Жамият | 17:51 / 29.05.2022
16695
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоятида имтиҳонсиз «права» олиб беришни ваъда қилган шахс қўлга олинди

Автомактаб масъул ходими бу иш учун 3 миллион сўм пора олган.

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида 3 млн сўм эвазига икки кишига имтиҳонларсиз, қисқа муддатда ҳайдовчлик гувоҳномасини олиб беришни ваъда қилган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

Ички ишлар вазирлиги шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Самарқанд вилояти бўйича бошқармага Каттақўрғон туманидаги ўқув мактабларидан бирида шахс фуқароларнинг ишончига кириб, ўқув машғулотлари ва имтиҳонларда қатнашмаса-да, қисқа муддат ичида ҳайдовчилик гувоҳномаси бериши ва моддий манфаат орттириб келаётгани ҳақида тезкор маълумот келиб тушган.

Ушбу маълумотнинг ҳаққонийлиги текширилганида, у икки кишига - Нарпай тумани Гулистон маҳалласида яшовчи 39 ёшли кишига ҳамда Каттақўрғон тумани Узунбўз қишлоғида яшовчи 47 ёшли фуқарога автомактабда ўқимаган бўлса-да, ўқигани ҳақидаги ҳужжатлар тайёрлаб, ҳайдовчилик гувоҳномалари олиб бериши, эвазига 3 миллион сўм талаб қилгани ҳақидаги сўзлари овоз ёзиб олиш мосламасига ёзиб олинган.

Фуқаролардан бири ариза билан мурожаат қилган ва автомактаб масъул ходимига чора кўришни сўраган. Мазкур аризага биноан, 23 май куни ИИВ шахсий хавфсизлик бош бошқармаси, Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Каттақўрғон шаҳар ИИБ томонидан ўтказилган тезкор тадбирда автомактаб масъул ходими фуқародан 3 миллион сўм пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид