Иқтисодиёт | 17:37 / 25.05.2022
31965
5 дақиқада ўқилади

Дунёда аллақачон пост-ЖСТ эраси. Иқтисодий дипломатиямиз фаоллашиши зарур

Дунё савдо-таъминот занжирларида Жаҳон савдо ташкилоти имкониятларининг максимум чегарасига етиб келгандек кўринмоқда. Охирги йилларда тузилаётган IPEFP, CPTPP ва RCEP каби иттифоқлар блоклашган янги иқтисодий доираларни вужудга келтиряпти. Дунё ЖСТдан кейинги даврга қадам қўяётган бир пайтда, Ўзбекистон ҳамон глобал савдо тизимидан узилганича қолмоқда.

Май ойининг сўнгги ўн кунлигида Жанубий Корея ва Японияга ташриф буюрган АҚШ президенти Жо Байден сафари давомида “Фаровонлик йўлидаги Ҳинд-Тинч океани ҳавзаси иқтисодий доиравий ҳамкорлиги”ни (Indo-Pacific Economic Framework for Prosperity) эълон қилди.

Бунда, АҚШга дўстона кайфиятдаги давлатлар бу доиравий ҳамкорликка қўшилиб, таъминот занжири (supply chains) каби иқтисодиётнинг муҳим соҳаларида ҳамкорлик қилишади.

Таъминот занжири – замонавий бизнесда ишлаб чиқариш ва маҳсулотни якуний истеъмолчига етказиб бериш ўртасидаги барча зарур жараёнларни боғловчи тизимдир. Коронавирус пандемияси бутун жаҳон бўйлаб ушбу тизимнинг асосий таркибий қисмларини издан чиқарди.

Бироз аввал Япония етакчилигида 11 давлат 2018 йил сўнгида Тинч океани ҳавзасидаги кенг қамровли ва прогрессив ҳамкорлик битимини (CPTPP) тузишганди. Хитой бошлиқ Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ҳам 2020 йил сўнгида RCEP номли савдо ҳудудини барпо этишди.

Европа Иттифоқи ҳам ўзининг ҳамкорлари билан кўплаб чуқурлаштирилган савдо ва инвестиция ҳамкорлик битимларини тузган бўлиб, иттифоқ бундан кейин ҳам уларнинг сонини янги давлатлар ҳисобига кенгайтиришни режа қилмоқда.

Бунга, хусусан, 1995 йилда тузилган Жаҳон савдо ташкилотидаги савдо музокараларининг одимламаётгани ҳам сабаб бўляпти. ЖСТдаги музокаралар ўзининг чегарасига етиб келиб қолгани сезилмоқда – 164 давлатнинг барчасини рози қиладиган чуқурлаштирилган савдо раундларини ўтказиш қийинлиги ойдинлашиб қолди. Шу сабаб дунёдаги йирик иқтисодиётлар ўзларига яқинроқ ҳамкор мамлакатлар билан янада чуқурлаштирилган савдо ва инвестиция битимларини тузишни сўнгги йигирма йилдирки, жадаллаштириб юборган.

Дунё маълум даражада 2-Жаҳон урушидан олдинги блоклашган иқтисодиётларни эслатиб юборувчи иқтисодий блокларга бўлинишни бошлагандек.

Ўзбекистон бу йўналишда фаоллашиши лозим.

Янги босқичга чиқиш зарурати

Ташқи сиёсатимизнинг бош йўналиши – иқтисодий дипломатия. Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач бу йўналишни олдинга сурди. Бу, албатта, тўғри сиёсат. Кейинги 5 йил давомида бутун давлат органлари, вазирликлар, давлат корхоналари ва элчихоналаримиз айнан ушбу йўналишда ишлаб, хорижда янги бозор топиш ва уларни эгаллаш ишларига зўр беришди, беришяпти.

Бироқ, ҳуқуқий қоидалар билан иҳоталанган дунё савдо тизимида миллий маҳсулот ва хизматлар учун шунчаки дипломатик йўллар билан катта миқдорда потенциал бозорларни очиш мушкул. Дунё билан кучли ҳуқуқий қоидалар – чуқурлаштирилган савдо ва инвестиция битимлари орқали интеграциялашиш зарур.

Тан олишимиз лозим бўлган муҳим факт – Ўзбекистон минтақа ва дунёда савдо-таъминот занжири ва савдо блокларига энг кам интеграциялашган давлатлардан бири.

Ва тезроқ интеграциялашмаса – дунёдаги савдога оид таъминот занжирларига фаол қўшилмаса, бундан кейин иқтисодиётини бир маромда юритиши ва ҳамкорларига маҳсулот ва хизматларни ўз вақтида топширишда катта қийинчиликларга учрайди.

Шубҳа йўқ, бу масалада биринчи муҳим қадам – бир неча йилдан бери давом этиб келаётган ЖСТ музокараларини тезроқ тугатиб, унга аъзо бўлиш. Чунки дунёдаги таъминот занжирига қўшилишнинг илк муҳим талаби – ЖСТга аъзолик.

Эсласак, 2022 йил март ойида бўлиб ўтган Тошкент халқаро инвестициялар форумида чиқиш қилган ЖСТ директори ўринбосари Чжан Сянчэн ҳам, ташкилот аъзолари Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилишига хайрихоҳлигини, бу борада Ўзбекистон томонидан аниқ қадамлар ташланишини кутаётганини билдирганди.

12-15 июн кунлари Женевада ЖСТнинг кўпдан буён кутилаётган 12-Вазирлар конференцияси бўлиб ўтади. Ўзбекистон ушбу муҳим йиғилишда яхши натижаларни қўлга киритиши лозим.

Ўзбекистон иқтисодий дипломатиясини кейинги босқичга кўтариши даври келди. ЖСТдан кейин Европа Иттифоқи, Жанубий Корея, Япония ва Туркия каби йирик савдо шериклар билан ҳам битимлар тузиш лозим бўлади.

ЖСТга аъзолик эса бизга мана шундай битимларни музокара қилиш учун тайёргарлик платформасини тақдим этади.

Алишер Умирдинов,
Япониянинг Нагоя иқтисодиёт университети профессори,
ҳуқуқ фанлари доктори

Мавзуга оид