Ўзбекистон | 15:01 / 20.05.2022
4932
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон илк марта “Partnerships Award” ғолиби бўлди

Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигига Лондонда “Partnerships Award” мукофоти топширилди. Бу мукофотни Ўзбекистон илк марта қўлга киритди.

Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги  “Partnerships Award”нинг “йил тарғиботчиси” номинациясида ғолиб бўлди. Бу ҳақда Молия вазирлиги хабар бермоқда.

Ушбу мукофот ҳукуматнинг ривожланиш стратегияси негизида ДХШ дастури жойлаштирилганлигининг ёрқин намунаси, дея эътироф этилмоқда.

Бундан ташқари, энг яхши коммунал хизматлар лойиҳаси номинациясида иккита лойиҳа финалчилар қаторига киритилган: Абу Даби “Future Energy” компанияси (Масдар) томонидан амалга оширилган 457 Мвт Шеробод Қуёш ДХШ лойиҳаси ва “Veolia Energy Tashkent” томонидан амалга оширилган Тошкент шаҳар иситиш тармоғини ишлатиш, техник хизмат кўрсатиш ва модернизация қилиш бўйича лойиҳаси.

Маълум қилинишича, жорий йилдаги “Partnerships Award” 19 май, пайшанба куни Лондондаги “The Hilton on Park Lane”да бўлиб ўтган. Унда 2021 ва 2022 йилги мукофот ғолиблари эълон қилинди.

Маълумот учун,  “Partnerships Award” давлат-хусусий шерикчилиги соҳасидаги мукаммалликни эътироф этишнинг энг катта ва энг нуфузли соврини ҳисобланади. 

Мукофотнинг муҳимлиги шундаки, улар энг кучли танқидчилар томонидан баҳоланади. Экспертлардан иборат баҳолаш панели давлат ва хусусий секторни намойиш этувчи 30 дан ортиқ соҳа мутахассисларидан ташкил топган. Баҳолаш панели аъзолари ДХШ соҳасидаги мутахассислиги, тажрибаси ва ҳаққонийлиги асосида танланади. У “Haymarket Media” гуруҳининг бир қисми бўлган “Partnership Bulletin” томонидан ташкил этилган.

Мавзуга оид