Сурхондарёда “права” сотилаётган бўлиши мумкин. ИИБ интернетда тарқалган аудио эгаларини қидираётгани айтилди
Ижтимоий тармоқларда Сурхондарёдаги автомактабдан “права”га имтиҳон топшириш учун ЙПХ ходимлари пул талаб қилаётгани айтилган аудио тарқалди.
Аудиода кимлиги номаълум аёл ва эркак имтиҳон жараёнида тамагирликка йўл қўйилаётганини муҳокама қилишган. Эркак имтиҳон топшириб чиққани ва эвазига 200 минг сўмдан пул йиғиб олинганини билдирган.
Суҳбатда Тўлқин исмли киши ўртада воситачилик қилгани ва уни ЙПХда ҳамма таниши айтилади.
Сурхондарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ахборот гуруҳи катта мутахассиси Элнур Абраев аудио бўйича Kun.uz'га маълумот берди.
“Жорий йилнинг феврал ойидан бери назарий имтиҳонларда 20 та савол қўйиладиган тизим яратилди. Имтиҳонларимиз шундай ташкил қилиняптики, аудиторияга кирган 25 нафар ўқувчига компютер орқали онлайн 20 тадан савол берилади. Уларга на ташқаридан, на ичкаридан биров ёрдам беролмайди.
Хоналарга онлайн камера қўйилган ва биздан юқори турувчи ташкилотлар назорат қилиб туради. Бундан ташқари, имтиҳон жараёнларида ИИВ ҳузуридаги шахсий хавфсизлик хизмати ходимлари кузатувчи-назоратчи сифатида иштирок этади. 20 та саволдан учта хато қилган одам имтиҳондан “йиқилган” ҳисобланади. Бу хулосани ҳам компютернинг ўзи беради – инсон омили бўлмайди.
Биз ҳам аудиони ўрганиб чиқдик. Суҳбатда 10 та савол ҳақида гапирилмоқда. Демак, аудио бироз аввал ёзиб олинган бўлиши мумкин. Чунки март ойидан бошлаб Сурхондарё вилоятида ягона имтиҳон маркази ташкил қилинди. Битта имтиҳон хонаси рўйхатга олинган. Тарқалган аудиода айтилаётган ўнта саволни белгилаш аввал бор эди. Туманларда ҳам рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмаларимизда имтиҳон олинарди. Компютерлар йўқ, фақат шаблон бўларди. Энди барча туманлардаги номзодлар ёки қайта тайёрланаётган ҳайдовчилар фақат Термиз шаҳридаги ягона марказда имтиҳон топширмоқда”, – деди ЙҲХБ расмийси.
Абраевнинг қўшимча қилишича, аудиоси тарқалган икки фуқаронинг шахси ҳозирча маълум эмас. У Тўлқин исмли шахс тизимда ишламаслиги ва бундай одамни ходимлар танимаслигини билдирди. Мободо шундай одам бўлса ҳам, имтиҳон топширувчиларни алдаб юрган бўлиши мумкинлигини айтди.
Аввалроқ айнан Сурхондарёда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериш эвазига 2 миллион сўм олган фуқаро ушлангани ҳақида хабар берилганган эди. Вилоят ИИБга кўра, тамагирликда гумонланаётган шахс 25 апрел куни Жарқўрғон туманида ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳолат юзасидан жиноят иши 17 май куни қўзғатилган.