Жаҳон | 07:48 / 21.05.2022
16139
2 дақиқада ўқилади

Гарри Каспаров ва Михаил Ходорковский Россияда «хорижий агентлар» деб эълон қилинди 

Россия ҳукумати томонидан тузилган жисмоний шахслар - «чет эл агентлари» реестрига шахмат бўйича 13-жаҳон чемпиони ва ЮКОС компаниясининг собиқ раҳбари киритилди. Россия Адлия вазирлигига кўра, Каспаров ва Ходорковский Украинадан маблағ олади.

Гарри Каспаров / Фото: Reuters

Россия Адлия вазирлиги 20 май, жума куни шахмат бўйича 13-жаҳон чемпиони Гарри Каспаровни «хорижий агентлар» деб аталган шахслар реестрига киритди. Бу рўйхатга таниқли шахматчи ва Кремль танқидчисидан ташқари, Россиянинг ЮКОС нефть компаниясининг собиқ раҳбари Михаил Ходорковский ҳам қўшилди.

Реестрга кўра, Каспаров ва Ходорковский Украинадан «хорижий молия маблағлари» олиб, сиёсий фаолият билан шуғулланади. Бундан ташқари, Адлия вазирлиги ЮКОСнинг собиқ раҳбарини Human Rights Foundation Америка жамғармаси билан боғлаган.

Каспаров хабар эълон қилинган вақтда Россия расмийларининг қарорига изоҳ бермаган. Ходорковский Twitter микроблогида қисқача шундай ёзган: «Яхши рус»нинг паспорти олинди». 

Михаил Ходорковский / Фото: Reuters

Россияда «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонунчилик 2012 йилда пайдо бўлган. Ўшандан бери 450 га яқин ташкилот ва жисмоний шахслар тақиқ рўйхатига киритилган. «Чет эл агентлари» жисмоний шахслар реестри апрель ойи бошида ишга туширилди ва «хорижий агент ННТлар», «хорижий агент оммавий ахборот воситалари» ва рўйхатдан ўтмаган «хорижий агентлар ташкилотлари» рўйхати билан бир қаторда, тўртинчи шундай рўйхатга айланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид