Жаҳон | 18:00 / 26.05.2022
47465
12 дақиқада ўқилади

Россия қўшини Луганск марказини штурм қилмоқда, «ҳаёт йўли» хавф остида. Воқеалар қандай ривожланиши мумкин?

Россия армияси Луганск областининг Украина назоратидаги қисмининг маъмурий маркази ҳисобланган Северодонецк шаҳрини штурм қилмоқда. Шаҳар деярли қуршаб олинган, уни мамлакатнинг бошқа қисми билан боғловчи асосий йўл эса доимий равишда ўққа тутилмоқда. BBC айни вақтда украинлар учун фронтнинг энг мураккаб участкасидаги вазият ҳамда Украина қуролли кучлари Северодонецкни ташлаб кетиш эҳтимоли қанчалик юқори эканини кўриб чиқди.

Луганск области маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай Северодонецк Россия артиллерияси ва авиацияси томонидан тинимсиз равишда ўққа тутилаётгани ва бомбаланаётгани ҳақида айтди. «Шаҳар кечаю-кундуз вайрон қилинмоқда. Самолётлардан бомбалар ташлашмоқда... «Град» ва «Смерч», артиллериядан фойдаланишмоқда», деган у.

Хабар қилинишича, россиялик ҳарбийлар Северодонецкни уч томондан штурм қилмоқда ва шаҳар атрофида жанглар бошланиб кетган: Гайдайнинг сўзларига кўра, Россия қўшини шаҳарни миномётлардан ўққа тутиш учун етарли даражада яқин келган.

Област маъмурияти раҳбари шаҳардаги вазият ўта мураккаб экани ва кейинги бир неча кун жуда оғир бўлишини айтган. «Агар [россияликлар] ҳафта охиригача, яъни шанба ва якшанбагача муваффақиятга эриша олмаса, улар тўхтаб тин олишади ва ўшанда вазият биз учун камида барқарорлашади», деб ҳисоблайди Гайдай.

Россия армияси Луганск областида бир неча ҳафта давом этган шиддатли жанглардан кейин Украина мудофаасини ёриб ўтиб, Северодонецкдан 30 километр масофада, тепаликда жойлашган Попасная шаҳрини эгаллагач, атрофдаги ҳудудларга осонлик билан ҳужум қилиш имкониятига эга бўлганди.

Экспертлар ҳисоблашича, ҳозирда РФ армияси Северодонецк ва унга ёндош жойлашган Лисичанскдаги каттагина украин гуруҳини қуршаб олишга интилмоқда. Бу мақсадга эришиш учун россиялик ҳарбийлар 25 километр масофани босиб ўтиши ва ҳалқани ёпиши талаб этилади.

Аввалроқ Гайдай BBC Украина хизматига Украина қуролли кучлари кенг кўламли ҳужум бошидаёқ атайлаб Северодонецкка чекингани ҳақида айтганди. Бу юзлаб километрларга чўзилган фронт бўйлаб эмас, сўнгги саккиз йил давомида мустаҳкамлаб келинган, Луганск области шимолидаги Рубежное ва жанубдаги Попасная ўртасидаги кичикроқ участкада ҳимояланиш учун қилинган. Аммо Украина бу икки шаҳар устидан назоратни бой бергач, вазият улар учун кескин ёмонлашди.

Шаҳарда нималар бўлмоқда?

Ҳозирда Северодонецкда 15 минг атрофида тинч аҳоли вакиллари қолган, бу урушдан олдинги шаҳар аҳолисининг 10 фоизига яқинни ташкил этади.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Северодонецк тўхтовсиз ўққа тутилмоқда. Фото: ARIS MESSINIS / AFP

Северодонецк қарийб 100 йил муқаддам қўшни Лисичанскдаги кимё заводи ишчилари учун посёлка сифатида юзага келган. Икки шаҳарни Шимолий Дон дарёси ажратиб туради. Шаҳарларни боғловчи уч кўприкдан иккитаси бузиб ташланган.

Северодонецкдаги асосий саноат объекти минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчи «Азот» кимё корхонаси ҳисобланади. Аммо 2014 йилда Луганск области маъмурий маркази шу ерга кўчирилганидан кейин шаҳарда маданий ҳаёт ва савдо ҳам фаол ривожланган, халқаро ташкилотлар офислари, масалан Қизил Хоч жамияти қароргоҳи пайдо бўлган.

Гайдайнинг сўзларига кўра, ҳозирда регионда электр, газ ва ичимлик суви таъминоти йўқ. «Ҳаммаёқда газ ўчган… Россия армияси зарбалари туфайли ГРС [газ тақсимоти станцияси - таҳр.] фаолияти тўхтаган… Област ҳамон электрдан узилган ҳолатда қолмоқда. Марказий сув таъминоти ҳам йўқ. Аҳоли эҳтиёжлари учун қутқарувчилар сув етказиб бермоқда», дея қайд этган област маъмурияти раҳбари.

Северодонецкдан қайтган америкалик ҳарбий шифокор Даллас Энтони Кейси BBC билан суҳбатда шаҳар тўхтовсиз равишда ўққа тутилаётганини айтган. «Артиллериядан ўт очилмаган вақт бўлмади. Кўпинча шундай бўлади: биз машинага қаергадир йўл оламиз ва қайсидир бинога снаряд келиб тушишига гувоҳ бўламиз - тўхтаймиз, бинога кирамиз ва қутқариш керак бўлган кимдир бор-йўқлигини текширамиз».

Ҳарбий шифокор Даллас Энтони Кейси. Фото: DALLAS ANTHONY CASEY

«Икки кун олдин кўнгиллилардан бири уйларни айланиб юрганида зарба остида қолди. У оёғининг бир қисмидан айрилди - унга етиб боргунимизгача, жуда кўп қон йўқотди. Биз дастлабки реанимация ҳаракатларини амалга оширишимизга тўғри келди», дея қўшимча қилади у.

Шунга қарамай, шифокорнинг сўзларига кўра, маҳаллий аҳоли вакилларининг бир қисми шаҳарда қолишга қарор қилган. «Шаҳар бўйлаб ўтаётганимизда, велосипедда кетаётган ёки шунчаки айланиб юрган одамларни учратамиз. Бу вақтда атрофда уйлар портлаётган бўлади. Улар ҳеч қаёққа кетишга шошилмайди ва ўз юмушлари билан банд бўлади», дея давом этади у.

«Кимдир россияликлар ҳокимиятни эгаллайди ва уларнинг ҳаёти яхшиланади, деб ҳисоблайди. Айрим одамларни ўзимиз билан кетишга кўндирдик, қолаётганлар эса уларнинг устидан кулишди. Яна бир тоифа одамлар борки, улар бўлаётган ҳодисалардан шок ҳолатида. Биз уларнинг уйига борамиз ва эвакуация кераклиги ҳақида сўраймиз, улар эса уйдан чиқишга қўрқишади. Улар айтишади: «Борим шу, мен қаерга бораман?» дея давом этади Кейси.

«Ҳаёт йўли»

25 май куни кундузи украиналик ҳарбий эксперт ва журналист, жанглар кетаётган ҳудудда бўлган Юрий Бутусов россиялик ҳарбийлар Северодонецк ҳамда Лисичанскни Донецк области ҳудудида, жануби-ғарбда жойлашган Бахмут шаҳри билан боғловчи «ҳаёт йўли»ни тўсиб қўйгани ҳақида хабар берди.

Северодонецкка олиб борувчи йўл уни назоратга олишга ҳаракат қилаётган Россия армияси томонидан муттасил равишда ўққа тутилмоқда
SOPA IMAGES

«Россиялик ҳарбийлар кеча (24 май куни) Нагорное ва Белогоровка қишлоқлари ҳудудида Бахмут - Лисичанск трассасига чиқишди. Трасса тўсилган.... Агар душман бу ерда мустаҳкам ўрнашиб олса, бу Северодонецк ва Лисичанскдаги қўшинларимиз қуршовда қолишини англатади», дея ёзди Бутусов ва бу вазият Киев учун «иккинчи Мариупол»га айланмаслиги кераклигини қўшимча қилди.

Бутусов Бахмутдан Северодонецк орқали Россия чегарасигача борувчи Т1302 автомагистралини назарда тутган. Попасная эгаллангач, россиялик ҳарбийлар ушбу магистрални назоратга олиш учун, унинг атрофидаги ҳудудларда фаоллашган.

Аммо чоршанба куни кечқурун Гайдай трасс тўсиб қўйилгани ҳақидаги хабарни рад этди. У 25 май куни бу йўл орқали инсонпарварлик ёрдамларини етказиб бериш давом эттирилганини айтган. «Лисичанск - Бахмут трассаси ўққа тутилмоқда. Кеча душманнинг қўпорувчи-разведка гуруҳи йўлга чиқди, отишма бўлиб ўтди, босқинчилар ҳатто ўз блок-постларини ўрнатишди, аммо... Бугун йўл очиқ, гуманитар юклар олиб ўтилмоқда», деди у.

Австриялик ҳарбий таҳлилчи, ҳар куни фронтдаги вазиятни шарҳлаб борувчи Том Купер ҳам украин ҳарбийлари бу йўналишда қуршовга тушганига шубҳа билдирган. Шу билан бирга, «ҳаёт йўли» доимий равишда ўққа тутилаётганини қайд этган.

«Нарироқда, шимоли-ғарбда бошқа йўл ҳам бор ва у орқали украинлар ўз ҳарбийларига таъминот етказиб бериши мумкин», дея ёзган Купер 25 май кунги ҳисоботида.

У айтган трасса Лисичанск ва Северодонецкдан 20 км масофада жойлашган Северск шаҳри орқали ўтади. Май ойи бошида Северск яқинида россиялик ҳарбийлар Шимолий Дондан кечиб ўтишга ҳаракат қилган ва ҳатто бир неча понтон кўприклар ўрнатишганди. Агар бу уриниш муваффақиятли чиққанида шимол билан «ҳаёт йўли» узилиб қолган ва украин қўшини қуршовга тушиш хавфи юзага келган бўларди. Аммо Украина қуролли кучлари артиллерияси РФ армиясининг кечув мосламаларини яксон этди ва кўплаб техника ҳамда ҳарбийларини йўқ қилди.

Аммо РФ армияси бу йўналишда фаоллашишга уринишларини давом эттирмоқда.

Северодонецк ҳимояси узоқ давом этадими?

Нисбатан ёш шаҳар бўлган Северодонецкда асосан советларнинг тўққиз қаватли панелли бинолар қурилган ҳамда кенг проспектлари билан ажралиб туради. У текисликда жойлашган ҳамда кичик дарёлардан бошқа жиддий табиий тўсиқларга эга эмас. Унинг майдони Россия армияси 80 кунга яқин давомида эгаллаган Мариуполникидан уч баробар кичик.

Лисичанск ва Северодонецк ўртасидаги вайрон қилинган кўприк. Фото: ARIS MESSINIS

Украиналик экспертлар ҳисобларига кўра, Северодонецк атрофида ҳозирда россияликларнинг 25 га яқин батальон-тактик гуруҳлари ҳаракатланмоқда, бу 13 минг атрофида ҳарбий демакдир. Россия фронтнинг бу участкасида техника бўйича жиддий устунликка эга - президент Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, бу нисбат 1 га 20 ни ташкил этади.

Украина гуруҳи қуршовга тушиши хавфи юзага келган шароитда ҳаракатланиш учун вариантлар кўп эмас. Қўмондонлик фронт чизиғини ушлаб туриш учун бу ерга захирадан катта куч ташлаши ёки «Северодонецк тўсиғи»ни тарк этиб, Бахмутга кўчиш ва шу ерда янги мудофаа линияси ташкил этиши мумкин. Шу кунларда украин ҳарбийлари худди шу тарзда қайта гуруҳланди ва Бахмутдан 20 километр масофада жойлашган Светлодарскни тарк этишди. Бу ерда ҳам қўшин ўраб олиниши хавфи юзага келганди - РФ армияси шаҳарнинг жанубий ва шимолий бўсағаларини назорат қилаётганди.

Украина қуролли кучлари махсус топшириқли кучлари раҳбарининг собиқ биринчи ўринбосари, генерал Сергей Кривонос рақиб ҳарбий-техник устунликка эга бўлган вазиятда маълум ҳудудни ушлаб туришни мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблайди. Унинг сўзларига кўра, Украина Ғарб қуроллари етиб келиши ва ҳарбий хизматчилар ҳамда мобилизация қилинган захирадаги бўлинмалар тайёргарликдан ўтишини кутиши керак.

«Маълум нуқталарда тактик ён бериб, биз стратегик жиҳатдан ғалаба қилишимиз мумкин. Менимча, ҳозир асосийси шарқдаги украин ҳарбийларини асрашдир, чунки бу иштиёқли одамлар катта ҳарбий тажрибага эга. Бу одамларни эҳтиёт қилиш керак, келгусида уларни Ғарб ёрдами ва ички имкониятлар ҳисобига техник жиҳатдан кучайтириш ва Украина армияси имкониятлари ошириш мумкин бўлади», деган Кривонос BBC Украина хизматига берган интервьюсида.

Украина қуролли кучлари Бош штаби бошлиғининг собиқ ўринбосари генерал Игор Романенко бу борада Кривоноснинг фикрларига қўшилади. «Агар қуршовга тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлса, ҳарбий нуқтайи назардан қўшинларни олиб кетиш мақсадга мувофиқ бўлади», дейди у. Романенко бу Украина учун фожиа ҳисобланмаслигини айтган. «Агар биз Қуролли кучларни йўқотсак, бу фожиа бўлади. Агар Қуролли кучларга эга бўлсак, келгусида бу ҳудудларни қайтариб олишимиз мумкин бўлади. Акс ҳолда, униси ҳам, буниси ҳам бўлмайди», дейди эксперт.

Шу билан бирга, Украина мудофаа вазирлиги ҳозирда Украина қуролли кучларининг Луганск области ҳудудларидан чекиниши ҳақида гапиришнинг мавриди эмаслигини айтмоқда. Идора расмийси Александр Мотузяник Украина армияси фронтнинг алоҳида участкаларида «манёврлар билан ҳимояланаётгани», позицияларни ўзгартираётгани, зарур бўлган ҳолатларда ортга чекинаётгани, имкони бўлганида қарши ҳужумларга чиқаётгани ҳақида айтган.

Шу билан бирга, у ҳозирда Украина шарқи ва жанубида Россия юриши энг фаол фазага ўтганини тан олган.

Мавзуга оид