Ўзбекистон | 17:54 / 27.05.2022
13762
3 дақиқада ўқилади

Дилмурод Парпиев ва Тоҳир Шарипов “Трастбанк”даги улушини оширди

Тадбиркорлар Дилмурод Парпиев ва Тоҳир Шарипов “Трастбанк” акцияларидаги умумий улушини 23,2 фоизга етказди. Бу икки ҳамкорлар Food City савдо мажмуаси, Procab, Alutex, Inco-Construction, Inco Invest, Furnir каби бир қатор бошқа компанияларнинг ҳам биргаликдаги таъсисчиларидир.

Фото: Трастбанк

23 май куни тадбиркорлар Дилмурод Парпиев ва Тоҳир Шарипов “Трастбанк”даги улушларини ошириб, уларнинг ҳар бири 8,3 фоиздан қўшимча банк акцияларини харид қилди. Бу ҳақда “Тошкент” республика фонд биржаси маълумотларида келтирилган.

Молия вазирлиги маълумотига кўра, биржадан ташқари тузилган битим қиймати 231,5 млрд сўмни ташкил қилган. Ҳозирда Дилмурод Парпиев 130 396 509 дона, Тоҳир Шарипов эса 130 396 507 дона акцияга эгалик қилмоқда. Уларнинг “Трастбанк” акцияларидаги умумий улуши эса 23,27 фоизга етган.

Банк ҳисоботида қайд этилишича, 2021 йилда банкнинг соф фойдаси 44,3 фоизга ошиб, 433,8 млрд сўмга етган.

Дилмурод Ботирович Парпиев Давлат солиқ қўмитасининг собиқ раиси, собиқ маҳалла вазири Ботир Парпиевнинг ўғли бўлиши мумкин. Интернетдаги қатор манбаларда Ботир Парпиевнинг Дилмурод исмли тўнғич ўғли борлиги кўрсатилган.

Gazeta.uz'нинг ёзишича, Дилмурод Парпиев ва Тоҳир Шарипов “Трастбанк”нинг йирик акциядорлари бўлиш билан бир қаторда, бошқа бир қанча лойиҳаларда ҳам катта улушга эга. Хусусан, Procab кабел ва сим маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхонанинг ҳам 52,2 фоиз улушига ушбу икки тадбиркор эгалик қилади.

Шунингдек, Procab (60,7 фоиз) ва “Трастбанк”нинг Trast Leasing компанияси (26 фоиз) пойтахтнинг Қўйлиқ бозорини кўчириш режалаштирилган Food City Tashkent савдо мажмуаси таъсисчилари сифатида ҳам қайд этилган.

Бундан ташқари, Дилмурод Парпиев ва Тоҳир Шарипов тенг улушларда (ҳар бири 50 фоиз) Inco-Construction (Inco компаниялар гуруҳи), Pro Plast Group (қурилиш пластмасса буюмлари ишлаб чиқариш), Alutex (қурилиш металл конструкциялари ва буюмлари ишлаб чиқариш), Inco Invest (нотурар жой ижараси ва бошқаруви), Furnir (қурилиш металл конструкциялари ва буюмлари ишлаб чиқариш) ва Presystem Universal (қурилиш металл конструкциялари ва буюмлари ишлаб чиқариш) корхоналарига, ҳар бири 40 фоиз улушдан Mega Trade Communication (турар жой бўлмаган биноларни ижарага олиш ва бошқариш) ва Garden View (турар жой бўлмаган биноларни ижарага олиш ва бошқариш) компанияларига эгалик қилишади. 

Мавзуга оид