоти бизга кўпроқ имконият яратади. Ислоҳотни охиригача етказадиган бўлсак, “Ўзтрансгаз” газ қувурларининг ягона миллий оператори бўлиб қолади. Яъни биздан яқин келажакда олди-сотди функциялари чиқарилса, бизнинг вазифамиз фақат А нуқтадан Б нуқтага газни минимал йўқотишлар билан олиб бориб бериш бўлади.

— Ўзбекистон ўзининг газ захираларидан тўлиқ фойдалана олмайди, чунки бу ҳуқуқлар узоқ муддатга Россияга сотилган деган гаплар юради. Бу қанчалик асосли?

— Бу маълумот мутлақо нотўғри. Ҳозиргача Ўзбекистон ҳудудида ишлаётган энг катта компания «Лукойл» бўлса, умумий ҳисобда ушбу соҳага 7 млрд доллардан ортиқ инвестиция киритган. Тўғри, инкор эта олмайман, «Лукойл»га яхши конлар берилган. Лекин бу компаниянинг Ўзбекистонда кўраётган фойдасининг 60 фоизи давлатники. Яъни улар 100 сўм топадиган бўлса, 60 сўми давлатга қайтиб келади. Адашмасам, 2042 йилгача «Лукойл» билан маҳсулотни тақсимлаш бўйича битим тузилган. Шу муддатгача конларни эксплуатация қилиб, газ қазиб чиқариб, тозалаб, етказиб беради. Агар газни экспорт қиладиган бўлса ҳам, маблағнинг 60 фоизи ғазнамизга келиб тушади. Қолаверса, «Лукойл» томонидан уч мингта одам иш билан таъминланган.

Қолган компаниялар ҳам Ўзбекистонга келадиган бўлса, маҳсулот тақсимлаш келишувлари қилинади. Олаётган даромади 50 фоиздан зиёди ўзимизда қолади. Бу Ўзбекистон ҳудудида ишлаётган Хитой ва Россиянинг бошқа компанияларига ҳам тааллуқли.

Бизда Россиянинг иккита газ компанияси ишлайди: «Лукойл» билан «Газпром». «Газпром» Устюртда фаолият олиб бормоқда, уларнинг ҳам олган маҳсулотидан 50 фоизи давлатники. Давлат хоҳласа экспорт қилади, хоҳласа ички бозорга беради. Яъни давлат бир тийин пул тикмаяпти; компания ўзи пул тикиб, қазиб чиқаряпти, ўз харажатларини қоплаяпти – ўзига яраша инвестицион келишувлар бор – фойдасининг бир қисмини давлатга беряпти.

Ўзбекистоннинг ўз захираларидан фойдалана олмаслигини кўзда тутувчи ҳеч қанақа келишув йўқ, компаниялар фақатгина ўзларига белгилаб берилган кон ва ҳудуднинг ичида, давлат билан келишган шартлар асосида фаолият юритишади.

2001 йилга қайтадиган бўлсак, ўша пайтда қилинган келишувлар, масалан, «Лукойл» билан қилинган келишув ва инвестициялар ўзини оқлаяпти, деб ўйлайман. Мен ўзим нефт-газ соҳаси мутахассиси бўлганим учун шундай деб ҳисоблайман. Кимдир айтиши мумкин, шу ишларни ўзимиз қилсак бўлмасмиди, деб. Лекин ўша пайтга қайтадиган бўлсак, бизда етарли даражада молиявий имконият ҳам, етарли мутахассислар ҳам бўлмаган.

— Айтайлик, Норвегия компанияси келиб, шартнома тузмоқчимиз, сизлардан газ қазиб олмоқчимиз деса, биз улар билан шартнома туза оламизми?

— Ҳа, туза оламиз.

—Бизда газ қазиб чиқарувчи хориж компаниялари асосан Хитой ва Россияники, шундайми?

— Ҳа, бизда ишлаётганлари Хитой ва Россия компаниялари.

— Асосий транзитларимиз ҳам Россия билан Хитойгами? Айтмоқчиманки, нима учун Европа бозорига киришга, транзитни буёққа буришга ҳаракат қилмаймиз?

— Гап транзитни буришда эмас. Масалан, Хитой Ўрта Осиёда Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистоннинг нефт-газ қазиб чиқариш соҳаларига инвестиция қилган, чунки улар ўсиб бораётган иқтисодиётини газ ва энергия ресурслари билан таъминлаши керак. Ҳар қандай ўсаман деган иқтисодиёт энергоресурсларни кафолатли олишга эҳтиёж сезади. Кўп нарсаларда, масалан, Европанинг компаниялари келмаса ҳам, Хитой шу шарт-шароитларга кўз юмиб, биз жуда қаттиқ талаблар қўйган бўлсак-да, киришган, пул тикишган.

Масалан, Туркманистондан Хитойга ўтган қувурлар Ўзбекистон ҳудудидан ҳам ўтган. Булар – янги қурилган қувурлар. Ўзбекистонда “Asia Trans Gaz” деган қўшма корхона бор, шу қувурларнинг Ўзбекистон ҳудудидан ўтган қисмини эксплуатация қилиб келади. Туркманистондан Хитойга газ транзитининг Ўзбекистондан ўтадиган ва ўтмайдиган қисмлари бор. Бу – Хитой ўзи учун қурган инфраструктура. Яъни бу қувурлардан кетаётган газ Қозоғистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам қолмайди, тўғри Хитойга етиб боради.

Худди шунақа қувурлар Қозоғистоннинг жанубий қисмидан ғарбий қисмидан жанубий қисмигача келиб уланган, уни ҳам хитойлар қурган, у орқали ҳам Хитойга газ кетади. Яъни узоқ муддатли келишувлар бўлган, Хитой инвестиция қилиб уни яратган. Қувурларнинг Ўзбекистондан ўтаётган ҳар бир километридан Ўзбекистонга фойда қолади.

Россияга келсак, СССР давридан қолган Бухоро–Урал қувурлари бор, ўз пайтида газ иккита йўналиш бўйича Ўрта Осиёдан Россиянинг Марказий қисмларига ташилган. Совет иттифоқи ажралиб кетганидан кейин мавжуд экспорт маршрутимиз фақат шу бўлгани учун, ўз навбатида «Газпром»нинг Европа давлатлари билан контрактлари бўлгани учун, «Газпром» биз билан келишиб, Netback деган формула бор: масалан, Европанинг чегарасидаги нарх олинади, транспортировка нархлари озгина фойдаси билан олиниб, ўша нархни бизга тўлаб беришади. Булар ҳам узоқли муддатли келишувлар.

Айтмоқчиманки, биз нега Европага тўғридан тўғри газ экспорт қилолмаяпмиз дейилса, қандай қилиб олиб борасиз Европага? Россиянинг газ қувурлари тизими орқали олиб боришга мажбурсиз. Бу – иқтисодиётдан юқорироқ турадиган, сиёсат аралашадиган нарса. Чунки улар ҳам ўз геополитик манфаатларини ҳимоя қилади. Шу билан бир қаторда, Европа билан келишилган ҳолда Ўзбекистонга ва Туркманистонга нархни белгилаб беришади. Тўғри, биз хоҳлагандай бўлмаслиги мумкин, лекин бизнинг ягона маршрутимиз бўлгани учун...

Ундан кейин бизда Хитой пайдо бўлди. Рақобатбардош, яъни Россия таклиф қилаётган шароитлардан яхшироқ бўлгани учун ўша пайтда таклифлар қабул қилинган. Бу ўз навбатида Россияни ҳам биз билан муносабатларда нархларни ҳам қайта кўриб чиқишига ўзига яраша таъсир кўрсатган. Нархлар орасида мувозанат пайдо бўлган, яъни биз бозорникига яқинроқ, ўзимиз экспорт қилганимизда қандай бўларди деганга яқинроқ нархлар бўлишига эришганмиз.

Агар бизда ҳам денгизга чиқиш имконияти бўлганида, худди шу табиий газимизни суюлтирилган газга айлантириб, Хитойга ёки Европага сотишимиз мумкин эди.

— Ўзбекистон қандай қилиб газни экспорт қиладиган давлатдан, импорт қиладиган давлатга айланиб қолди?

— Бу ерда иккита фактор бор: қазиб чиқиш имкониятлари ва ички талаб.

Мустақилликка эришганимизда 19 млн аҳолимиз бўлган бўлса, ҳозирда 35 млндан ошди. Иқтисодиётимиз ўсяпти: кичик ва ўрта бизнес ривожланяпти, қурилиш материаллари, кимё соҳаси ва ҳоказо соҳалар ўзига яраша ўсиб кетди. Бу талабни қондириш керак. Янги катта конлар топилмаяпти, ички захиралар ҳам чексиз эмас.

Графикда тасаввур қиладиган бўлсак, қазиб чиқариш пасайяпти, талаб эса ўсяпти – шу икки чизиқ кесишганидан кейин импорт қилишни бошлашимиз керак бўлади. Агар умуман импорт қилмай, фақат ўзимизнинг газимизни ишлатамиз десак, чекланган ресурсларга боғланиб қоламиз ва натижа ҳам шунга яраша бўлади. Халқаро стандартлар бўйича, агар биз ЯИМ ўсишини таъминлаб бермоқчи бўлсак, иқтисодиётимизга керак бўладиган энергоресурслардан 10 фоиз кўпроқ қўшимча захирамиз бўлиши керак.

Кореяни олинг, гази борми? Ёки Японияни. Гази бўлмаса ҳам, ривожланган давлатлар. Уларда газга, электр энергиясига муносабат биздан фарқ қилади, жуда тежамкор технологияларни ривожлантиришган. Шу билан бирга, нефт-кимё бўйича етакчи ўринларни эгаллашади.

Газни ёқилғи сифатида ёқиб юбориш бу яхши эмас. Худди шу ёқаётган газимизни қайта ишлайдиган бўлсак, ундан қанча нарса олса бўлади. Импорт қилишдан ҳеч қачон қўрқиш керак эмас. Иқтисодиётимизнинг тўхтамаслигини хоҳласак, кафолатланган энергия ресурслари билан таъминлаб беришимиз керак. Захираси билан бирга.

Бизда республиканинг ҳамма ҳудудларига газ етказиб бериш имконияти борми?

— Имконият мавжуд, фақат қарс икки қўлдан чиқиши керак. Энергия тежамкорлигини, истеъмол маданиятини оширишимиз керак. Айрим одамларда инсоф ҳам бўлиши керак: газ ўғирлайдиганлар, ноқонуний сотадиганлар халқнинг нарсаси учун бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам жавоб беришини тушуниб етиши керак.

Биз томонимиздан қилинадиган иш эса, газ тармоқлари инфратузилмасини талаб даражасида қайта лойиҳалаштириб, етказиб берадиган ҳолатга келтириш. Сир эмас, янги ташкил этилган айрим маҳаллаларда давлатнинг қувур тортиб беришга имконияти бўлмаган, одамлар ўзлари пул йиғиб, қувур тортишган. Аммо молиявий имкониятлари чеклангани учун стандартларга мос келадиган труба ётқизилмаган. Натижада маҳалланинг бошидаги хонадонлар газдан яхшироқ фойдаланиш имкониятига эга бўлишса, чеккароқ қисмидаги хонадонларга газ етиб бормайди. Агар биз ҳаммага етадиган миқдорда газ берамиз десак ҳам, қувур кичкиналиги сабаб бу ишни амалга ошира олмаймиз.

Ҳозирда айланма ёпиқ тизим яратиш устида иш олиб бориляпти. Бунда кичик босимдаги тармоқларни ўрта босимга ўтказилади, маҳаллалардаги “ГРП” газ тақсимлаш ускуналари олиб ташланади. Аҳамият берган бўлсангиз, ҳозирги замонавий АСКУГ ҳисоблагичлари қўйилаётганда ёнига регулятор – меъёрловчи ускуна қўйиб кетиляпти. Ёпиқ тизимга ўтказилган маҳаллада газ бир меъёрда айланиб, ҳаммага бир хил етиб борадиган қилинади. Айланма газ қувури билан ўраб олинган маҳаллада ичкаридаги нуқталар бир-бирига уланиб кетган ҳолатда, бир жойда истеъмол катта бўлса, у ерга бошқа жойлардан ҳам газ келаверади. Яъни бу тармоқни боши берк эмас, айланиб ҳар тарафдан газ келаверади. Шунда қувурларда баланс бўлади.

Энди шуни бутун республика масштабида тасаввур қилинг. 30 йил мобайнида маҳаллаларни газлаштириш бўйича амалга оширилган лойиҳаларнинг 50 фоизи ҳам жаҳон стандартларига жавоб бермайди. Буёғига энди “Ҳудудгазтаъминот” тўғри лойиҳалаштириб, керак бўлса инвестиция қилиб, чет элдан мутахассисларни олиб келиб, шу нарсаларни ҳал этиши керак.

Менимча, ҳам энерготежамкорликка эътибор қаратсак, ҳам шу замонавий технологияларни жорий қиладиган бўлсак, ҳозирги етказиб бераётган газ ҳажмларимиз ҳам етади.

Аҳолига узатилаётган газ ҳажми 4-5 йил олдин 9 млрд куб метр бўлган бўлса, ҳозир бу рақамлар 12,5 млрд куб метрга етган. Етказиб бериш тизимимиз бунга жавоб бериши керак.

— ОАВда катта ҳажмда газ ўғирлангани ҳақида тез-тез хабарлар чиқади. Газни умуман ўғирлаб бўлмайдиган қилиб қўйишнинг қандайдир йўли йўқми?

— 90-йилларда Ўзбекистонда машина ўғриликлари жуда кўпайиб кетган, шундан сўнг бу жиноят учун 10 йиллик қамоқ жазоси жорий қилинган, натижада ўғриликлар ўз-ўзидан тўхтаган. Ҳозирги кунда газ ўғирлаган одам қўлга тушса, етказилган зарарни қоплаб берса бўлди, яна иш фаолиятини давом эттираверади. Бу борада Туркияда тажриба алмашиб келдик. Уларда аниқланган муддат давомида ўғирланган газнинг қийматини 3 баробар қилиб тўлайди. Бу – административ жазо. Шунингдек, бу ишда ким қатнашган бўлса, жиноий иш қўзғалиб, ўғрилик учун қамалади. Бу борада биз ҳам ҳукуматга таклифлар киритганмиз.

Ўзимиз томондан олсак, аҳолининг АСКУГ тизими билан қамраб олиш 70 фоиздан ошди. Бу рақамлаштириш ва инсон омилини максимал камайтириш имконини беради. Ҳозир магистрал қувурларда ўлчов ускуналари фақат газ тақсимлаш пунктлари ва бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга ўтаётган жойларда бор, шундай ускуналарни кўпайтирсак, электрон тизим бизга автоматик айтиб беради: мана бу ерда ноодатий тарзда газ камайиб боряпти, у ерда ё тешик бор, ё ўғирлик бор.

Бунинг учун компания томонидан дастурлар сотиб олинган, бу дастурлар фақат газ йўқотилаётган жойларни эмас, истеъмолчиларнинг истеъмоли ошиб боришини прогноз қилиш қобилиятига эга. Ҳозирда ўқув ишлари бошланиш арафасида турибди, бош мутахассисларимизни шунга ўргатамиз. Бу келажакда бизга бошқа масалаларда, масалан янги ишлаб чиқариш зонаси учун жой танлашда ҳам қўл келади.

— Соҳада коррупция борми?

— Бор. Унга қарши курашиш йўли – рақамлаштириш. Инсон омилини мутлақо камайтириш.

— Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистонда 10 йилдан кейин газ таъминоти қанақа ҳолатда бўлади?

— “Пушти кўзойнак” тақиб жавоб беришдан йироқман. Ҳозирги талабдан келиб чиқиб қилишимиз керак бўлган ишларни оладиган бўлсак, менимча, ярмига яқинлашиб қолдик. Учқўрғондаги қишлоқда газга етарлича талаб бўлса, соҳа хусусийлашганидан кейин, тадбиркор газни ўзи тортиб бориб, уйингизга келиб: “Ака, қанча кўп газ олсангиз, шунча яхши, ресурсимиз ҳам бор” дейди. Ўзи бориб, ресурсини ҳам ҳал қилиб қўяди. Ресурс эса давлат миқёсида кафолатли таъминлаб берилади – жумладан импорт ҳисобига; худди Хитой, Европа давлатларига ўхшаб. Таъминот етарли бўлгач, ичкаридаги етказиб бериш тизими ривожланиб бораверади.

— Сиз шуларнинг ҳаммаси амалга ошишига ишонасизми?

— Мен ўзим ишонмасам, бу лавозимда ўтирмаган бўлардим.

Мавзуга оид