Ўзбекистон | 07:24 / 21.05.2022
3159
2 дақиқада ўқилади

Чирчиқда 80 гектар ер майдонида ўрмон типидаги истироҳат боғи барпо этилади

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Чирчиқ шаҳрида 80 гектар ер майдонида давлат-хусусий шерикчилик асосида ўрмон типидаги истироҳат боғи ва дам олиш маскани барпо этилади.

Фото: Kun.uz

“Нигоҳ” телеграм канали хабар беришича, ҳужжатга кўра, истироҳат боғи ва дам олиш маскани аҳолининг дам олиши учун қулай бўлган, дарахтзорлар билан қопланади.

Шунингдек, болалар шаҳарчаси, эко-ферма (ҳайвонот боғи), скейт-парк, сунъий тирмашиш қояси, турли хилдаги спорт майдончалари ва аттракционлар барпо этилади.

Бундан ташқари, югуриш ва велойўлаклар, табиий амфитеатр майдони қурилиши ҳам режалаштирилган.

Аввалроқ президентнинг “Тошкент вилоятида "Чирчиқ" кимё-индустриал технопаркини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги, "Ўзкимёсаноат" АЖ ва Татаристон президенти маъмурияти билан бир қатор келишувларга, жумладан "Химград" АЖ (Татаристон) билан ҳамкорликда Тошкент вилоятида "Чирчиқ" кимё-индустриал технопаркини  ташкил этиш ҳақида келишувга эришилган.

"Ўзкимёсаноат" АЖнинг бошқаруви қарорига асосан МЧЖ шаклидаги "Чирчиқ" кимё-индустриал технопарки дирекцияси ташкил қилинган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид